Тафаккур қатларида дилбар олам очган ижодкор
«Олтин мерос пресс» нашриётида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Шаҳрисабз туманлараро бўлими раиси, Турон Фанлар академияси академиги, салкам 70 ёшни қаршилаётган Самад Воҳиднинг «Нурпош тонглар» китоби нашрдан чиқди.
Ниҳоятда камтар, қалби мудом уйғоқ, самимий ва сермаҳсул ижодкор 1978 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетини тамомлаб, то 2016 йилга қадар Шаҳрисабз шаҳридаги маориф соҳасида самарали фаолият юритди, ўқитувчи, илмий бўлим мудири ва директор бўлиб кўп хайрли ишларга бош бўлди.
Узоқ йиллар давомида таълим даргоҳида ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқлар бериши унинг адабиёт бўйича билимларини амалиётда янада мустаҳкамлаб, бойитди. Бу йиллар мобайнида 4 та илмий-услубий китоблари чоп этилиб, янги технологик ва амалий иш тажрибаси вилоят миқёсида оммалаштирилган. 1992 йилда «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ҳозиргача Самад Воҳиднинг «Қалбим марваридлари» (2013), «Алифбе армуғони»(2016), «Сабоқлар сарчашмаси» (2017), «Тоқкуйлар» (2018),»Маҳаллам – мўътабар машъалам» (2020)китоблари чоп этилган эди. Ушбу китобни қаламкашнинг аввалги барча ижодининг ўзига хос яхлит жамланмаси деса бўлади.
«Ўзим ҳақимда» деб бошланган бобда муаллифнинг туғилган чоғидан бошлаб ҳозиргача бўлган даври кўнгил сарҳисобидан ўтказилади.
У китобларга чексиз меҳр қўйган донишманд инсон. У ҳаётдаги барча яхшиликлар учун, тафаккурига озуқа бергани учун китобларга чексиз миннатдорлик билдиради, «нажот – илмда» деб билади: «Турли одамларнинг хоббиси турлича бўлганидек, менинг бир хоббийим бадиий китоблар ўқиш ва тўплаш бўлган. Умрим давомида ўқиб, сотиб олиб тўплаган китобларимнинг сони ҳозир БЕШ МИНГДАН ошган. Ҳамон йилдан йилга китобларим сони ортиб бормоқда. Ҳа, ижодхонамда шахсий кутубхонам бор ва мен бу кутубхонам билан фахрланиб, ўзимни миллиардер бойлардек ҳис қиламан!
…менинг онгимни ўзгартирган, фазилатларимни кўпайтирган бу бадиий китобларимнинг баъзилари сарғайиб, эскириб қолган бўлса ҳам уларни кўзларимга тўтиё қиламан! Онги ўзгарган одамнинг эса олами ҳам ўзгарар экан. Демак, онгни ўзгартириш орқали оламни ўзгартириш мумкин ва бу жуда-жуда зарур!»
«Оқсарой оҳанглари». Муаллифнинг шеърларида сўз ва фикрнинг нозик уйғунлиги таъминланибгина қолмай, балки ҳар сатрида кучли маъно юки сингдирилган. Айниқса, Навоий даҳосига чексиз ҳурмат ва эҳтиром кўрсатади:
Олти аср ўтмоқда, ул ҳазратни ўқиймиз,
Ижоди гулшанидан ҳалвои ҳикмат еймиз.
Тилимиз заргарига бош эгиб таҳсин деймиз,
Устоз бўлмоқ истаган Навоийни ўқисин,
Мумтоз бўлмоқ истаган Навоийни ўқисин.
Самад Воҳид шеърияти ҳам нозик жилоли, тафаккур қатларида янги дилбар оламлар очади. «Оқсарой оҳанглари» умумий сарлавҳаси остида берилган туркум шеърлар бахтнинг чизгилари, муҳаббат ранглари рассом мўйқалами каби қоғозга кўчади.
Шоир кўнгли қачон рози бўлади? У қай томон интилади? Яшамоқдан маъно недир, деган абадий саволларга юксак адабий мезонлар тарафида туриб жавоб излайди у. Ижодкорнинг яшамоқдан мақсади буюк ва рост сўз айтиш, инсониятни ҳар нафасини сўз ҳикмати билан тўйинтиришга интилиш, шу орқали ўз номини тарихга муҳрлашдир, дея эътироф этади.
«Ҳаёт гулханининг ибратли учқунлари» боби Ибратли фикрлар, Бирликлар, Иккиликлар, Учликлар, Тўртликлар ва Туюқлардан иборат. Юзлаб ўткир фикрлардан иборат бу мўъжаз сатрларда улкан нақллар мужассам:
«Ўзини тергаб турган одам бошқаларнинг тергашига эҳтиёж сезмайди».
«Мард кишиларгина ғайратли ва ҳимматли бўла оладилар. Ундайларнинг ишида унум ҳам мўл бўлади».
«Бефойда ишга уринаётганлар ёруғликка интилиб ўзини дераза ойнасига ураётган парвонага ўхшайдилар».
«Ақл билан иш кўрувчи инсонгина бошқаларга тўғаноқ эмас – суянчиқ, рақиб эмас – муаллим, бефарқ эмас – ҳамдард. Унинг асосий фазилати – фарқланиш».
Самад Воҳидов бу мушоҳадали сўзлари билан инсон фитратидаги оқиллик булоғининг, ботинингиздаги мушоҳада томирларининг кўзини ёришга, кўнгилга хизмат нурларини ёғдиришга хизмат қилади. Шу маънода умрнинг бебақо ва бебаҳолиги, қалбдаги асл моҳиятни инкишоф этмоқ асосий миссия эканини, яхши кишиларни эъзозлаб, қадрлаш ва сўзига қулоқ солиш, дунёдан ҳикмат излаб яшаш ва амал қилиш бу ижодкорнинг ҳаёти концепциясидан иборат дейиш мумкин.
«Алифбе армуғони» қисмида барча ҳарфларимизга аллитерация ва ассонанс услубида шеърий сатрлар битиб, миллий поэзиямизда янги изланишларни амалга оширган. Ўқувчиларни енгил-елпи мисралар билан эмас, балки мағзи тўқ фикрлар орқали кенг мушоҳада қилишга ундайди.
Муаллиф бу армуғон орқали бошланғич синф болаларига сабоқ бермайди, аксинча ҳар бир кишига ойна тутади. Масалан «К» ҳарфи учун китоб асосий мезон этиб олинади ва унинг аҳамияти қанчалар салоҳият ва маҳорат билан очилади:
«Китоб кўнгил кўзларини кучайтирувчи, кўкларга кўтарувчи катта кучдир. Китоб кўрганларнинг кўпи комил, камтар, курашчан, куюнчак кайвонию кўнгли кавсар кишилардир. Камолотнинг кенг кўламли коинотларини кўрсатадиган кўзгу – китоблардир.Китоб – кеккайган, кибрли калондимоғларни камтарликка кўниктиради, кўндиради, кўнгил кўзи кўрлар кўзига киройи кўникмаларнинг кенг кўчаларини кўрсатади».
«Тоқкуйлар» деб ном олган унинг шеърлар туркуми, умуман муаллифнинг жуда катта куч ва шаҳд кўрсатиб, бу борада эришган ютуқларини албатта синчи назариётчи адабиётшунос олимларимиз томонидан алоҳида ўрганишга ва муносиб баҳолашга лойиқ ҳодисадир. Муаллиф бу ҳақда ўз дили тубидаги фикрларни билдиради:
«Шунинг учун ҳам, аввало, бизга энг азиз инсон – онамиз ўргатган тил, ҳар қандай тилдан-да суюкли, ардоқлидир. У бебаҳо зотнинг кўкрак сутию қони билан жисмимизга жо айланган тилдан-да улуғроқ ва забаржад тил бу дунёда йўқ. Мен тилимизни азиз ва меҳрибон Она тимсолида аниқ кўра оламан. Аммо бизга онажонимиз ўргатган бу тилнинг бойлигию улуғлигини туркий тилимиз уммонидан топиб-топиб, худди беназир сўз синчиси Алишер Навоий ва Маҳмуд Кошғарийдек боболаримиз каби амалда бадиий ҳамда илмий асарларимиз билан исботлаб бермоқ – ҳар бир авлоднинг улуғ миссиясидир. Ҳа, халқимиз тарихига томирдош бўлган, туркий тиллар оиласида хазинаси, жозибаси, рангу ҳарорати, қўйингки, шарафи баланд она тилимизга бўлган чексиз муҳаббатимиз туфайли уни асраб, бойитиб оламга кўз-кўз қилмоқ қутлуғ вазифамиздир».
Тўпламда «С» ҳарфи билан бошланувчи сўзлар воситасида «Соф севги сурури» номли алоҳида роман-бадиадан катта парча келтирилади. Буюк Аллоҳ таолога адоқсиз ҳамд, инсонийлик шарафи, руҳий қувватнинг бебаҳо кучи жуда катта иқтидор ила «С»лик сўзлар билан куйланади, десам муболаға эмас. Бир ҳарф билан бошланувчи сўзлардан тизилган маънавий арғумоқни мусаффо нияти билан бойитиб, қадимий ва гўзал она тилимизнинг нақадар жарангдорлигини, жаҳон забонлари ичида беқиёс бир уммонга тенглигини, сўз заҳираси нақадар бойлигини, бир ҳарф билан бошланувчи сўзлар воситасида ҳатто бутун бошли роман ёзиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Китобнинг «Маҳаллам – мўътабар машъалам» қисмида муаллиф ўз маҳалласи ва маҳалладошлари ҳақида ёднома, эссе ва ҳикоялар ёзади. Маҳалласи ҳудудидаги саккизта қадимий қишлоқнинг этимологияси ҳақида қимматли маълумотлар беради. Бир қарашда барча қишлоқдошлар учун ҳам бегона бўлмаган, лекин ўзгалар диққатини тортмаган ҳаёт ҳақиқатларини тарихий-илмий мисоллар билан чиройли талқин этади. Асрлар оша безавол сақланиб келаётган маҳаллани ҳар бир инсон дилига яқин ўзига хос ижтимоий тузилма, эзгуликлар ошёни эканлиги ҳақидаги ўрнини кўрсатиб беради.
Бир сўз билан айтганда, ушбу сайланмани комил инсон бўлишга, вужуд ва руҳ уйғунлигига интилган, сохтакорликдан йироқ, салоҳиятли, маърифатли ижодкорнинг ўзига хос туҳфаси дейиш мумкин.
Лазиз Раҳматов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter