Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Украинадаги ҳарбий асирлар орасида 50 дан ортиқ марказий осиёлик бор – ОАВ

Украинадаги ҳарбий асирлар орасида 50 дан ортиқ марказий осиёлик бор – ОАВ

Айни пайтда Украинадаги ҳарбий асирлар орасида Марказий Осиё давлатларидан бўлган 54 киши бор.

Бу ҳақда «Озодлик радиоси» маълум қилмоқда.

Хабар қилинишича, ҳарбий асир деб тан олинганлар орасида 1 нафар қирғизистонлик, 21 нафар қозоғистонлик, 18 нафар тожикистонлик ва 14 нафар ўзбекистонлик бор.

«Уларнинг айримларида Россия паспорти ҳам бор. Масалан, қозоғистонлик 21 кишидан бор-йўғи олти нафари Қозоғистон, қолганлари Россия фуқаролари», – деб ёзади нашр.

Украина адлия вазири Олга Стефанишина январ ойи охирида Россия-Украина уруши бошлангандан бери Марказий Осиё давлатларининг 30 га яқин фуқароси Украина томонидан асирга олинганини айтган эди.

Шу билан бирга, мамлакат адлия вазири, ҳарбий асирларнинг фуқаролиги ҳақидаги маълумотлар кўпинча уларнинг сўзларидан аниқланиши, аксарият ҳолларда буни тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаслигини айтган.

Ўз навбатида, «Озодлик радиоси» 2024 йил октябр ойида Украинадаги урушда камида 51 нафар қирғиз ҳалок бўлгани, улардан 25 нафари Қирғизистон фуқаролари бўлганини хабар қилган.

Шунингдек, 2024 йил декабр ойида асирликка тушган Ўзбекистон фуқароси ҳақида ҳам маълумот берилади.

Айтилишича, у Запорижжя йўналишида асирга олинган. Тўрт кишидан иборат гуруҳдан фақат бир киши – ўзбекистонлик тирик қолган. Нашрнинг ўзбекистонлик сўзларидан иқтибос келтиришича, унга қайси йўналишда ҳаракатланиши ва ҳужум учун қандай позицияларни эгаллаши айтилган, шундан сўнг у олдинги сафга жўнатилган.

Украина томони ҳарбийларининг айтишича, Ўзбекистон фуқароси дастлаб фронтда ошпаз бўлиб ишлаган. Кейин рус қўмондонлиги уни бошқа аскарлар билан бирга шаҳарга бостириб кириш учун юборган. Бунгача у Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган – Москвадаги ресторанлардан бирида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия-Украина урушида Россия томонидан урушга кирган ўзбекистонликларнинг жиноий иши судда кўрилгани ва жазога тортилгани ҳақида хабар берилган эди. 

Маълумот учун, чет эл давлатлар қуролли кучлари сафига қўшилиш ва жанговар ҳаракатларда қатнашганлик учун Ўзбекистонда жиноий жавобгарлик белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг