Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ғиждувонча «права» операцияси нохуш якун топди

Ғиждувонча «права» операцияси нохуш якун топди

Маълумки, ҳайдовчилик гувоҳномаси фуқароларга транспорт воситасини бошқариш имкониятини тақдим этади. Ушбу ҳужжатни қўлга киритиш учун йўл ҳаракати қоидаларини билиб, тегишли имтиҳонлардан ўтиш зарур.

Аммо, фуқаролар орасида айрим фирибгарларнинг ваъдаларига ишониб, бундай имтиҳонлардан пул эвазига ўтиш мумкин, деган хомхаёлга борадиганлар ҳали-ҳануз учраб туради. Бунинг охири аниқ: пуллар ҳам, ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам йўқ.

Бухоро вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун бўладиган имтиҳонлардан ўтказиб бериш эвазига 1500 АҚШ доллар талаб қилган шахс ушланди.

Қайд этилишича, Ғиждувон тумани ИИБ ҳамда Депортаментнинг туман бўлими ходимлари Гулистон маҳалласида яшовчи, 40 ёшли фуқаро Ж.Х.ни ушлашган. Ж.Х. бошқа бир фуқаро Р.М.нинг ишончига кириб, алдаб, унга ваколатли танишлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бўладиган имтиҳонлардан ўтказиб беришни ваъда қилган. Ўз «хизмати»ни 1500 АҚШ долларига баҳолаган Ж.Х. тумандаги савдо мажмуаларининг олдида кимёвий ишлов берилган ушбу пулларни олаётган вақтида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 168-моддаси (Фирибгарлик), 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг