Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухоро вилоятида контрабанда тамаки маҳсулотининг жуда йирик партияси қўлга тушди

Бухоро вилоятида контрабанда тамаки маҳсулотининг жуда йирик партияси қўлга тушди

Кўпинча тамаки маҳсулотини бошқа товарлар ниқоби остида, шунингдек қалбаки транзит кўринишида олиб киришга уринадилар.

Бу гал Божхона қўмитаси ходимлари томонидан Бухоро вилояти ҳудудида БААдан Хитой томон йўл олган машина тўхтатилиб, текширув олиб борилганда 17 млрд сўмлик 866 минг қути тамаки маҳсулоти баёнотга киритилмагани аниқланди.

Қалбаки транзит ҳодисалари – Ўзбекистонга ноқонуний сигарет олиб киришнинг энг кўп учрайдиган усулларидан. Товар партияси олиб кирилади, кейин мамлакат ҳудудига киши билмас «сингиб» кетади. Бу муаммони ҳал қилиш учун мажбурий депозит жорий этиш лозимлиги кўп айтилган эди, бу ҳақда кўп марта ёзилди ва ниҳоят тегишли қарор қабул қилинди.

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб ўтиладиган тамаки маҳсулотлари транзити бўйича алоҳида чоралар жорий этилади. Унга кўра, юк ташувчилар Ўзбекистон Республикаси Божхона органлари депозит ҳисобига тегишли божхона тўловлари суммасини киритишлари лозим бўлади. Тамаки маҳсулоти Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилгани тасдиқланганидан кейин тўланган сумма қайтарилади.

Албатта, қонунлар такомиллашмоқда лекин янги қоидалар кучга киргунига қадар хотиржам бўлмаслик керак.

Бутун мамлакат бўйлаб ноқонуний сигарет савдоси юқори даражада кузатилмоқда. Бу айниқса Фарғона водийси ҳудудларида яққол сезилади. Фақатгина Андижоннинг ўзида ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдоси 47,3 фоизга чиққан.

Агар қатъий чоралар кўрилмаса, бундай даҳшатли рақамлар бутун мамлакатда кузатила бошлайди. Бундан ташқари, контрабанда тамаки билан бирга Ўзбекистонга янада хавфлироқ товарлар: тақиқланган моддалар, контрафакт дорилар, қурол ва бошқа кўплаб товарлар кириб келади. Масалан, Фарғона вилоятининг ўзида 2024 йилда умумий қиймати 2 млрд сўм бўлган 352 дона дори воситалари мусодара этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг