Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Flyadeal Жидда – Наманган йўналишида парвозларни йўлга қўйди

Flyadeal Жидда – Наманган йўналишида парвозларни йўлга қўйди

Саудия Арабистонининг Flyadeal авиакомпанияси Жидда – Наманган – Жидда йўналиши бўйича мунтазам равишда тўғридан-тўғри рейсларни  йўлга қўйди.

Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабарига кўра, 15 январь куни Наманган аэропортида Flyadeal авиакомпаниясининг илк рейси кутиб олинди.

Бортида 350 нафар йўловчи бўлган учоқ маҳаллий вақт билан 10:21 да Наманганга қўнган. Анъанага кўра, самолёт сув аркаси билан кутиб олинган.

Жидда – Наманган – Жидда йўналиши бўйича қатновлар ҳафтасига уч марта (душанба, чоршанба ва жума кунлари) Airbus А330 самолётларида амалга оширилади.

Flyadeal авиакомпанияси 2024 йил 21 ноябрдан Тошкент ва Жидда ўртасида рейсларни йўлга қўйган эди.

Лоукостер форматидаги Flyadeal авиакомпанияси Жиддадаги Подшоҳ Абдулазиз халқаро аэропортида жойлашган.  Ширкат Саудия Арабистонининг етакчи ҳаво ташувчиси Saudia Group амалга татбиқ этган трансформация стратегияси доирасида 2017 йилда ташкил қилинган.

Аввал хабар берганимиздек,  2022 йил 15 ноябрдан Саудия Арабистонининг бошқа бир авиаташувчиси – «FlyNas» Жидда ва Тошкент ўртасидаги рейслар сонини кўпайтирганди.

«FlyNas» (собиқ «NasAir») авиакомпаниясига 2007 йилда асос солинган. Яқин Шарқнинг етакчи авиаташувчиларидан бири саналган ширкат 2030 йилда йўловчи ташиш кўрсаткичини 330 миллион нафарга, Саудия билан боғлиқ халқаро йўналишлар сонини эса 250 тага етказишни мақсад қилган.

Аввалроқ Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф ал-Утайбий икки давлат ўртасида авиақатновлар кўпайгани, ҳафталик авиақатновлар 25 тага етганини ижобий тенденция сифатида баҳолаганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг