Эндиликда медиамаҳсулотлар «маънавий экспертиза»дан ўтказилади
Эндиликда Ўзбекистонда медиамаҳсулотлар ахлоқсизликни тарғиб қилмаслиги учун «маънавий экспертиза»дан ўтказилади.
Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасановнинг маълум қилишича, бу тартиб Республика Маънавият ва маърифат маркази, АОКА, Маданият вазирлиги, Киномотография агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Миллий медиа бирлашмасининг биргаликдаги қарори билан келишилган.
«Бугун шиддатли даврда ахборотлар кўлами ва оқими кенг. Медиамакон замонавий, қизиқарли ва долзарб мавзудаги хилма-хил медиамаҳсулотлар билан тўлдирилмоқда. Лекин уларнинг барини ҳам сифат жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам миллийлигимизга мос ва хос, тарбиявий аҳамияти юқори деб бўлмайди. Шу боисдан ҳам ёшлар тарбиясига ва миллий менталитетимизга раҳна солувчи медиамаҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш ва уларнинг софлиги, миллий ахлоқимизга мослик даражасини таҳлил қилиб бориш анча муҳим», – дейилади хабарда.
Шунинг билан теле ва радиоканаллар, ижтимоий тармоқлар учун тайёрланаётган медиамаҳсулотлар, хусусан, сериал, мултфилм, кино, қўшиқ ва клипларни маънавий экспертизадан ўтказиш тартиби жорий этилмоқда. Қайд этилишича, ҳозирга қадар маънавий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқлаб бўлинган. Унга мувофиқ, маънавий экспертиза гуруҳининг асосий вазифалари белгиланган.
Жумладан, соҳа мутахассисларидан таркиб топган гуруҳ томонидан Ўзбекистон ҳамда хорижда ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон ҳудудида намойиш этилаётган медиамаҳсулотларнинг давлат сиёсати, давлат рамзлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, маънавий-ахлоқий мезонларга зид, инсоний фазилатларга таҳдид солувчи аҳлоқсизлик, беҳаёликни тарғиб қилувчи ҳолатлар мавжуд ва мавжуд эмаслиги ўрганилади.
Медиамаҳсулотларнинг ёшлар тарбияси ва миллий менталитетимизга таъсири баҳоланади.
Ёшлар тарбияси ва миллий менталитетимизга раҳна солувчи медиамаҳсулотларнинг тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилади.
Бундай медиамаҳсулотларнинг намойиш этилишини тўхтатиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга таклифлар киритиб борилади.
Марказ томонидан тайёрланган видеороликда эса ахлоқсизликни тарғиб қилувчи медиамаҳсулотлар сифатида сериаллар, клип ва турли блогерлар томонидан тайёрланган видеолар кўрсатилган.
«Маънавий экспертиза» лойиҳасининг тўлиқ ишлаши ва жамиятда кутилган натижани бериши учун эса Марказ барчани ҳамкорликка чорлаган.
«Ахлоқсизлик ва тарбиясизликлар тарғиб қилинган медиамаҳсулотларни аниқлаш, намойиш қилиш ва кенг тарғибот қилиш бўйича билдирилган ҳар бир фикр, мулоҳаза ва талиф қимматли. Зеро маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни азалий миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш барчамизнинг асосий вазифамиздир», – дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter