Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Судья президент Трампнинг фармони ижросини тўхтатиб қўйди

Судья президент Трампнинг фармони ижросини тўхтатиб қўйди

Трамп президентлигининг илк соатида баҳсли ҳужжатларга имзо чеккан.

АҚШнинг Сиэтл шаҳрида фаолият юритувчи федерал судья Жон Кофенур президент Дональд Трампнинг фуқароликка доир фармони ижросини тўхтатиб қўйди.

Трамп 20 январь куни лавозимга киришганининг илк соатларида имзолаган фармонда АҚШда туғилган болаларга автоматик равишда фуқаролик бериш кўзда тутилган конституциявий норма доирасини чеклаш назарда тутилган. Янги маъмурият фикрича, бу нормани АҚШ ҳудудида ноқонуний яшаётган ҳамда қонуний, аммо чекланган муддатда яшаётган хорижликларнинг фарзандларига татбиқ этмаслик лозим. 

Ушбу ташаббусга қарши чиққан инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Трампнинг фармони 1868 йилда қабул қилинган ва бир асрдан зиёд вақт мобайнида амал қилиб келаётган конституциявий меъёрга зид эканини таъкидламоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан бирга, 22 та штат ҳамда бир қанча шаҳарлар ҳокимиятлари федерал судларга ушбу фармон устидан даъво аризаси киритган.

Судья Жон Кофенур Вашингтон, Аризона, Иллинойс ва Орегон штатлари томонидан киритилган даъво аризасини кўриб чиққан ва фармон ижросини тўхтатиш ҳақида ажрим чиқарган.

Хабарларга кўра, суд мажлиси атиги 25 дақиқа давом этган. Адлия вазирлиги  вакили Оқ уйнинг позициясини тушунтираётганида судья «Бу фармон Конституцияга мувофиқ келадими?» деб сўраган. Адлия вакили жавоб қайтаришга тутинганида судья бу фармон Асосий қонунга буткул зид эканини таъкидлаган.

Президент фармони 19 февралдан кучга кириши лозим эди. Судья эса фармон ижросини кейинги суд мажлисига қадар, 14 кунга тўхтатган. Федерал судьянинг ажрими бутун мамлакат бўйлаб мажбурий кучга эга.

Оқ уй ажрим устидан юқори инстанцияларга, Олий судга қадар апелляция аризаси киритиши мумкин. Трамп бу имкониятдан фойдаланишини маълум қилган.

Трамп 20 январь куни кўпчилик қўллаб-қувватлаган ҳужжатлар қатори баҳсли фармонларга ҳам имзо чеккан. Жумладан, у Байден Ғарбий Соҳилда зўравонлик ҳаракатларини содир этаётган яҳудий келгиндиларига нисбатан 2024 йил  февралда жорий этган санкцияни бекор қилган.

Шунингдек, у АҚШнинг барча ташқи ёрдам дастурларини вақтинча тўхтатишни маъқул деб топган. Трампга кўра, «ташқи ёрдам саноати ва бюрократияси Америка манфаатларига мос келмайди ва кўп ҳолларда унинг қадриятларига зиддир».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг