Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ЕОИИ билан кузатувчи давлат сифатида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ЕОИИ билан кузатувчи давлат сифатида ҳамкорлик қилади

Вазирлар Маҳкамасида 6 март куни Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги юзасидан олиб борилган таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишлари якуни бўйича тегишли хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига киритиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Парламентга йўллаган Мурожаатномасида ушбу муҳим масала Ҳукумат томонидан Олий Мажлис палаталари муҳокамасига киритилиши ва халқ вакиллари билан батафсил кўриб чиқилишини маълум қилиб, бунда энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш-иродасига таянишимиз лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотлар самараси жаҳон иқтисодиёти тизимига интеграциялашиш, айниқса, ҳудудий жиҳатдан яқин мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга боғлиқ. Чунки, иқтисодий интеграция маҳсулотнинг рақобатбардошлигини ошириш, таннархни пасайтириш, янги технологиялар олиб келиш, транзит савдони кенгайтириш, бозор ислоҳотларини жадал ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини атрофлича ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан иқтисодий интеграция масаласида мамлакат иқтисодиётининг йирик 16 тармоғида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Йиғилишда мазкур масала бўйича етакчи мустақил консалтинг компаниялари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг изланишлари, хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан билдирилган таклиф ва хулосалар кўриб чиқилди. Бунда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги доирасидаги иқтисодиётнинг йирик тармоқлари, жумладан, саноат, ташқи савдо сиёсати, божхона-тарифларини тартибга солиш механизми, меҳнат миграцияси, стандартлаштириш ва ветеринария, санитария, фитосанитария назорати сингари кўплаб масалалар бўйича экспертларнинг хулосалари ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти ва ЕОИИга интеграция жараёнлари ўзаро боғлиқлиги қайд этилди.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликнинг Ўзбекистон миллий иқтисодиётига таъсирини комплекс ўрганиш натижасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилиши зарур бўладиган чора-тадбирлар белгиланди ҳамда ЕОИИ билан кузатувчи-давлат мақомида ҳамкорлик қилиш таклифи маъқулланди.

Йиғилиш якуни бўйича таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишлари асосида ишлаб чиқилган хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига тақдим этиш юзасидан қарор қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ЕОИИга Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь, Арманистон каби давлатлар аъзо, Молдова эса кузатувчи давлат саналади. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг