«Шунча бўларму ҳай-ҳай» ёхуд газеталардаги танқидга муносабат йўқ
Мақола орқали матбуотга эътибор қай аҳволда эканлиги ҳақида фикр билдирмоқчи эмасмиз. Биламиз, босма нашрларнинг кўпчилиги қийин шароитда. Аммо мана шу қийинчиликларга қарамай матбуот ўз миссиясини бажармоқда. Таниқли журналист Қулман Очил айтганидек: «Асл газетчилик шохи синса ҳам шашти сўнмайдиганларнинг иши-да».
Бугун одамлардан газетада ўқийдиган мақола йўқ деган фикрларни эшитамиз, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам бемалол босма нашрларга аямай тош отиши сир эмас. Аммо биз айтмоқчимизки, босма нашр журналистлари муаммолар ҳақида бонг ураётганини кўрмаётган бўлсангиз бу сизнинг муаммонгиз, газета ўқишга ҳафсала қилмаётган ёки обуна бўлишни истамаётган бўлсангиз бу сизнинг айбингиз. Афсуски, айни пайтда мутасадди ташкилотлар ҳам газета ўқимайдики, ўзларига тегишли бўлган муаммоларни оғзиларига чайнаб солишса-да на бир жавоб хати ёзишни эп кўришади ва на муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилади. Биз фикр билдирмоқчи бўлганимиз айнан «гунг, кар, соқов» ташкилотларга яна бир бор матбуотда кўтарилаётган масалаларга беэътибор бўлмасликка чақиришдир.
«Хитой» деворини ким ўрнатяпти?»
Норқобил ЖАЛИЛОВ,«XXI asr» газетаси бош муҳаррири:
– Танқид ёзиш энг оғир, бош оғриқ иш. Уни ҳар ким уддалай олмайди. Ёздингми, баъзан керакли пайтда тегишли жойда жавоб беришга мажбурсан. Бу табиий ҳолат. Нега десангиз, ҳали шу вақтгача бирор раҳбар, хато қилган одам танқидни тўғри қабул қилганини эслолмайман. Кимлигимиздан қатъи назар, фермермизми, вазир ё ҳокимми, мактаб директори ё дўхтирми, ўзи ҳақида озгина салбий фикр эшитса, тамом, осмон узилиб ерга тушади гўё.
Газеталарда танқид чиқмаяпти, журналистлар замондан ортда қолиб кетди, деган гапларни кўп эшитамиз. Хўш, айтинг, қайси замонда қалами ўткир, муросага келмайдиган ҳақиқатпараст журналистдан рози бўлишган? Демак, босма нашрларда танқид йўқ дейдиганларнинг ўзлари умуман газета-журнал ўқиётганига шахсан менда жиддий шубҳа бор.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси муассислигида чоп этилаётган «XXI asr» газетаси мисолида айтадиган бўлсам, ўтган 2022 йилда деярли ҳар сонимизда камида битта танқидий мақола чоп этилган. «Калаванинг учи бор, охири йўқ», «Овқатланиш жойлари: қачон тартиб ўрнатилади ёки хизмат кўрсатиш маданияти, гигиенаси, нарх-навони ким белгилайди?», «Чилладан ОМОН чиқмаган кўчатлар», «Муғомбир «мухбир»,«Қаердасан, «тўртинчи ҳокимият»?!, «Зафарободда унутилган маҳалла бор», «Кўпқаватли уйларнинг кўпқаватли муаммолари», «Президент қарори нега бажарилмаяпти?»,санайверсам, кўп улар. Лекин шунча жиддий муаммолар акс этган мақолалар босилсаю уларга муносабат бўлмаса, тегишли тартибда чоралар кўрилмаса, аксарият «қалампир сифат» чиқишларимиз қумга сингган сувдек изсиз кетса яна нима қилишимиз мумкин?
Демак, на масъулият бор, на жавобгарлик. Шунинг учун ҳам дуч келган ОАВда танқидий мақола чиққудек бўлса, аксарият ташкилотлар сукут билан жавоб беришади. Қолаверса, ўша идорада «хитой девори» вазифасини бажараётган матбуот хизмати деган бўлинмаям борки, ҳар қандай кўринишдаги танқидий чиқишларни оғир таҳқирланишдай қабул қилгувчи раҳбарига киритмасликка уринади. Ўйлаймизки, айни шу борада парламент депутатлари жиддий ишлаши ва қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритишлари лозим.
Яна ўша танқидий мавзуларга қайтадиган бўлсак, шунча чиқишларимизнинг беш-олтитасигагина чоралар кўрилди, холос.
Кейинги пайтларда бизда, тўғрироғи, масъул, ваколатли идораларда бошқа бир ғалати тенденция пайдо бўлди: у ҳам бўлса, масалан, Ўзбекистондаги ОАВда чиққан танқидий чиқишларга холисона муносабат билдириш камайди. Аксинча, хорижий ахборот воситалари, жумладан, радиолар, сайтлар, ҳатто нари борса икки-уч минг обуначиси бор саводи ҳаминқадар бўлган блогер ва баъзи телеграм каналлари админ-муаллифларининг эълон қилаётган материали, манбаси тўғрими ё туҳматми, сохта маълумотларни одамлар эътиборига сиздиряптими, барибир, бирданига ўша танқидга ёв қувиб келаётгандек шоша-пиша жавоб йўллаш одат тусига кириб бормоқда. Яқинда кўзингиз тушгандир, «Ишонч» газетаси катта бир саҳифада шапалоқдай қилиб танқидий мақолаларга умуман муносабат билдирмаган «кўр-гунг-кар» идоралар рўйхатини эълон қилди. Бу ҳам бежиз эмас.
Савол туғилади: шуми эндиҳақиқий, демократик журналистика ёки сўз эркинлиги?! Таҳлил этиш, ўрганиш ва ниҳоят хулоса чиқариш деган мезонлар қаерда қолди?
«Бефарқлик шунча бўлурми ҳай-ҳай»
Ҳусан ЭРМАТОВ,«Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари бош муҳаррири:
– «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари 2022 йилда 236 та танқидий материални кўриб чиқиб, муносабат билдириш учун тегишли ҳокимлик, вазирлик ва ташкилотларга юборди. Қатор ташкилотлар масъулиятни ҳис этган ҳолда ўз вақтида муносабат билдиришди. Лекин... Шу кунгача улардан ярмидан кўпроғи, яъни 119 тасига жавоб келмади.
«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги ҳамда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунларда оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан келиб тушган мурожаатлар тегишли тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши зарурлиги қайд этилган. Шундай экан, мурожаатларга беписандлик қилаётган давлат идоралари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар қонун олдида жавоб беришлари лозим.
Ҳатто йил бошида «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарининг мурожаатларига жавоб бермасдан уларни эътиборсиз қолдириб, тегишли қонунлар талабини бузаётган давлат идоралари ва ташкилотлар рўйхатини эълон қилдик. Балки шундан кейин уйқудаги масъуллар уйғонишиб, кўтарилган масалаларга ўз муносабатларини билдиришар, деб ўйлагандик, аммо чучварани хом санаган эканмиз, бирортасининг виждони уйғонмади. Ушбу мақолалар 2022 йилда турли вазирлик ва идораларга жўнатилган эди. Бугунги кунда уларнинг аксариятининг номи ўзгарган бўлса-да, аммо йўналиш ва вазифалари ҳамон ўша-ўша. Айтмоқчи бўлган фикримиз шуки, газета минбар, унда эълон қилинган ва атайлаб тегишли ташкилотга жўнатилган материалларнинг тақдири мавҳум бўлиб қолиши, масъулиятсизлик ва эътиборсизликдан бошқа нарса эмас.
«Ўзимизга ўзимиз гапираётганга ўхшаймиз»
Шоҳруҳ АКБАРОВ,«Ҳуррият» газетаси бўлим мудири:
– Муштарийларимиздан бири матбуотда кўтарилаётган муаммолар, танқидий чиқишларга чора кўрилмаётганига иддао қилиб «сизлар худди ўзларингизга ўзингиз гапираётганга ўхшайсиз» деб ёзган эди. Очиғи, жуда аччиқ ва жуда тўғри гапга ўхшайди бу.
Чунки ўтган йиллар давомида «Hurriyat» саҳифаларида юзга яқин турли-туман мавзуларда танқидий-таҳлилий мақолалар эълон қилинган бўлса-да, уларнинг бир нечталарига жавоблар олганмиз. Аслида, бу мақолаларда конкрет турли-туман жиноят аломатлари ёки уларга адолатли ҳуқуқий баҳо берилмаётгани ёхуд таълим, соғлиқни сақлаш, ҳокимият тизимларидаги иллатлар, кўзбўямачиликлар танқид қилинган эди. Аммо ҳеч қандай муносабат ҳам, жавоб ҳам йўқ. Ҳозир эса минг афсуски ҳатто хат билан мурожаат қилинганда жавобсиз қолдирилиши ёки номигагина юзаки жавоб берилиши одатий ҳол бўлиб қолган. Биз турли муаммоларни кўтариб чиқсагу, ҳатто баъзи масаларга ўз фикримизни билдириб ечимигача берсагу, аммо ҳеч қандай акс-садо бўлмаса ким учун ишлаяпмиз, нима учун ишлаяпмиз, деган савол туғилади?
«Муаммо бир четда қолиб…»
Ҳусан КАРВОНЛИ, «Маърифат» газетаси бош муҳаррири:
– Газетамизда кўплаб соҳалардаги жараёнлар, мавжуд шарт-шароит ва муаммолар юзасидан танқидий-таҳлилий мақолалар, таклиф ва мулоҳазалар битилган мактублар кўп чоп этилади. Таҳририят ана шу муаммолар ечим топиши, таклиф ва фикрлар ўрганиб чиқилиб, лозим бўлса амалиётга жорий этилиши, энг муҳими – кўтарилган мавзу қоғозда қолиб кетмаслиги учун ушбу мақолалар юзасидан тегишли ташкилотларга хат билан мурожаат қилади.
Рақамларга эътибор қаратсак, 2021 йил бошидан ҳозирги кунга қадар чоп этилган мақолалар юзасидан 49 та расмий хат ташкилотларга жўнатилган. Уларнинг 33 таси Халқ таълими, 9 таси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига, қолган 7 таси эса бошқа ташкилотларга юборилган. Aфсуски, мурожаатларимизга ҳар доим ҳам ўз вақтида жавоб ололмаймиз, айримлари эса бир неча ой ўтганига қарамай ҳамон жавобсиз. Aниқ қилиб айтадиган бўлсак, бугунгача 49 та хатдан 13 тасига жавоб келди. Шулардан 7 таси Халқ таълими вазирлигидан (33 та хатдан 7 тасига жавоб берилди), 2 таси вилоят халқ таълими бошқармаларидан, 4 таси бошқа турли ташкилотлардан келган. Aжабланарлиси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига жўнатилган 9 та мурожаатга ҳали ҳам жавоб қайтарилмади. Aфсуски, бундай масъулиятсизлик ортида тизимдаги қанча-қанча муаммолар эътиборсиз қолаётганини фаҳмлаш қийин эмас.
Ваҳоланки, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасида мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари қуйидагича белгилаб қўйилган:
«Aриза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Aриза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.
Таклиф давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади».
Мурожаатларимизга жавоб хати келган заҳотиёқ газетамизнинг «Мутасаддилардан жавоб келди» рукни орқали газетхонларга етказамиз.
Жавоб хатларининг баъзилари орқали муаммо ечим ёки адолат қарор топаётганидан хурсанд бўлсак, баъзиларида ёритилган муаммо қолиб, муаммони кўтарган муаллифнинг шахсига босимлар уйғонгани дилни хира қилади. Баъзан эса шундай жавоб хатлари келадики, уларда муаммо ўрганилмагани, шунчаки расмий хатга расмий жавоб йўллангани билиниб туради. Биз мутасаддилардан келган жавоб хатларини фақат имло хатоларини тузатган ҳолда мазмун-моҳиятига умуман ўзгартириш киритмаган ҳолда газетхон ҳукмига ҳавола этамиз.
Журналистлар танқид ёзмай қўйди, деб бизни ёзғирадиганларга эса жавобан эса танқидий мақолаларнинг баъзиларини ҳавола этмоқчиман: «Ўқитувчининг боши яна «тош»га тегмайдими?», «Биология дарсликлари камчиликлар», «Ҳаққингизни талаб қилинг муаллим», «Тарих дарсликларидаги чалкашликлар», «Болаларимиз рус тилини ўрганишга мажбур эмас», «Шунча диссертация ҳимоя қилинмоқда, лекин нега ривожланиш суст», «Олий таълим тизими жиддий ислоҳотга муҳтож», «Давлат тест марказига саволларим бор»…
Умуман, юқорида номлари келтирилган газеталарнинг ҳар бир сонида нафақат танқидий, балки таҳлилий мақолаларни ҳам ўқишингиз мумкин. Агар ўқишга иштиёқингиз бўлса... Балки нега газета ўқимайсиз ёки обуна бўлмайсиз, деган савол ўртага ташланганида газеталар танқид ёзмайди, фақат ислоҳотларни ёзади дея ўзингизни оқлашни бас қиларсиз. Балки «х» ва «ҳ» ҳарфининг фарқига бормайдиган айрим блогерлардан фарқли ўлароқ ҳатто нуқта, вергулига жавобгарлик ҳисси бор журналист кўтариб чиқаётган муаммо билан танишиб ўз сўзингизни айтишни ўрганарсиз. Журналистни танқид ёзмайди, дея маломат қилишдан олдин газетада чиққан танқидий мақолани кўтариб тегишли ташкилот, тегишли идора, тегишли мутасаддию раҳбарлардан ўз ҳаққингизни сўрарсиз. Балки шунда СИЗ бошқаларни ўзгартира оларсиз...
Барно Султонова тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter