Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бобур Наби

Фиқрачилар фирқасиданман!

Кристофер Форт: «Чўлпонни ҳозир ҳам тушунишмайди»

Кристофер Форт: «Чўлпонни ҳозир ҳам тушунишмайди»

Кристофер Форт (суратда чапда) оиласи билан Самарқандда

Фото: Кристофер Форт

XX аср ўзбек адабиёти нафақат Ўзбекистон, балки дунё тарихида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Энг аввало, жадидчиликнинг пайдо бўлиши янги бурилиш ясаган ва адабиётимизга бир қатор янги йўналишлар кириб келган. Жумладан, романнавислик, пьесачиликни шулар қаторига қўшиш мумкин. Шунингдек, ўзбек шеъриятида ҳам яхшигина инқилоб юз берган дейиш мумкин. Чўлпон янгича шеъриятга асос солган.

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ҳақида деярли ҳамма билади. У ҳақда маълумотга эга бўлмаган ўзбек йўқ ҳисоби, шунингдек, америкалик ҳам. Америкалик адабиёт мухлиси, мустақил тадқиқотчи Кристофер Форт ҳозирги замонавий ўзбек адабиёти эмас, айнан ўтган аср адабиётига мурожаат қилишни танлади ва Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романини инглиз тилига таржима қилди. Ушбу асар яқин кунларда Америкада китоб ҳолида чоп этилади.

Биз нега айнан сўзлашув тили бироз қийин бўлган ўтган аср адабиётини танлагани билан қизиқиб, Форт билан суҳбатга ошиқдик. Интернет ривожланган замонда бу муаммо туғдирмади. Маълумот учун айтиб ўтиш керакки, Кристофер ўзбек тилини айрим ўзбеклардан-да яхши билиши билан ҳурматга сазовор.

— Ўзбек тилини ўрганишга нима ёки ким туртки бўлган? Қийинчиликлар ҳақида.

— Ўзбек тилини ўрганишга қарорим тақдирнинг буюргани экан. Бакалавр олган университетимда тўртинчи йил ўқишим пайтида русчадан бошқа тил ўрганиш ниятим пайдо бўлди. Рус тилига ўхшагани учун серб тилини хоҳладим, лекин бизларда у ўргатилмади. Шунинг учун илмий раҳбарим ўзбек тилини ўрганишни маслаҳатлашди. Ўзбекистон совет иттифоқининг бир қисми бўлганидан бошқа нарса билмаганим учун ўзбек тили русчага ўхшаса керак, деб ўйлагандим. Хато қилиб қўйганимга қарамай, ўзбекчани севиб қолдим. Ўзбек тили ва маданиятининг файзи шунда бўлганки, бир вақтда ҳам таниш, ҳам нотаниш. Таниш жиҳатлари менга бу тилни ўргана оламан деб илҳомлантиради ва нотаниш жиҳатлари қизиқишимни ҳар доим кўпайтиради.

Ўзбек тилининг энг қийин жиҳати инглиз ё русзабонлар учун сўзлар тартиби. Инглиз ё рус тилларида бўйсунувчи фразалар кўрсатилган сўздан кейин қўйилади, аммо ўзбекчада улар аввал қўйилади. Демак, ўзбекчада гапириш учун бошқа тартибда ўйлаш керак.

— Нега айнан Чўлпон асарини танлагансиз? Тилини таржима қилишда қийналмаганмисиз? Ким ёрдам берган?

— Мен 2015 йили ёз пайтидан бери «Кеча ва кундуз» таржимаси устида ишлаяпман. Чўлпоннинг романини танладим, чунки у насрда назм, киноя, ташбиҳларни янги ва қизиқарли бирикмаларда амалга оширади. Бу тилга эътибори, менимча, унинг романини Абдулла Қодирийникидан юқори жойга қўяди.

Тилни таржима қилишда унча қийналмагандим, балки адабий ва маданий контекстни билмаган инглиззабонга тушунтириш билан қийналдим. Менимча, ҳаттоки ҳозирги вақтда Чўлпонни ўқиган ўзбеклар «Кеча ва кундуз»ни ўқиб, адабий ўйинларини тушуна олмайдилар, чунки улар Чўлпоннинг замонига хос. Роман жадидлар илгари ёзган жанрларга жавоб деб ўзини тақдим этади. Масалан, Мирёқуб ва Марям поездда ўзларини кашф этиш сафари инқилобдан олдинги йилларда жадидлар ёзган сафарномалар устидан пародиядир. Пародия Чўлпон қўшган диалогизмда. Шарафиддин Хўжаев деган жадид Беҳбудий ё бошқа жадидлардек ўрта осиёликларнинг жаҳолатини қоралайди, аммо бу фикрлар билан Мирёқуб ва Марямнинг изоҳларини ўқиймиз ва Хўжаевнинг гапларига қайта қарай бошлаймиз. Шунинг учун, таржимамда ҳам, иқтибосларда ҳам шу адабий контекстни китобхонларга тушунтираман.

— Келажакда яна қайси ўзбек адабиёти намунасидан таржима қилиш ниятингиз бор?

— Келажакда Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўтмишдан эртаклар»и ва Исажон Султоннинг «Боқий дарбадар»ини таржима қилиш ниятим бор, аммо Чўлпон устида кўп ишларим қолди. Муҳаррирдан охирги тўғрилашларни кутяпман ва романдан битта қисмини таржима журналида эълон қилмоқчимиз.

— Ўзбекистонга кўп бор келгансиз? Ўзбекларнинг қайси одатларини қадрлайсиз?

— Бир неча бор келганман. Худо хоҳласа, яна август ойида келарман. Ўзбекистонда мен ҳамма бир-бирини танишини қадрлайман. Ўзбекистоннинг адабий жамияти кичкина эмас, аммо одамлар бир-бирига қаттиқ боғланган ва ким биландир танишиш ё гаплашишни хоҳласам, ўзим таниган дўстларим орқали бу кишини топиш қийин эмас. Америка ё умуман қолган дунёда жамиятда, фақат адабий бўлсаям, ҳеч қачон шунча қаттиқ алоқалар йўқ. Масалан, университетимиз профессорларидан бири Виктор Пелевин тўғрисида монография ёзмоқда, лекин у Пелевин билан боғланишга қодир эмас. Ўзбекистонда шунақа муаммо умуман йўқ.

«Бобур ва дунё» журналининг 2018 йил 3-сонидан олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг