Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Майк Тайсон, Холифилд, Константин Цзю... – номдор боксчилар Тошкентда йиғиляпти

Майк Тайсон, Холифилд, Константин Цзю... – номдор боксчилар Тошкентда йиғиляпти

Фото: Getty Images

Жорий йил 12-17 ноябрь кунлари Ўзбекистонда илк бор Бутунжаҳон бокс иттифоқининг (WBC) йиллик конвенцияси ўтказилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мазкур йирик профессионал бокс тадбирида WBC президенти Маурисио Сулейман, ушбу ташкилот Ижроия қўмитасининг 15 нафарга яқин аъзолари, Майк Тайсон, Холифилд, Константин Цзю, Тайсон Фьюри, Васий Ломаченко каби жаҳон чемпионлари, 200 га яқин давлатдан 300 нафарга яқин бокс ташкилотлари, промуотерлик компания вакиллари, мутасаддилари иштирок этиши кутилмоқда.  

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида мазкур тадбирга тайёргарлик ишларига бағишланган бугунги йиғилишда Ўзбекистон ўтган йиллар давомида нуфузли спорт тадбирлари, чемпионатлар, халқаро турнирлар, анжуманлар марказига айланиб бораётгани эътироф этилди.

Вазир Адҳам Икромов олиб борган йиғилишда, шунингдек мазкур йирик бокс тадбирида қатнашиш учун юртимизга келаётган спортчилар, йирик спорт мутасаддиларини кутиб олиш жараёнлари, тадбирларни юқори савияда ўтказиш, ташкил этиладиган профессионал бокс кечасини юқори савияда уюштириш борасидаги ишлар муҳокама қилинди. Ташкилотларнинг мутасаддиларига аниқ вазифалар белгиланди.  

Мазкур конвенция доирасида ўтказиладиган профессионал бокс мусобақаларида ўзбекистонлик боксчилар Баҳодир Жалолов, Абдумалик Халаков, Қудратилла Абдуқаҳҳоров, Миразизбек Мирзахалиловларнинг чет эллик рақиблари билан жанги ҳам режалаштирилган.

Маълумот учун, таниқли боксчилар – Тайсон Фьюри, Василий Ломаченко, Константин Цзю каби номдорлар 12 ноябрда Тошкентга етиб келади. Майк Тайсон эса 16 ноябрь куни пойтахт аэропортида кутиб олинади.

Эслатиб ўтамиз, 1963 йилда асос солинган Бутунжаҳон бокс иттифоқи профессионал бокснинг энг нуфузли йўналиши ҳисобланиб, унинг бош қароргоҳи Мексиканинг Мехико шаҳрида жойлашган. Ўтган йили ташкилотнинг юбилей – 60-йиллик конвенцияси Мексикада ўтказилган ва айнан ўша тадбирда 61-конвенция мезбонлиги Ўзбекистонга ишониб топширилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг