Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шимолий Орол денгизида сув ҳажми ошди

Шимолий Орол денгизида сув ҳажми ошди

Фото: Фото: Telegram/QR_Su_resurstari_ministrligi

Қозоғистон сув ресурслари ва ирригация вазирлиги бугун, 24 июн куни Шимолий Орол денгизи сув сатҳи ҳақида маълумот берди.

Вазирлик маълумотига кўра, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиянинг (2024 йил 11-12 апрел кунлари Чимкентда ўтказилган — таҳр.) 86-йиғилишида томонлар суғориш мавсумида Шимолий Орол денгизига 997 миллион куб метр сув оқиб келишига, оқим сониясига 30 куб метрдан кам бўлмаслигига келишиб олган. Бир йил аввал оқим сониясига 6 куб метрни ташкил этганди.

Йил бошидан буён Шимолий Орол денгизига 1,1 млрд куб метр сув келди. Шу тариқа бугунги кунда Шимолий Оролда сув ҳажми 21,4 млрд куб метрни ташкил этмоқда»,дейилади вазирлик хабарида.

Айтилишича, Шимолий оролни Жанубий Оролдан ажратиб турувчи Кўкорол тўғонининг фойдаланишга топширилиши (2005 йил — таҳр.) Шимолий Оролда сув сатҳининг кўтарилишига хизмат қилган.

«Тўғон фойдаланишга топширилганидан буён бугунги кунгача Сирдарёдан Шимолий Оролга 46,6 млрд куб метр сув келди. Сўнгги етти йилда эса денгизга 13,3 млрд куб метр сув қуйилди. Охирги йилларда Шимолий Оролда сув ҳажми камайиб борди, бироқ 2024 йилдан у яна кўпайишни бошлади ва ҳозир 21,4 млрд куб метрга етди», — деди Қозоғистон сув ресурслари ва ирригация вазирлиги расмий вакили Молдир Абдуалиева.

Таъкидланишича, Сирдарё оқимининг 75 фоизи — Қирғизистон, 20 фоизи — Ўзбекистон, 5 фоизи — Қозоғистонда шаклланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг