Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Навоийда Фавқулодда вазиятлар бўлими «товон» тўлашга мажбур бўлди

Навоийда Фавқулодда вазиятлар бўлими «товон» тўлашга мажбур бўлди

Фото: Xabar.uz

Навоий вилояти, Кармана тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими мутасадди раҳбарлари ишдан бўшатилган собиқ ходимига 6 ой давомида меҳнат дафтарчасини қайтармади.

«Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ ходимининг меҳнат дафтарчасини 10 миллион 868 сўм миқдорда «товон» тўлаш билан қайтаришга мажбур бўлди», — дея «Xabar.uz»га маълум қилди Навоий шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Ширинбек Очилов.

Таъкидланишича, Навоий шаҳрида яшовчи фуқаро Шоҳруҳ Ёдгоров Кармана туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига 2021 йилнинг 9 декабрида диспетчер бўлиб ишга кирган. Бўлим мутасаддилари эса ҳар гал янги ходимга «ишсизларни ишга жойлаштирдик» қабилида йўл тутиб келишган.

«Ҳатто, 3 ой ҳам ишламадим. Ишга кирганимнинг қарийб ҳар куни шу миннат, шу кесатиғ билан ўтди.  2022 йилнинг 1 мартидан мен билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Бироқ, Кармана туман Фавқулодда вазиятлар бўлими меҳнат дафтарчамни қайтариб бермади. Мурожаатларим ҳам бефойда бўлди. Сабаб эса йўқ эди.  Меҳнат муносабатларидаги адолатсизликка чек қўйиш учун 6 ой деганда, Навоий шаҳар адлия бўлимидан ҳуқуқий ёрдам сўрашга мажбур бўлдим», — дейди Шоҳруҳ Ёдгоров.

Шундан сўнг Навоий шаҳар адлия бўлими фуқаро Шоҳруҳ Ёдгоров манфаатига жавобгар Навоий вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига нисбатан иш ҳаққи ва маънавий зарар ундириш тўғрисида Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига ариза билан мурожаат қилган. Суд эса фуқарога 6 ой давомида меҳнат дафтарчасини қайтариб бермаган Кармана тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимидан мажбурий прогул туфайли даъвогар унинг фойдасига 10 миллион 868 сўм миқдорда компенсация пуллари ва 1 миллион сўм маънавий зарар ундиришни қаноатлантирган.

Билдирилишича, суд ишида Навоий вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг меҳнат муносабатларига масъул ходимларидан бирор ходим иштирок этмаган.

«Чунки ташкилотнинг хатоси билан 6 ой давомида жабр тортиб келган собиқ ходимнинг ҳуқуқлари адолатли тикланди. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 108-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини бериши шарт. Йўқса, мазкур кодекснинг 275-моддаси билан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлайди. Худди Кармана туман фавқулодда вазиятлар бўлими сингари. Меҳнат дафтарчаси фуқарога иш жойидан қайтариб берилмаса, ўша ташкилот ҳолига «вой»,— дейди Ширинбек Очилов.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг