Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Балиқ ва ҳайкал ҳалок қилган одам ёхуд 27 та тутуриқсиз ўлим ҳодисаси

Балиқ ва ҳайкал ҳалок қилган одам ёхуд 27 та тутуриқсиз ўлим ҳодисаси

Ҳар йили ер юзида инсоният олдидаги у ёки бу хизматлари учун кўплаб одамлар турли мукофотлар билан тақдирланади. Бироқ шундай тоифа ҳам борки, антиқа «рейтинг»ларга муносиб деб топилади. Аниқроқ айтганда, ғалати тарздаги ўлимлар юз берадики, улар фожиавий тарзда Дарвин мукофоти билан сийланади.

1. Ўз уйим – ўлим тўшагим

Бельгиялик кекса муҳандис ўз уйида қўйилган ўлим тузоқларидан бирида ажал топган. У ўзининг қизи билан судлашган, бу уйга даъвогарлик ишида ютқазган ва кўчиб чиқишдан ўлгудек қўрққан эди!

2. Ўз-ўзини ҳимоями ёки...

Кимдир бахмал айиқчани қучиб ухлашни яхши кўради. Шимолий Каролинанинг Ньютон штатида яшовчи қирқ етти яшар Кен Чарльз Баргер эса севимли 38-калибрли «Смит ва Вессон» милтиғинн олиб ётарди. Бир гал ярим тунда телефон жиринглади ва у беихтиёр тарзда «ўлим машинаси»ни қулоғига тираб... тепкини босиб юборди.

3. Энг, аввало, суғурта!

Ўз уйининг томини таъмирлашга киришган Лос-анжелеслик фуқаро шундай деб ўйлар эди. У эҳтиёт камарини белига боғлаб, бошқа учини ҳовлида турган машинасининг бамперига маҳкамлади. Иттифоқо, айни шу пайтда хотини харид учун кетишга ҳозирлик кўраётганди. Автомобиль жойидан қўзғалди, эркакни томдан суғуриб туширди ва биринчи дўконгача судраб борди. Хайриятки, эркак тирик қолди, аммо...

У чекилган сигарета қолдиғини ташлаш оқибатида ҳожатхонада ўлди. Бўшаб қолган ёндиргични хотини ёнувчи суюқлик билан тўлдирганини қаердан билсин! Эҳ, тақдири азал!

4. Табиатга ошуфталик фожиаси

Калифорниялик ёш ботаник Атлантика океанининг қоялардан иборат қирғоғидаги қўриқхона бўйлаб сафарга чиқди. Сайр анчага чўзилди ва... заҳар танглик қилиб қолди. Ерни ифлос қилмаслик мақсадида денгизга яқин қоятошга бовул қилишга чоғланган ботаник йигит мувозанатини йўқотди ва икки юз метрли тик жардан қулаб тушиб, ўша заҳтиёқ ўлди.

5. Гўзаллик ортидан қувиб

2005 йили ўрта ёшли бир хоним тоққа чиқишни ихтиёр қилди. Йўлда қандайдир қушнинг гўзал патига кўзи тушди. Уни қўлига олмоқчи бўлди, бироқ кучли шамол патни тўсиқ томон тортқилаб кетди. Аёл патнинг орқасидан изма-из югурди ва оқибатда баланд қоядан тушиб кетиб, бош-мия жароҳати туфайли ҳалок бўлди.

6. Омадсиз талончилик

Филиппин. Давао шаҳридан чиққан эркак самолётда йўловчиларни тунамоқчи бўлди. У бортга ясама парашют, гранаталар ва милтиқ олиб киришни уддалаган эди. Шу тариқа йўловчиларнинг 25000 доллар пулини қўлга киритди. Кейин учувчилардан сакраш мумкин бўлган баландликда самолётни пасайтиришдарини талаб қилди. Самолётдан тарк этиши олдидан эса гранаталар ўрнига уларнинг ҳалқасини учувчилар кабинасига улоқтирди. Парашют очилмай қолди ва...

7. Ҳазилкаш ҳуқуқшунос

Торонтолик муваффақиятли юрист офис деразалари мустаҳкамлигини кўрсатиш учун югуриб келиб деразага ташланар ва идорага келган меҳмонларни қўрқитиб юборарди. Минг афсуски, унинг 24-уришиниши ҳалокатли бўлди. Дераза синиб кетди ва ҳазилкаш юрист ҳалокатли сакрашни амалга оширди.

8. Мастлик оқибати

Австриялик фуқаро анчагина спиртли ичимлик ичиб олгач, тоза ҳавога чиқмоқчи бўлди. Қандайдир сабабга кўра, ўз уйининг эшиги очилмади. Шунда кичкина дарчадан ошхонага ўтмоқчи бўлди, аммо унинг боши сув тўла раковинага тушиб қолди. Эркак қаттиқ мастлиги боис сувни ўчира олмади ва бўғзига сув тиқилиб ўлди. Ваҳоланки, ўз уйининг калитлари унинг шундоқ чўнтагида эди.

9. Ўлжа кўп, аммо...

Украиналик балиқчи қармоқда балиқ тутишни эп кўрмай, катта кучланишли электр кабелни дарёга ташлади. Балиқлар йиғилгач, уларни йиғиштириб олмоқчи бўлди, аммо токни ўчиришни унутди. Натижада омадсиз эркакка ўлжани қўлга киритиш насиб этмади.

10. Балиқнинг қасоси

Жанубий кореялик балиқчи ўз ўлжасини сотиш мақсадида балиқнинг ичак-чавоғини тозаламоқчи бўлди. Қарангки, ҳали ўлмаган балиқ кутилмаганда думини силкитди ва уни бўлаклашга мўлжалланган пичоқ балиқчининг нақ юрагига кириб кетди. У шу заҳоти жон берди.

11. Кино ҳаётга кўчса...

Хитойлик тўрт нафар ўсмир ақл бовар фильмлар кўргач, «дўзахга сайр» қилишни хоҳлаб қолди. Улар каламушни ўлдирадиган заҳар сепилган қовун ейишди ва «у ер ёқмаса» қайтишлари ҳақида ёзилган хат қолдиришди. Тўртовлондан икки нафарига, афтидан, «дўзах» ёқиб қолди, шекилли! Хайриятки, қолган иккитаси қутқарилди.

12. Мана сенга спорт!..

Ёш гимнастикачи қиз 17 ёшга тўлиши муносабати билан спортдаги муваффақиятини намойиш этмоқчи бўлди. Сакратадиган капрон тўр сифатида дивандан фойдаланди. Кейин шу даражада «маҳорат»га киришиб кетдики, олтинчи қават деразасидан пастга қулаб тушди. Туғилган кундаги ўлим!

13. Қимматга тушган қизиқувчанлик

Вьетнам. Хошимин. Ёш қиз ҳаёт билан видолашиш учун кўприкдан сакрашга келди. Бу қайғули томошани кўриш мақсадида эллик нафар одам йиғилган эди. Оқибатда қизиқувчан томошабинларни кўтара олмаган кўприк қулаб тушди. Тўққизта одам ўлди.

14. Париншонхотир!

Тажрибали сакровчи Иван Макгуайер ўзининг Шимолий Каролина узра сакрашини суратга олмоқчи бўлди. Баландлик 3000 метр эди. Ўзи билан видеокамера олган Макгуайер парашютни эсдан чиқарган эди. Натижа маълум.

15. Ўзини-ўзи... дафн!

Франциядаги дафн бюроси хўжайини Марк Буржат дўконда тобутлар сотарди. Бир куни ишда уни бир уюм тобут босиб қолди. Буржатни шу тобутлардан бирига солиб дафн қилишди.

16  Хурракдан қутуламан, деб

Гемпширда яшовчи Марк Глисон ўзининг хуррак отишига қарши ғалати иш тутди. У аёлларнинг белига қўйиладиган махсус «дока»дан фойдаланмоқчи бўлди. Шу мақсадда «дока»ни бурни ковагига тиқиб пинакка кетди. Оқибатда шунчаки уйқусида бўғилиб жон таслим қилди.

17. Ўлдирувчи... ёрдам

Бельгия ҳаво кучларининг Судандаги гуманитар ёрдами фожиа билан якун топган. Ҳарбийларнинг ҳаводан ташлаган озиқ-овқат қутилари уч нафар маҳаллий фуқаронинг бошига тушган ва улар жон таслим қилишган.

18. Антиқа жазо

Камерунлик Герни М Бонго товуқ ўғирламоқчи бўлди. Енг шимариб ишга киришганида эса қўлга тушди. Дарғазаб бўлган маҳаллий аҳоли унга ўғирлаган товуқни бошдан-оёқ ейишга мажбур қилди. Алал оқибат парранда патлари ва суяклари томоғига тиқилган бахтсиз ўғри афиксия (нафас қисилиши) туфайли вафот этди.

19. Зиқналик оқибати

Беғам, ишёқмас автоҳаваскорлар ҳам Дарвин мукофотига муносиб деб топиладилар. Ўзининг машинасини сотишга қарор қилган бир америкалик бакда қолган бензинни чангюткич ёрдамида тортиб олмоқчи бўлди. Орадан лаҳза ўтмай, портлаш рўй берди. Автомобилдан ҳам, уйдан ҳам, гараждан ҳам асар қолмади. Турган гапки, уларнинг эгаси асфаласофилинга кетди!

20. Ҳалокатли эрмак

Автомобиль бошқарганда диққат-эътиборинг ўзингга эмас, йўлга қаратилиши керак. Америкалик ёш йигитчанинг эса машина ҳаракатланганда бурнини кавлайдиган одати бор эди. Бир куни автомобиль жойидан енгил қўзғалди ва у эса куч билан қон томирларига заҳмат етказиб қўйди. Қон кетиши рўй берди.

Машина эсон-омон тўхтаганда патруль хизмати ходимлари ҳайдовчининг ўлганига гувоҳ бўлдилар. У қип-қизил қонга беланган эди.

21. Гаров ўйнаб...

Москвалик 28 ёшли Сергей Туганов АҚШга кўчиб ўтди. Бир куни у рус хонимлари билан танишиб, 12 соат давомида ишқий ўйин билан машғул бўлишини айтиб, гаров ўйнади. Кейин эса 5000 долларни деб уялиб қолмаслик учун махсус кучли доридан икки ўрамини ичиб юборди.

«Ўйин» бир неча дақиқа давом этди, холос. Ёшгина йигитча юрак хуружи туфайли дунёдан кўз юмди.

22. Ажал кулгиси

Ҳаддан зиёд кулиш яхши эмас. Кингз Линда яшовчи 50 ёшли Алекс Митчелл ВВС каналининг севимли шоусини кўраётиб, ҳазиллардан шунчалик кўп кулдики, юраги дош беролмади. У шундоқ телевизор қаршисида ўлиб қолди. Кулги ва кўз ёшлар!

23. Музейдаги қочиш

Боннда истиқомат қилувчи Питер Грубер санъат музейида ўғрилик қилмоқчи бўлди. Аммо музей қўриқчиларини кўрганида шунчалик қўрқиб кетдики, қоча бошлади. У бурчакка кескин бурилганида тасодифан ҳайкалнинг бир метрли қиличига санчилиб қолди. Тақдир ҳазилини қарангки, ушбу экспонат «Адолат қуроли» деб номланар экан.

24. Яна йўлда...

Франциялик ёш ҳайдовчи аёл автомобиль тезлигини ошириб, дарахтга бориб урилди. Фожиадан бир дақиқа олдин унинг севимли ўйинчоғи эътиборини тортиб, чирқиллаган эди. Аёл уни қутқариб, ўз ҳаётини бой берди.

25. Омадсиз назоратчи

2001 йили Калифорния ҳайвонот боғи назоратчиси Стив Коннер филга 22 даражали кучсизлантурувчи дори берди. Маълум вақтдан сўнг натижани билиш учун улкан ҳайвоннинг орқасидан яқинлашди. Оқибатда филнинг салкам бир центнерлик гўнги тагида қолиб ҳалок бўлди.

26. Таваллуд кунида

Мулойим қария Дебби Милла ўзининг 100 ёшли таваллуд куни билан нишонланадиган оқшомга отланди. У масус тортни олиб кетаётганида ногиронлик аравачасини машина уриб юборди. Кампир 99 йилу 364 кун умр кечирди. Аттанг!

27. Сўнгги ҳазил

Ёш хоним Меган Фрай нишонга отиш ҳарбий машғулоти пайтида полициячиларга ҳазил қилмоқчи бўлди. Аёл бирдан уларга қичқирди ва шу заҳоти полициячиларнинг 14 та стволидан отиб ўлдирилди

Афсуски, юқоридаги ҳодисалар бемаъни ўлимларнинг тўлиқ рўйхати эмас. Худди туғилиш каби ўлим ҳам табиий жараён. Уни тезлаштиришга не ҳожат! Дарвин «зинаси» бўйлаб чиқмасликка ҳаракат қилинг ўзингизга ва атрофдагиларга эътиборли бўлинг!

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг