«Охирги уч кунда қариндошу танишлардан тўрт киши вафот этди»
Блогер Шаҳноза Соатова ваҳимасиз карантиндан адекват карантин босқичига ўтиш даври келгани, чунки энди маълумотсизлик ва ишончсизлик ортидан ваҳима келиб чиқиши ҳақида ёзмоқда.
Охирги уч кунда қариндошу танишлардан тўрт киши вафот этди. Умримда бунақа кичик фурсатда кўп ўлик хабарини эшитмагандим. Уларнинг биронтасига Covid-19 ташхиси қўйилмади, ҳатто улардан тест ҳам олинмади. Лекин ўлим олдидан барчасининг бир ҳафта, ўн кун иситмаси чиқди, беҳол бўлди, ковиднинг у ёки бу симптомлари кузатилди.
Бу тизимли ҳодисалар хулосаси нима? Одамлар нега, нима сабабдан бундай кўп ўляпти? Нега бунақа тез (10-12 кун ичида) ўляпти? Ковид бўлмаса, нима бу? Нега ковид ташхиси фақат тест натижаларига қараб қўйиляпти? Ковиддан 100 та одам ўлди деган нима-ю, 1000 та ўлди деган нима?
Қўшниларга ўхшаб ковид ва номаълум пневмония статистикасини бирлаштириб, бундан кейинги стратегияни шунга қараб қурган маъқул эмасми? Ваҳимасиз карантиндан адекват карантин босқичига ўтиш даври келди, чунки энди маълумотсизлик ва ишончсизлик ортидан ваҳима келиб чиқади.
Одамлар карантинга риоя этиб, уйда ўтиришини, карантин чекловларини тўғри қабул қилишини истасак, асл аҳволни кўрсатиш, ўлимлар ковидданми ё бошқа нарсаданми, қатъи назар, аниқ ва очиқ айтиш керак.
Кайфият жуда тушиб кетди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter