Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сувдан фойдаланиш тартиби ўзгармоқда

Сувдан фойдаланиш тартиби ўзгармоқда

Фото: Xabar.uz

Олий Мажлис Сенатининг эллик еттинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Қонунда сувдан фойдаланувчилар ва истеъмолчиларга қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланишга «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари томонидан рухсатнома берилиши белгиланмоқда.

Киритилаётган қўшимчаларга мувофиқ фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа сув истеъмолчиларининг қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув олиш лимитлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари томонидан ишлаб чиқилади ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан тасдиқланади.

Қонунда фермер хўжалиги «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси билан тузилган шартномага асосан сув ресурсларидан фойдаланиши, шунингдек, фермерлараро ички суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини, улардаги иншоотларни таъмирлаш ҳамда тиклашда иштирок этиши, уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши шарт эканлиги белгиланмоқда.

Қонун билан жамоа боғлари, токзорлари, экинзорларини ва томорқа ер участкаларини сув билан таъминлаш белгиланган тартибда «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари томонидан сув етказиб бериш ва сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномага асосан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилмоқда.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга сув етказиб бериш хизматлари учун белгиланган тўловлар бекор қилинмоқда.

Мазкур Қонунда белгиланган қоидалар қуйи бўғинда сув билан таъминловчи ташкилотлар ва сув истеъмолчилари ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солган ҳолда, сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг