Бухорода 420 та оилага арзон уйлар топширилди (фото)
Бугун Бухоро шаҳрида эҳтиёжманд оилалар, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, шунингдек, санъат, маданият соҳаси ходимлари ва фаол ёшлардан иборат 420 та оилага 10 та 7 қаватли уй топширилди.
Ушбу уйлар Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида бунёд этилган.
— Замонавий уйларнинг узоқ муддатли ипотека кредити асосида тақдим этилгани биз учун катта қулайлик бўлди,— деди 3 хонали янги уйга кўчиб ўтган ёш оила вакили Санжар Ўринов.
«Ўзшаҳарқурилишинвест» инжиниринг компанияси Бухоро вилояти бўйича вакили Ҳаёт Низомовнинг маълум қилишича, уй-жойлар «Қурилишмегатранс», «Проммонтажстрой» масъулияти чекланган жамияти сингари бир қатор қурилиш-монтаж корхоналари томонидан бунёд этилган. Уларнинг қурилишига 102 миллиард 600 миллион сўм сарфланган. Шундан 12 миллиард сўмдан ортиғи хонадон соҳибларининг дастлабки тўлов бадали ва тижорат банкларининг кредит маблағи ҳисобидан молиялаштирилган.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter