Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шерали Отабоев

Қўрқоқлардан қўрқаман.

Татимаётган ширинлик: шакар бозорида Россияга қарамлик юзага келмоқдами?

Татимаётган ширинлик: шакар бозорида Россияга қарамлик юзага келмоқдами?

CОVID-19 пандемияси бутун дунёда кўпик каби глобал миқёсдаги муаммоларни юзага чиқарди, улардан бири – озиқ-овқат хавфсизлигидир.

Жаҳон ҳамжамияти кучларни бирлаштирган ҳолда CОVID-19 пандемиясига қарши кураш муаммосини ҳал қилишга уринмоқда. БМТ бош котиби Aнтонио Гутерриш 2020 йил 9 июндаги «озиқ-овқат хавфсизлиги таҳлили тўғрисидаги хабарлар чоп этилиши» муносабати билан сўзлаган нутқида «агарда, шошилинч чоралар кўрилмаса, озиқ-овқат борасида тобора яқинлашиб келаётган глобал фавқулодда вазият юзага келиши, бу эса ўз навбатида, миллионлаб ёш болалар ва катталар учун узоқ муддатли ёмон оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги равшанлашмоқда» деб алоҳида таъкидлади.

CОVID-19 пандемияси нафақат ташвишли хабар, у келгусида эҳтимоли бор янада хавфлироқ синовларни енгиб ўтиш учун асосий машқ майдони ҳамдир. Пандемия бизга жуда кўп нарсани тушунишга ўргатди. Ҳозир биз нигоҳимизни келажакка тиккан эканмиз, йўлни тўғри танлай билишимиз керак.

Жаҳон миқёсида пандемия билан боғлиқ муаммо ҳали ҳал қилинмаган бўлса-да, энг жасоратли иқтисодчи-мутахассислар ҳам узоқ муддатларга асқотадиган кафолатли таклиф беришга ботина олмаяптилар, берганлари ҳам хотиржам бўлишни ваъда қилмаяптилар. Бугунги кунда мутлақо аниқ бўлдики, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси ҳар доимгидан-да кескин тус олди, у глобал қамровга эга бўлиб, энди унинг ечими узоқ муддатларни талаб қилмоқда.

Албатта, пандемия кўринишидаги балони енгишимизга ҳеч ким шубҳа қилмайди. Масала шундаки, бу ҳолат қачонгача давом этиши мумкин ва муаммонинг ечими бизга қанчага тушиши мумкин?  Бирон йил аввал кимдир бизга шундай яшашга маҳкум бўласизлар, бугунги ўринларингизни бошқасига алмашасизлар, дейишса, илло ишонмас эдик.

Шу ўринда, пандемия мавзусида ишланган ва муваффақият қозонган «Аванпост» сериали ёдга тушади. Сериал қаҳрамонларидан бири, етарлича ўзига бой киши автомобилини пачка-пачка пул билан тўлдириб, оғир оёқ хотини билан пандемиядан қочиш мақсадида шимол томон йўл олади. Ўз манзилидан узоқлашган сайин у тўқнаш келаётган муаммолар ва дилхираликлар сони ҳам кўпаяверади. Табиийки, уларни одатига кўра пул воситасида ҳал қилишга уринади. Бироқ, жамиятни қамраб олган алғов-далғов ҳолат, очлик ва изғиринда унинг пулларини ҳеч ким олмайди ҳам, чунки, фойдасиз эканлигини тушунишади. Бетоб хотини учун минг азобда топган бир бўлак нон билан қанд парчаси учун у ўзини бахтиёр ҳис қилади.

Фильмдаги воқеалар, албатта, киночилар томонидан ўта бўрттириб кўрсатилган, бироқ... Бугун биз ўзимизни ўтга-чўққа уриб топаётган, ғамлаётган «бисотларимиз, бойликларимиз» навбатдаги катаклизм-ҳалокат ёки дунё ҳамжамиятига вирус кўринишида келадиган офат эҳтимоли шароитида, йиққан-терганларимиз чақага ҳам арзимайди. Энг муҳими, егулик маҳсулот ва дори-дармон, ана шуларнинг йўқлиги ҳақида ўйлашнинг ўзи кишини буткул чорасизликка, руҳий тушкунликка туширади.

Шу тариқа биз ҳамма нарсага тайёр бўлишимиз керак, «А» режамиз бор экан, доимо «Б» режамиз ҳам бўлиши шарт. Бўлиб ўтган воқеликни эътиборга олган ҳолда, бугун узлуксиз муҳокама қилинаётган ва айтилаётган озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш йўлида жиддий ишлаш вақти келган. 

Сўнгги йилларда Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида самарали чора-тадбирларни амалга оширди. Бугунги кунда мамлакатимиз ўз аҳолисининг биринчи даражада зарур бўлган, ҳаётий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, ғалла, туз, ўсимлик ёғи, тухум, шакар, картошка, мева, полиз ва узумга бўлган ички талабини тўла қондирмоқда. Улардан дон ва тухумнинг 70 фоизидан зиёди, ўсимлик ёғи, сут, картошка, сабзавот, мева, полиз экинлари, узум, туз ва шакарнинг 100 фоизидан ортиғи маҳаллий ишлаб чиқариш улушига тўғри келади. Озиқ-овқат таъминоти тизимининг барқарорлик даражаси 85% дан юқори. Бундай маълумотлар 2020 йилда ўтказилган ихтиёрий миллий сўровида маълум қилинган.

Қайд этиш керак, 2017 йилда «Хоразм-Шакар» ва «Ангрен Шакар» корхоналари фаолияти бир қатор сабабларга кўра тўхтатилди, бу эса бошқа мамлакатлар, хусусан, Россия, Украина, Покистон каби мамлакатлардан валютага сотиб олинадиган импорт шакарга тўла йўл очиб берди.

Аммо, давлат раҳбарияти томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчиларига маълум имтиёзлар берилиши эвазига 2018 йилда стратегик муҳим маҳсулот яна маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилиши қайта йўлга қўйилди.

Бугунги кунда маҳаллий шакар заводлари, уларнинг норентабеллиги сабабидан тугатилиши ва ёпилиши хусусида қизғин баҳслар яна авжига чиққан. Албатта, бу борада хайрихоҳлар ҳам, қаршилар ҳам бор.

Ишлаб чиқарувчилар ўз фикрларининг далили сифатида: апрель ойидан эътиборан 20 турдаги импорт молларга, шу жумладан, шакар олиб кирувчиларга ҳам божхона тўловлари ва акцизи ноль ставкада белгилангани сабабли маҳаллий шакар импорт шакар билан рақобатлаша олмаслигини таъкидламоқдалар.

Айни вақтда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотига эса йил бошидан ички бозорда қатъий равишда биржа савдолари орқали реализация қилиниши талаби қўйилган. Биржа савдоларидаги маҳсулотга барча тоифадаги харидорларга тенг имконлар берилди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг умумий ҳажмидан 10 фоизигина ишлаб чиқарувчи ихтиёрига тўғридан-тўғри шартномалар орқали олис қишлоқлар, марказдан узоқда жойлашган ҳудудлардаги истеъмолчиларга ўз чакана тармоқлари орқали сотиш имкони қолдирилди.

Устига-устак, харидорлар биржадан харид қилиш кўникмаларига ҳали эга эмас. Россия импорт шакарига эса харидорга тўғридан-тўғри хоҳ нақд, хоҳ пул ўтказиш йўли билан сотилиши имкони берилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчи эса харидор билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имконидан маҳрумдир. Оқибатда, йил бошидан маҳаллий маҳсулотнинг сотилиши кескин камайиб кетди ва соҳа бугунгидай аянчли ҳолатга келди.

Уларнинг мухолифлари – маҳаллий шакар ишлаб чиқаришни йўқ қилиш тарафдорлари эса заводлар норентабеллигини таъкидлаб, айни вақтда Россиядан арзон оқ шакар сотиб олиш фойдалироқ эканлигини айтишмоқда.

Қисқа муддатли фойдага ҳам, узоқни кўзлаган истиқболга ҳам далил исбот топилади. Халқаро шакар ташкилоти маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам Россия импорт шакари ҳажмини кескин суратда оширган. 2020 йилнинг биринчи ярмида Россиядан Ўзбекистонга шакар етказиб бериш 214 минг тоннани ташкил этди. Таққослаш учун: ўтган ҳисобот даврида бу кўрсаткич нолга тенг бўлган.

Россия импорт шакарининг ҳажми кескин ошишига, ўтган йили бу мамлакатда рекорд мўл хосил йиғиб олингани эвазига шакар ниҳоятда арзонлашгани сабаб бўлди. 2019 йилда қанд лавлагисининг ялпи ҳосили аввалги йилдагига нисбатан 29 фоизга ошди, яъни 54,3 млн тоннани ташкил қилди. Шакар баҳосининг арзонлашиши ва Россия заводларига уланган қулай транспорт имконлари бу давлатдаги шакар экспортчиларига Ўзбекистонга жўнатилаётган шакар ҳажмини кескин ошириш имконини берди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон шакар қамиш хом ашёсини арзон баҳоларда сотиб олиб, уни ўзида қайта ишлаш имкониятларига эга бўла туриб, бу мавсумда Россиядан тайёр оқ шакар олиш фойдалироқ деб билди. Россияда шакар ишлаб чиқариш ошиб-тошиши оқибатида унинг нархи тушиб кетиши Россия компаниялари таклифлари фойдали деб топилишига шароит яратди.

Sugar.ru ахборот порталининг эгаси Вадим Гомоз айтишича: «Россияда ҳайратланарли миқдорда ортиқча маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Мамлакатнинг шакарга бўлган талаби 6 миллион тоннани ташкил қилгани ҳолда, уни 7.7 миллион тонна миқдорида ишлаб чиқармоқда. Ортиқчаси 1,7 млн. тоннани ташкил этяпти. Россия учун 74 та шакар заводи кўпдир. Уларнинг сонини камайтириш, эскирган ускуналар ва технологияларга, экологик талабларга зид келадиган, меҳнат унумдорлиги паст бўлган корхоналарга бозорнинг объектив қонуниятлари асосидаги реакцияси деб қаралмоғи керак. Яқин 10-15 йил ичида бу соҳадаги яна 10 дан зиёд корхонанинг тугатилиши кутилмоқда. Россия шакар бозорида маҳсулотнинг ҳаддан зиёд ортиқча ишлаб чиқарилишини экспертлар мўъжизадан бошқа нарса эмас деб баҳоламоқда».

РУСАГРО маълумотларига кўра, Марказий Осиё давлатлари ва, хусусан, Ўзбекистон Россия шакар етказиб бериш учун энг жозибадор манзил ҳисобланади. Аввалроқ, гуруҳ бош директори Максим Басов агар Россия ортиқча шакар ишлаб чиқарса, асосан Ўзбекистонга киритилишини таъкидлаган эди.

Ҳамкорларнинг бундай оптимистик прогнозлари ва баёнотлари, албатта, далда беради, яна шу нарса тушунарлики, ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари учун янги бозорларни топиш ва эскиларида позицияларини мустаҳкамлаш учун фаол иш олиб боришлари аниқ. Бизнес – бу бизнес, бироқ танганинг орқа томонини тасвирлайдиган фактлар ҳам борлигини унутмаслик керак.

Нуфузли ва обрўли Forbes нашри «Ширинлиги йўқолган ҳаёт. Қозоғистонда шакар бозорининг 85 фоизини импортчилар эгаллаб олдилар» сарлавҳаси остида мақола чоп этди. Унда қишлоқ хўжалиги вазири Сапархан Омаровнинг маълум қилишича, йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича маҳаллий компаниялар экспорт ва ички бозорда реализация қилинган маҳсулот билан қўшиб ҳисоблаганда мавжуд талабнинг 15 фоизини қондира олдилар, бу кўрсаткич аввалги шу даврда 47,2% бўлган эди. Тегишлича, импорт улуши энди 85 фоизни ташкил қилади. Қозоғистонга 238,9 минг тонна шакар кириб келди. Бу ўтган йилнинг биринчи ярмидаги кўрсаткичдан 2,2 баравар кўп дегани. Қозоғистондаги шакар қамиш шакарининг умумий ҳажмининг 94,6 фоизи, яъни 271,3 тоннаси МДХ давлатларидан кириб келди. Бу ўтган йилдагига нисбатан 2,1 марта кўпдир. Асосий импортчи Россия давлати бўлди.

Озиқ-овқат хавфсизлигининг етарли даражада таъминланмаслиги мамлакатнинг бошқа давлатларга қарам бўлиб қолишига сабаб бўлиши, охир-оқибат етказиб берувчи давлатнинг ўз маҳсулоти нархларини ошириб боришига, керак бўлса, бу баҳоларни монополистларча амр этишига олиб келишини англаш учун катта ақл шарт эмас.

Қозоғистон шакар, озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати ассоциацияси ҳозирги вазиятдан хавотирда ва очиқдан очиқ бонг уриб, айтмоқдаки: Қозоғистон шакар саноатини қайта жонлантириш ҳақида ўйлаши керак (айни вақтда Қозоғистондаги 7 та шакар заводидан 3 таси тўхтатилган).

Қўшни Туркманистонда аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, шакар ҳам талон билан берилаётганини эшитган бўлсангиз керак. Яқинда оммавий ахборот воситалари Тожикистонда ҳам шакар нархи кескин ошгани хабарини тарқатди.

Қўшниларимизнинг аянчли тажрибасини инобатга олиб, Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқаришни сақлаб қолиш, шунингдек, озиқ-овқат мустақиллигини сақлаб қолиш зарурлиги ҳақида жиддий фикрлашга ундайдиган бошқа мисоллар ҳам бор.

23 июл куни «МДҲ шакар бозори 2020» онлайн-анжумани бўлиб ўтди ва унда 17 мамлакатдан 220 га яқин иштирокчи қатнашди. Конференцияда халқаро шакар ташкилотининг жорий 2019/20 йилги мавсумда Жаҳон бозорида 9,3 миллион тонна шакар танқислиги кутилаётганлигини ифодаловчи таҳлилий маълумотлар эълон қилинди. Жаҳон бўйича бу маҳсулотни ишлаб чиқариш 166.8 миллион тоннагача камаяди.

Дунё экспертларининг таъкидлашича, умумий маънода, жаҳон шакар бозори саросимали аҳволда. Шакар заводлари ҳамма ёқда, ҳаттоки бутун дунё бўйича маҳсулот етказиб берувчи энг пешқадам лидер давлатларда ҳам – заводлар эскирган, таъмирлашга муҳтож, ишлаб чиқаришни модернизациялаш мақсади билан ёпилмоқда. (Бизда ҳозирда бундай зарурат йўқ, завод янги ускуналар билан жиҳозланган).

Соҳа мутахассислари бу масала давлат аралашувисиз ҳал бўлмаслигини тахмин қилмоқдалар.

Июнь ойининг бошларида angrenshakar.uz сайтида «Қўшни шакар заводлари қулаб бўлди. Навбат Ўзбекистонга келдимикин?» сарлавҳаси остида мақола чиқди. Унда айтилишича, ҳар иккала маҳаллий заводлар банкротлик ёқасида, чунки уларнинг маҳсулотлари омборларда тўлиб кетди. «Агар махаллий ишлаб чиқарувчилар билан импортчилар орасидаги тафовут ўз вақтида бартараф этилмас экан, шакар маҳсулоти борасида соғлом рақобат тартиблари амалда бузилиши тайин» – дейилади мақолада.

«2020-2021 йил мавсумида Россия шакар экспортини 3 баробар камайтириши мумкин», – дея хабар беради ИКАР (Аграр бозор вазиятини ўрганиш институти) Sugar.ru сайтида. 2020-2021 қишлоқ хўжалик йилида Россия (1 августдан 31 июлга қадар муддат оралиғидаги шакар учун) охирги мавсумда етказиб берилган рекорд миқдордан уч баравар камайтириши мумкин.

«Кейинги мавсумда экспорт ҳажми ошмайди, чунки, ташқарига чиқариш имкони бўлган ҳажмнинг ҳаммаси амалда юз бериб бўлди. Сўнгги 5 йил давомида Россияда шакар ишлаб чиқариш узлуксиз ошириб бажариб келинди, айниқса, якунланаётган мавсумда ишлаб чиқариш кескин ошириб юборилди, ички талаб 6 млн тонна ўрнига 8 млн тонна шакар ишлаб чиқарилди», деди ИКАР эксперти Евгений Иванов.

ИКАР маълумотига кўра, кейинги мавсумда шакар экспорти 3 баравар камайиши мумкин: бунга сабаб ошириб ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳисобига унинг нархи тушиб кетди, қанд лавлагиси етиштирилаётган майдонлар қисқарди, бундан ташқари ҳосилдорлик пасайиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шунингдек, геополитик вазият борасида, шакар бозорида етакчи иштирокчилар ҳисобланган Украина ва Беларусдаги воқеаларнинг ривожланишини эътиборга олсак, вазиятни тахмин қилишимиз янада қийинлашади.

Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш саноатини сақлаб қолиш учун имкониятлар ҳали мавжуд. Акс ҳолда бугун «келажакда нима бўлса бўлар» қабилида иш тутиш ўзгалар тегирмонига сув қуйиб, шу орқали қарамлик юзага келишига сабабчи бўлиб қолиш ҳеч гап эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг