Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Паррандачилик учун 420 миллион доллар жалб этилади

Паррандачилик учун 420 миллион доллар жалб этилади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Аҳолининг кундалик истеъмолида гўшт, тухум, сут ва улардан тайёрланган маҳсулотлар катта ўрин эгаллайди. Шу боис паррандачилик, қоракўлчилик ва эчкичиликни ривожлантириш, озиқ-овқат инфляциясини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Қолаверса, бу соҳаларда аҳолини банд қилиш ва даромадини ошириш имконияти ҳам кўп.

Масалан, 2023 йилда паррандачилик тармоғида 253 та лойиҳа амалга оширилиб, бундай хўжаликлар сони 1 минг 300 тага етган, 4 мингта янги иш ўрни очилган. Келгусидаги истиқболли лойиҳалар учун халқаро ташкилот ва банклардан 420 миллион доллар жалб қилинмоқда.

Тақдимотда мутасаддилар паррандачилик тармоғини ривожлантириш стратегияси ҳамда бу йилги режалари юзасидан ахборот берди.

Жумладан, бу йил парранда гўшти ҳажми 700 минг тоннадан 800 минг тоннага, тухум етиштириш 8,5 миллиард донадан 10 миллиард донага етказилиши айтилди.

Бу тармоқдаги энг муҳим масала – насл. Юртимизда гўшт йўналишидаги парранданинг 1-тартибли генетикаси йўқ, 2-тартибли генетика эса Венгриядан олиб келинаяпти.

Жаҳон бозорида парранда генетикасининг 80 фоизи АҚШ компаниясига тўғри келади. Шу боис улар билан ҳамкорликда паррандачиликда генетик технологияларни жорий қилиш ва наслчилик хўжаликлари ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, паррандачиликда кластер тизимини жорий этиш, тайёр бизнес лойиҳалар қилиб, тадбиркорларга бериш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Соҳа ривожини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятлар белгиланди. Унга кўра, паррандачилик корхоналари 5 йилга ер солиғидан озод қилинади. Парранда гўшти экспортига рухсат берилади. Тадбиркорларга берилган 35 миллион доллар арзон ресурсни қайтариш муддати 3 йилга узайтирилади.

Давлатимиз раҳбари озуқа-ем захирасини кенгайтириш ва паррандачилик хўжаликларига марказлаштирилган тартибда етказиш бўйича ҳам топшириқлар берди.

Ҳозирги кунда юртимизда 39 та қоракўлчилик хўжалиги бор. Бухоро вилоятидаги 2 миллион гектардан зиёд яйловда 2 миллион бош қўй боқилаяпти. Булар, албатта, етарли эмас.

Шу боис қоракўл қўйини кооперация асосида хонадонларда боқиш таклифи билдирилди. Хусусан, Қоракўл, Қоровулбозор, Ғиждувон, Пешку, Жондор, Олот туманларида аҳолига қўйлар етказиб берилиб, яйлов ва қудуқлар ажратилади. Озуқабоп ўсимликлар майдонлари кенгайтирилади.

Бу каби чоралар орқали қоракўл қўйларини 6 миллион бошдан 7 миллион бошга етказиш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятига ташрифи чоғида эчкичиликни ривожлантириш бўйича топшириқ берилган эди. Шунга мувофиқ, Туркия ва Россиядан зотдор эчкилар олиб келиниб, наслли эчкичилик кластери ташкил этилди.

Худди шу тахлит, Мўғулистон тажрибаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Наманган ва Тошкент вилоятига 5 минг бошдан наслли эчки олиб келиб, кўпайтириш зарурлиги айтилди. Бу икки йилда эчкилар сонини 100 минг бошдан ошириш имконини беради.

Шунингдек, эчкичиликда ҳам наслни яхшилаш, жунни қайта ишлаш орқали кашемир ва тивит маҳсулотлари етиштириб, экспортини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг