Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Нафиса опанинг кўзларида ёш...» ёки Шароф Рашидовнинг ўлими

«Нафиса опанинг кўзларида ёш...» ёки Шароф Рашидовнинг ўлими

1983 йил 31 октябрь. Мен одатдагидек ишга келиб, газетанинг навбатдаги сони макетини ўйлаб ўтирган эдим, Абдуқаҳҳор Иброҳимов кириб келди. Салом-алик қилдик. Негадир безовтадай туюлди. Хаёли паришонми-ей! Ўзи бир оз тутилиб, жумлалар, ҳатто сўзлар орасида пауза билан гапириш одати бор. Ҳозир бу паузалар кўпайгандай, бир оз чўзилгандай туюлди менга. Сўраш ноқулай, балки ўзи айтар, балки уйида кимдир бетобдир... Яна ким билсин, ижодкор одам ёзаётган бирон-бир асарининг хаёли билан банддир. Шу андишалар билан «нима гап, Абдуқаҳҳор ака, кайфиятингиз йўқ?» дейишдан ўзимни тийдим.

Мен индамай ишимда давом этдим. Кўз остидан кузатаман, тепамда серрайиб турибди. Сезиб турибман, нимадир демоқчи, аммо айтолмаяпти ёки айтгиси келмаяпти. У ҳолда нега кирди? Нимага чиқиб кетмаяпти? Ноқулайликдан чиқиш учун ишдан бошимни кўтармай дедим:

 – Ўтиринг, Абдуқаҳҳор ака.

  Ўтирмади. Эшик томонга юрди. Мен ҳам жўрттага унга қарамадим. Эшикни очди, бир қадам ташлади ташқарига – бир оёғи ичкарида, бир оёғи коридорда, ўзи менга қараб турибди. Охири чидаёлмадим.

  – Нимадир демоқчимисиз? Тинчликми ишқилиб? – дедим.

  Бирон муҳимроқ гап айтмоқчи бўлса, суҳбатдошига киприк қоқмай узоқ тикилиб туришини биламан. Ҳозир бу муддат одатдагидан кўпга чўзилди. Лаби пирпирайди, аммо сўз чиқмайди. Ниҳоят, ён-атрофига бир аланглаб олди-да, тилга кирди:

 – Нафиса опанинг кўзларида ёш...

Бу дарак гапдан кўра сўроқ гап бўлиб туюлди менга. Гўё мендан «Нега Нафиса опанинг кўзларида ёш?» деб сўраётгандай эди. Мен ҳам саволига савол билан жавоб қайтардим.

 – Нега? Нима бўпти? Уйида тинчликмикан?

Коридорда турган оёғи билан бироз энгашиб, йўлакнинг нариги охиригача (мен ўтирадиган хона коридорнинг охирида эди) диққат билан разм солди. Кейин хонада мендан бошқа ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун атрофга олазарак қаради. Товушини биров эшитиб қолишидан чўчиган каби сирли шивирлади.

– Эшитдингизми?..

Кулгим қистади. Хона тугул коридорда икковимиздан бошқа зоғ ҳам йўқ. Бунча ҳадиксирайди! Ҳайронман.

 – Нимани? – дедим.

У яна атрофни бир бор кузатди.

 – Ростданам эшитмадингизми?

Ўрнимдан туриб унга яқинроқ бордим.

– Абдуқаҳҳор ака, ҳеч нарсага тушунмаяпман. Нима тўғрисида сўраяпсиз?

– Нафиса опанинг кўзларида ёш... – деди яна.

– Хўш, нима бўпти, ёш бўлса, – дедим мен бир оз энсам қотиб. – Аёл киши, бунинг устига Нафиса опани биласиз, кўнгли бўш, бирон киши қаттиқроқ гапиргандир ёки Одил аканинг жаҳлини чиқарган бўлса...

Абдуқаҳҳор ака гапимни бўлди:

– Унақамас... Сиз эшитгансиз, деб ўйловдим.

– Нимани эшитаман, очиқроқ айтинг.

У коридору хонага яна бир бор кўз югуртирди.

– Келаётиб пастда Собит Ғофуровни кўрдим, – деди худди қулоғимга шивирлагандай секин.

– Анави «Ғунча»ми, «Гулхан»дами ишлайдиган Собит аками, латифа тўқиб юрадиган?

 – Ўша, ўша...

 – Хўш, нима деди у?

– Ўша... Собит Ғофуров айтдики, Шароф Рашидович... ўл... йўқ, вафот этганмиш...

 – Йўғ-э! Бўлиши мумкин эмас! – дедим.

Унинг ранги оқариб кетди.

– Мен ҳам ишонмадим, – деди шошиб. – Лекин Нафиса опанинг кўзларида чинданам ёш кўрдим...

  – Бунақа миш-мишларга ишонманг, Абдуқаҳҳор ака, – дедим. – Оғзига кучи етмаган одамлар ўйламай-нетмай ҳар хил гапларни гапираверади.

  – Тўғри айтасиз... Бу гап ўртамизда қолсин, майлими? – деди бўшашиб.

  Уни тинчитган бўлдим.

  – Хавотир олманг, ҳеч кимга айтмайман. Бунақа нарса билан ҳазиллашиб бўлармиди!

...Шу куни, яъни, 1983 йил 31 октябрь куни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари – республика раҳбари Шароф Рашидов юрак хуружидан вафот этгани, афсуски, рост эди.

Маматқул Ҳазратқулов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг