Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ал-Азҳар университетида сақланаётган Ўзбекистонга оид қўлёзмалар реестри тузилди

Ал-Азҳар университетида сақланаётган Ўзбекистонга оид қўлёзмалар реестри тузилди

Маданий мерос агентлиги томонидан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистонга оид ва жаҳоннинг 40 дан ортиқ мамлакатида сақланаётган 11.000 (ўн бир минг)дан ортиқ маданий бойлик – қўлёзма, миниатюра, ҳужжат, археологик топилма, меъморий безак бўлаклари, безак-тақинчоқ, нақш, сурат, текстиль каби осори атиқалар аниқланди ва илмий тавсифи тузилди.

Ана шу бойликнинг 50 фоизини, яъни 6000 га яқинини қўлёзмалар ташкил этади. 2020-2024 йилларда Маданий мерос агентлигининг илмий маҳсули, аждодларимизнинг хориждаги ёзма меросини жамлаган манба – «Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзмалар реестри»нинг учта томи уч – ўзбек , инглиз, рус – тилларида нашр этилди. Мазкур томлар ўз ичига 3159 та қўлёзма илмий тавсифини қамраб олган.

Жорий йилда Агентликда яна бир нашр – ўз ичига 2428 та қўлёзма нусхасининг илмий тавсифини қамраб олган – ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД АЛ-АЗҲАР УНИВЕРСИТЕТИ КУТУБХОНАСИДАГИ ҚЎЛЁЗМА АСАРЛАР РЕЕСТРИ амалга оширилди.

Ушбу нашр Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги элчихонаси ёрдамида олинган, 2016 йилда нашр қилинган «Ал-Азҳар аш-Шариф» кутубхонасининг 49361 та қўлёзмасига тааллуқли илмий тавсифлардан иборат 28 томлик фиҳристи (“فهرس مخطوطات مكتبة الأزهر الشريف”) ва унинг электрон варианти асосида тайёрланди.

Ушбу кутубхона 381 ҳижрий/992 милодий йили, яъни ал-Азҳар масжиди ташкил этилганидан 20 йил ўтганидан сўнг ўз фаолиятини бошлаган. Тахминан 1031 йил мобайнида фойдаланувчиларга хизмат қилиб келмоқда.

Қўлёзма асарлар нусхаларига халқ орасида талаб ва эҳтиёж катта бўлганлигини уларнинг кўчирилиши тарихи ва сонига қараб белгилаш мумкин. Бу борада тўла асос ила, улар орасида, диёримиздан етишиб чиққан алломалар асарлари биринчилар қаторидан ўрин олган.

Ушбу Реестрни амалга оширишда илмий тадқиқотлар асносида, биринчи навбатда, алломаларимиз томонидан ёзилган асарлар ва улар ёзган шарҳлар нусхаларига эътибор қаратилди ва улар нашрга киритилди. Барча илмий тавсифларни манбада, яъни «Ал-Азҳар аш-Шариф [университети] кутубхонаси қўлёзмалари фиҳристи»да келтирилган маълумотлар асосида, яъни уларни ўзгартирмаган ҳолда баён этилди.

Фиҳристдаги мазкур қўлёзма нусхалари ичидан бевосита Ўзбекистон алломалари томонидан ёзилган ёки уларнинг асарларига оид шарҳлардан ташкил топган 2428 қўлёзмасига оид маълумот мавжуд.

Улар жумласида: Имом ал-Бухорий «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» («Саҳиҳ ал-Бухорий») асарининг 412 та нусхаси; Лайсий Самарқандий асарларининг 481 нусхаси; Саъад Тафтазоний қаламига мансуб асарларининг 472 нусхаси; Саййид Шариф Журжоний асарларининг 179 нусхаси; Абул Баракот Насафийнинг асарларнинг 135 нусхаси; Абу Исо ат-Термизий асарларининг 153 нусхаси, шунингдек, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний ва бошқа аллома ҳамда мутафаккирларимиз асарларининг кўплаб нусхалари ҳақидаги илмий тавсифлар ҳам ўрин олган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг