Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Трамп меҳмонхонаси яқинида Cybertruck’ни портлатган шахс махсус кучлар аскари бўлиб чиқди

Трамп меҳмонхонаси яқинида Cybertruck’ни портлатган шахс махсус кучлар аскари бўлиб чиқди

Лас-Вегас шерифи Кевин Макмахилл (чапда) портлаган Cybertruck рулида махсус кучлар разведкаси сержанти Метю Ливелсбергер (ўнгда) бўлганини айтди.

Лас-Вегасдаги Трамп меҳмонхонаси олдида Cybertruck’ни портлатиб юборган шахс АҚШ армиясининг махсус кучларида хизмат қилган ҳарбий хизматчи бўлган.

37 ёшли Метю Ливелсбергер махсус кучлар разведкаси сержанти эди. Терговчилар унинг таржимаи ҳоли ва Янги йил оқшомида Янги Орлеанда 15 кишини ўлдирган истеъфодаги ҳарбий Шамсуддин Жабборнинг таржимаи ҳолида бир қанча ўхшашликларни аниқладилар, бироқ улар бир-бирини таниганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Лас-Вегас шерифи Кевин Макмахилл журналистларга портлатилган машинада Ливелсбергернинг ҳарбий гувоҳномаси ва паспорти, шунингдек, унинг номидаги бир нечта кредит карталари, иккита қурол, айфон ва соат топилганини айтди.

Шерифнинг таъкидлашича, якуний хулоса учун ДНК текшируви зарур, чунки Ливелсбергернинг жасади таниб бўлмайдиган даражада ёниб кетган.

Маҳаллий судя пайшанба куни Ливелсбергер ўзини отиб ўлдирганини эълон қилди. Терговчиларнинг фикрича, у портлашдан бир неча сония олдин ўз жонига қасд қилган.

Пентагон вакили Ливелсбергер махсус кучлар аскари эканлигини тасдиқлади ва у таътилда эканини айтди.

Ёқилғи қутилари ва салютлар ортилган пикапнинг портлаши натижасида етти киши жароҳат олган.

ФҚБ  Янги Орлеан қирғини ва Лас-Вегасдаги портлашдан сўнг Жаббор ва Ливелсбергер ўртасида умумий жиҳатлар борлигини айтди: иккаласи ҳам Туро номли компания орқали пикапларни ижарага олган. Уларнинг иккаласи ҳам Шимолий Каролинадаги Форт Браггда (ҳозирги Форт Либерти) хизмат қилишган.

Форт Либерти — улкан ҳарбий база бўлиб, у ерда 50 мингдан ортиқ киши хизмат қилади.

Бундан ташқари, Жаббор ва Ливелсбергер 2009 йилда Афғонистонда бўлган. Аммо, улар у ерда учрашганликлари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

ФҚБ ҳозирча икки воқеалар бир-бири билан боғлиқ эмаслигини ва Жабборнинг ёлғиз ўзи ҳаракат қилганини тахмин қилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг