Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Форум иштирокчиларига табрик йўллади

Шавкат Мирзиёев Форум иштирокчиларига табрик йўллади

 

«Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро форуми иштирокчиларига


Азиз дўстлар!

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Аввало, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, халқимизнинг маънавий-моддий меросини оммалаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга муносиб ҳисса қўшиб келаётганингиз учун самимий миннатдорлик билдираман.

Дунё олимларининг тинимсиз ва машаққатли меҳнати туфайли инсон тафаккури ва мозий хазиналари қайта жонланиб, замонавий маданиятни ўтган асрлар тажрибаси билан бойитмоқда.
Марказий Осиё минтақаси ўзига хос ягона тарихий-маданий макон сифатида жаҳон цивилизацияси ривожига улкан таъсир кўрсатгани барчамизга яхши маълум.

Хусусан, «Ислом маданиятининг олтин асри» деб эътироф этиладиган IX–XII асрларда юртимиз ҳудудида биринчи Ренессанс юз бериб, заминимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ уламолар етишиб чиқди ва бутун мусулмон оламининг фахру ифтихорига айланди. Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий сингари ўнлаб буюк алломаларимизнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарий тараққиётга беқиёс таъсир кўрсатди.

XV асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат минтақада иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Атоий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди.

Донишманд элимиз ҳар икки Ренессанс даврида жаҳоннинг энг илғор, энг мутараққий халқлари қаторида бўлгани барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Бугун Янги Ўзбекистонда илм-фан ва маданият соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ва туб ислоҳотлар орқали янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратишга бел боғлаганмиз.
Шу ўринда Хоразм воҳасининг кўҳна ва бой маданий мероси глобал аҳамиятга эгалигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Шахсан ўзим қачонки бу замин тупроғига қадам қўйсам, кўҳна тарих сирларидан огоҳ бўлгандек, кўп ҳаётий ҳикматларнинг мағзини чаққандек бўламан. 

Хоразм ҳақида сўз юритганда машҳур шоиримиз Омон Матжоннинг мустақиллигимиздан олдин ёзган бир шеъри ёдимга тушади. У киши «Нега Хоразмда тоғлар йўқ?» деган саволни қўйиб, «Хоразмнинг буюк тоғлари –Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Ферузлардир», деб жавоб беради. Бугун биз чексиз ғурур ва ифтихор билан бу рўйхатга Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Ҳофиз Хоразмий, Сулаймон Боқирғоний сингари улуғ аждодларимизнинг қутлуғ номларини ҳам қўшиб айтишга тўла ҳақлимиз.

Биз ана шундай улуғ аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг илмий, маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттирмоқдамиз.
Хабарингиз бўлса, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Ал-Хоразмий номида ёш математикларнинг халқаро олимпиадасини ташкил этиш ва уни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси билан чиқдик. 

Ўйлайманки, ушбу олимпиадани айнан алгоритм ватани бўлмиш Хоразмда, Хоразм Маъмун академиясида ўтказиш ҳар жиҳатдан тўғри бўлади. 

Хоразм қадим-қадимдан ўзига хос жозибадор санъати билан ҳам машҳур. Бугун хорижий давлатлар вакиллари лазги миллий рақсини ўрганишга қизиқиш билдирмоқда. Шундан келиб чиқиб вилоятда лазги академиясини ташкил этиш мўлжалланган. Қолаверса, санъатимизни тараннум этиш, хорижликларни юртимизга жалб қилиш мақсадида Хоразмда лазги бўйича халқаро фестиваль ўтказяпмиз.

Кези келганда Жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатидан «Шашмақом» ва «Бойсун туманининг маданий макони» (2008), «Катта ашула» (2009), «Аския» (2014), «Палов маданияти ва урф-одатлари» ҳамда «Наврўз» (2016) жой олганини эслаб ўтган ҳолда, шу кунларда эса бахшичилик санъати ҳамда этник спорт турларининг ҳам умумбашарий миқёсда эътироф этилишига эришиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини таъкидлашни истардим.

Ҳурматли меҳмонлар!

Бугунги Халқаро форум иштирокчилари орасида Ўзбекистоннинг маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамиятининг кўзга кўринган тадқиқотчи-аъзолари борлиги, айниқса, менга улкан мамнуният бағишлайди. Барчангизни шу кунларда ўзининг беш йиллигини нишонлаётган лойиҳа бирлаштириб турибди.

Ўтган давр мобайнида сиз юртимиз мероси, ўрта аср алломаларининг бир қанча буюк ишлари факсимиллари ҳақида 50 та китоб-альбом чоп этиб, «Ўзбекистоннинг меъморий эпиграфикаси» деган ноёб лойиҳани давом эттирдингиз. Буни мамлакатимиздаги гуманитар фанлар учун қўшилган муҳим ва салмоқли ҳисса деб биламиз.

Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳасида, Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашгани – Яратганнинг инояти, улкан имконият ҳисобланади. Минг йиллар мобайнида турли миллат ва элат вакиллари, тил ва эътиқод эгалари бирга яшаган, дўст-биродар тутинган, қуда-анда бўлган, олди-сотди муносабатларини йўлга қўйган. Шулар орқали минтақа ранг-баранг маданиятлар ўчоғига айланган.

Ватанимиз қадим замонлардан муҳим савдо ва миграция йўлларининг туташув нуқтаси бўлган. Бу ерда маданиятлар ва динлар ўзаро уйғунлашиб, кўпгина миллат ва элатлар учун ўзига хос, такрорланмас яшаш муҳитини шакллантирган. Юксак ривожланган шаҳар ва кўчманчи цивилизацияларнинг бир-бирига ўзаро таъсири маданиятимизга дунёнинг бошқа ҳудудларидан ажратиб турувчи бетакрорлик бахш этган.

Қадрли дўстлар!

Марказий Осиё минтақасини ўрганиш жаҳон тараққиётининг кўплаб қирраларини англашнинг асосий омилига айланиб бормоқда.

Жумладан, «Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданият форуми доирасида Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Маданий мерос масалалари бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси кенгашининг йиғилиши, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) маданият вазирларининг навбатдаги мажлиси, Нукус шаҳрида «Архелогия ва туризм: салоҳиятни белгилаш ва меросни бошқариш» халқаро археология анжумани ҳамда II Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг V халқаро конгресси ўтказилмоқда.
Мазкур нуфузли форум, унда тақдим қилинган янги кашфиётлар, тақдимотлар, маърузалар, шубҳасиз, Ўзбекистон тарихи ва маданиятининг ўзига хослигини намойиш этади, мамлакатимиз ва бутун Марказий Осиё минтақасининг жаҳон тарихидаги ўрни ва аҳамиятини очиб беради. Ана шу чинакам бебаҳо билимни келажак авлодларга безавол етказиш бизнинг бош мақсадимиз ва муқаддас бурчимиздир.

Яқинда, хабарингиз бор, қутлуғ сана – Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини кенг нишонладик. Истиқлол йилларида ўзликни англаш, тарихий хотирани тиклаш йўналишида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Айниқса, кейинги беш йилда илмий ишланмалар ва ғоялар, ташаббуслар алмашинуви учун янги фестиваллар ҳамда платформалар яратишга алоҳида эътибор қаратдик.

Маданий меросни оммалаштиришга қаратилган бир неча форумлар, жумладан, Термизда Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжумани, Қўқонда Халқаро ҳунармандчилик фестивалини мунтазам ўтказиб бориш йўлга қўйилди. Ислом таълимоти ғояларини ёйиш ва буюк илоҳиётчилар асарларини ўрганиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази очилди ва Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилмоқда.
Биз буюк аждодларимиз номларини абадийлаштириш, уларнинг бой маънавий бойлигини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш, қўҳна заминимиз маданий қадриятларини тиклаш ҳамда ривожлантириш орқали ренессанслар анъанасини давом эттиришни ният қилганмиз.

Юртимиз ҳудудида шу пайтгача иккита буюк Ренессанс рўй берганини ушбу форумда иштирок этаётган барча жуда яхши билади. Шу буюк тарихий воқеаларга муносиб равишда Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни барпо этишга киришдик.

Тўғри, пандемия баъзи режаларимизга ўзгартиришлар киритаётгани ҳам рост, аммо биз келажакда танланган йўлимиздан асло тўхтамаймиз. Шу бўйича белгилаб олган мақсадларимизга қатъий риоя қилишда давом этамиз.

Айниқса, мамлакатимиз маданий меросини ўрганиш ва асраб-авайлашда олимларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрмиз.

Ўйлайманки, форум иши доирасида ташкил этилаётган тадбирларда цивилизациялар тарихи, бахшичилик, археология бўйича қимматли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
Форумнинг асосий тадбирларидан бири бўлган – Туркий тилли давлатлар маслаҳат учрашувига ҳам муваффақият тилайман.

Муҳтарам дўстлар!

Ўзбекистоннинг келажагини белгилаб берадиган маданият ва маърифат соҳасида кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш давлат сиёсатининг асосий йўналиши бўлиб қолади.
Зеро, бизни тинчлик ва яратувчанликка, халқлар фаровонлигига етакловчи ҳам айнан илм-маърифатдир. Бу мақсадларга саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирибгина эриша оламиз.
Бутун инсоният мулки ҳисобланган Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштиришга қўшган бебаҳо ҳиссангиз учун Сизга яна бир бор ўз миннатдорлигимни билдираман.
Ушбу нуфузли форумни ўз шафелигида ўтказаётгани учун ЮНЕСКО ташкилоти раҳбариятига ҳам ташаккур айтамиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг