Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ноқонуний тамаки савдоси: контрабандага қарши самарали курашишнинг 4 муҳим чораси

Ноқонуний тамаки савдоси: контрабандага қарши самарали курашишнинг 4 муҳим чораси

Жорж Мейсон университети томонидан олиб борилган тадқиқотлар тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдоси нафақат давлатга катта иқтисодий зарар етказишини, балки халқаро жиноий ва террористик гуруҳларни молиялаштиришнинг асосий манбаи бўлиб хизмат қилаётганини кўрсатмоқда. Ушбу ҳодиса дарҳол аралашувни ва тегишли чоралар кўришни талаб қилади.

Муаммонинг долзарблиги
Ўзбекистонда контрабанда сигареталари савдоси муаммоси ҳамон эътиборга молик ва аҳамиятли бўлиб, контрабандачиларни қўлга олиш ва кўп миқдорда ноқонуний сигареталар йўқ қилиш билан боғлиқ воқеалар ҳақида оммавий ахборот воситаларида мунтазам хабар бериб келинаётгани шундан далолат беради. Масалан, жорий йилнинг 19 феврали Сурхондарё вилояти «Сариосиё» темир йўл чегара пости божхона бошқармаси ходимлари Тожикистонга транзит орқали жўнатилаётган 10 млрд сўмдан ортиқ контрабанда тамаки маҳсулотларини Ўзбекистонга олиб киришни тўхтатиб қолди. Божхоначилар акциз маркаси бўлмаган 402 минг қути Esse Change сигаретини аниқладилар.

Бундан бир неча кун аввал Тошкентда божхона қўмитаси томонидан қарийб 110 минг қути контрабанда тамаки маҳсулотлари оммавий ёндирилган. Тадбирда маълум қилинишича, 2023 йил 291 та ҳолатда умумий қиймати 92,2 миллиард сўмлик 5,7 миллион дона ноқонуний сигареталар аниқлангани қайд этилган. Жорий йилнинг 2 ойи давомида умумий қиймати 14 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ 56 та ҳолат қайд этилган. Қайд этилишича, ўтган йили ноқонуний олиб кирилган сигареталар сони 2022 йилга нисбатан 3,5 баробарга ошган.

Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликлар фақат чегарада, ноқонуний маҳсулотларни олиб киришда содир бўлаётгани йўқ. Масалан, 13 феврал куни Тошкент шаҳрида Бош прокуратура ходимлари Миробод туманидаги дўконлардан бирида йирик партия – 3 минг қутидан ортиқ акциз маркасисиз сигареталар аниқладилар. Ноқонуний маҳсулотларнинг қиймати 222 миллион сўмдан ошади.

Нима қилишимиз керак?
Бу жараёнга барча масъул вазирлик ва идораларни фаол жалб этган ҳолда, яқин ҳамкорликда иш олиб борадиган комплекс чора-тадбирлар зарур. Асосий ва энг муҳим чора-тадбирлар орасида:

1. Чегарадан ноқонуний олиб ўтилаётган контрабандаларга тўлиқ чек қўйиш ва божхона органлари томонидан назоратни кучайтириш. Шу муносабат билан мамлакатимизга сигаретани ноқонуний олиб киришга уринишларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича махсус операциялар ва рейдларни мунтазам амалиётга жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

2. Ўзбекистон ҳудудида ноқонуний сигареталарни улгуржи тарқатиш каналларига чек қўйиш. Бу йўналишда контрабанда товарларни тарқатиш каналларини кузатиш жараёнини кучайтириш, маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш ва ушбу каналларни янада самарали аниқлаш ва уларга чек қўйиш учун замонавий технологияларни жорий этиш зарур.

3. Давлат айблови ва ноқонуний маҳсулотларни мусодара қилиш. Қонунбузарларни оммавий равишда жазолаш, тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдоси оқибатлари тўғрисида барча мумкин бўлган каналлар, жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали аҳолини хабардор қилиш зарур. Шу билан бирга, маҳсулот ва мулкни мусодара қилиш уни мажбурий равишда йўқ қилиш билан бирга амалга оширилиши керак.

4. Қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан қаттиқ назорат. Ваколатли органлар тамаки маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдосини амалга оширувчи корхоналар томонидан қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини диққат билан назорат қилишлари шарт.

Хулоса қилиб айтганда
Халқаро тажриба шуни тасдиқлайдики, сигаретанинг ноқонуний савдосига қарши самарали курашиш фақат комплекс ёндашув билан имконли: контрабанданинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар, қонунбузарларни жазолаш, бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик тўғрисида ахборот кампанияси ва мусодара қилинган маҳсулотларни мажбурий йўқ қилиш.

Бу муаммони фақат биргаликда ва жамоатчиликнинг фаол иштирокида енгишимиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг