Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қирғизистонлик экофаол: «Иссиқкўл атрофида пластик пакет сотиш тақиқланган»

Қирғизистонлик экофаол: «Иссиқкўл атрофида пластик пакет сотиш тақиқланган»

«Zamin» фонди ва Экология вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган иккинчи халқаро Самарқанд экофорумида 8 давлатдан келган экофаоллар иштирок этмоқда. Қирғизистонлик иштирокчи Ойгул Омарқулованинг мамлакатдаги экологик ҳолат бўйича фикрлари билан қизиқдик.

Қирғизистонлик экофаол минтақада ривожланиб бораётган текстил саноти натижасида юзага келаётган текстил чиқиндилари мавзусига асосий эътибор қаратаётганини айтди.

«Қирғизистонда ва билишимча бутун Марказий Осиё давлатларида текстил саноати ривожланиб бормоқда. Аммо минтақада текстил чиқиндиларини утилизация қилиш ёки қайта ишлаш тизими ҳақида ҳали эшитмаганман. Ваҳоланки, бу соҳа ривожланиб, текстил чиқиндилари миқдори ошмоқда. Биз Самарқандаги эко-оромгоҳда шу мавзуда таклифлар билдирдик. Лойиҳамизга кўра, текстил чиқиндиларидан суюқ обои (гулқоғоз) ишлаб чиқаришни ривожлантириш мумкин», – деди Ойгул Омарқулова.

Қирғизистонлик экофаолдан мамлакат экологик ҳаётидаги ўзгаришлар ва яшил энергетика, хусусан, қуёш энергетикаси ҳақида ҳам сўрадик:

«Биздаги энг кўп сайёҳлар борадиган Иссиқкўлда охирги йилларда пластик чиқиндилар кўпайиб кетгани сабаб унинг атрофида полиетилин пакетлар сотиш тақиқланди. Пластик идишларни тақиқлаш муҳокама жараёнида.

Қуёш энергетикаси ҳақида тўхталсам, бизда аста-секин кўчаларда қуёш панеллари кўпая бошлади, аммо бундай энергия тури жуда ривожланган деб бўлмайди. Самарқанд кўчаларида эса катта бинолар, университетлар томларида қуёш панелларини кўрдим, бу жуда ажойиб», – деди Ойгул.

Суҳбатдошимиз Қирғизистон пойтахти Бишкекда қишда энергия ишлаб чиқариш жараёнида юзага келадиган тутун муаммосини мамлакатдаги энг жиддий экологик муаммолардан бири сифатида келтирди:

«Қишдаги тутун муаммосини ҳал қилиш учун шаҳар ҳокимлиги борган сари кўпроқ электробуслар харид қилиб, эски маршруткаларни олиб ташламоқчи. Дарвоқе, шаҳар мэрияси Бишкекдаги троллейбусларни ҳам электробуслар билан алмаштирмоқчи», – деди қирғизистонлик иштирокчи.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг