Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рўза тутишнинг инсон организмига муҳим фойдаси

Рўза тутишнинг инсон организмига муҳим фойдаси

Ислом динида буюрилган рўзанинг ҳам маънавий, ҳам жисмоний саломатлик учун чексиз фойдалари мавжуд. Аллоҳ таоло Рамазон рўзаси ҳақида бундай марҳамат қилган:

«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту – фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сизлардан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин» (Бақара сураси, 185-оят).

Рўзанинг ҳикматлари, инсоннинг дунёю-охирати учун манфаатлари кўп. Ҳатто бошқа дин вакиллари ҳам унинг инсонга фойдаларини ўрганиб, эътироф этмоқдалар ва ўзларида татбиқ қилмоқдалар.

Рўза ҳозирги даврда аниқланган очлик билан даволаш услубларидан буткул фарқ қилади. Бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида очлик билан даволайдиган сиҳатгоҳлар ташкил этилиб, беъморларга муолажалар қилишяпти ва буни «тиббий рўза», «умумий рўза» ёки «очлик билан даволаш» каби номлар билан номлашмоқда. Лекин бу муолажаларнинг барчаси ижобий натижа бериши мушкул. Чунки бандалар томонидан ўйлаб топилган тартиб-қоидалар ҳеч қачон мукаммал бўлмай, қайсидир жиҳати ноқис бўлади.

Ислом динида фарз қилинган Рамазон рўзаси ва нафл рўзалар тиббиётда қўлланадиган очлик орқали даволаш услублари билан баъзи жиҳатларда ўзаро мувофиқ келса, баъзи томондан бутунлай фарқ қилади. Қуйида ушбу фарқларни келтириш мумкин:

Рўза ва очлик орқали муолажа қилиш ошқозон ҳазми яхшиланиши ва ундаги йиғилиб қолган заҳарларнинг чиқиб кетишига ёрдам беради.

Рўзани ҳар бир мусулмон киши ҳар йили Рамазон ойида бир кун ҳам қолдирмай тутиши фарз ҳисобланади. Рўза тутганда саҳардан оқшомгача ҳар қандай озуқадан тийилинади. Аммо тиббиётда қўлланадиган очлик билан муолажа қилиш баъзи кишиларнинг касаллиги, ҳолати ва ихтиёрига қараб маълум муддат қўлланади.

Рамазон рўзасини ҳар бир минтақада, барча мусулмонлар тутиши фарз ҳисобланади. Унда машаққат ва жисмга хавф-хатар бўлмайди. Очлик билан муолажа қилишда эса, ўзига яраша машаққат, жонни қийнашлик мавжуд. Уни ҳамма ҳам уддалай олмайди. Касаллигига очликдан бошқа даво тополмаган ва унинг фойдаларига аниқ ишонч ҳосил қилган кишигина бу муолажага киришади. Чунки уни жорий қилувчи табиблар ва маълум бир шифохоналар ҳисобланади.

Очлик билан даволаш беъморга салбий таъсир қилиши мумкин. Лекин Рамазон рўзасида инсонга салбий таъсир қилувчи ҳолатлар кузатилмайди.

Маълумки, инсон жисми кун давомида тўла ўз фаолиятини бажариши ва йўқотилган куч-қувватни тиклаши учун керакли миқдорда озуқа талаб қилади. Агар инсон тана эҳтиёжидан ортиқ озуқа истеъмол қилса, у ёғга айланиб, вазн ортишига олиб келади. Албатта, меъёрдан ортиқ вазн инсон саломатлигига салбий таъсир қилади.

Ҳозирги пайтда ортиқча вазндан азият чекадиганлар кўп учрайди. Уларга муолажа қилиш учун турли даволаш услублари ўйлаб топилган. Лекин бу услублар инсон танасидаги сув миқдори камайиши ва соғлиққа зарар етказиши мумкин. Рўза эса зарарсиз ортиқча вазндан қутулишда тенгсиз йўлдир. Бунда саҳарликда ва ифторликда кундузги иш-ҳаракатга мос равишда, меъёрда овқаланиш лозим.

Инсон тўқимасида кўплаб заҳар ва зарарли моддалар йиғилади. Бу моддалар асосан, истеъмол қилинадиган озуқалар орқали пайдо бўлади. Айниқса, ҳозирги пайтда тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг деярли барчасида оз миқдорда бўлса-да «заҳар»лар мавжуд. Улар ўсимликларни ўстириш учун сепиладиган дорилар, маҳсулотларни тайёрлаш жараёнида қўшиладиган ранглар, хушбўйлантирувчи ёки сақлаш учун қўшиладиган кимёвий моддалар орқали пайдо бўлади. Қўшимча, ҳаво орқали автомобиллар, завод ва фабрикалардан чиқаётган заҳарли тутунлар ютилади. Касалликлардан даволанишда кимёвий моддалардан тайёрланган дори-дармонлар қўлланади. Бу моддалар қонга сингиб, ҳужайраларнинг йўқ бўлишига сабаб бўлади.

Заҳарлар ва барча зарарли моддалардан танани тозалашда муҳим вазифани бажарувчи аъзо – жигар ҳисобланади. Организмда зарарли моддалар пайдо бўлганда жигар фаолияти бузилади. Уни яна асл ҳолатига қайтаришда эса рўзанинг ўрни беқиёс. Рўза тутганда танадаги ортиқча ёғлар ва жигар атрофидаги заҳарлар йўқолади.

Даврон Муҳаммад
(Muslim.uz сайтидан олинди)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг