Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россияга кенг кўламли дрон ҳужумлари амалга оширилди

Россияга кенг кўламли дрон ҳужумлари амалга оширилди

Россия ҳудудлари янги дрон ҳужумлари ҳақида хабар беришда давом этмоқда. Москва, Нижний Новгород, Воронеж, Курск ва Тула расмийлари томонидан бу ҳақда хабар қилинди. Ҳужумларда жами 25та дрон ишлатилгани айтилмоқда.

Москва мери Сергей Собяниннинг ёзишича, Москва вилоятидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари пойтахт томон учирилган дронни уриб туширган.

Воронеж вилояти губернатори Александр Гусевнинг сўзларига кўра, «Воронеж осмонида учувчисиз қурилма аниқланган ва йўқ қилинган».

Бундан ташқари, Курск вилояти губернатори Роман Старовоит ўзининг телеграм-каналида минтақа узра яна бешта дрон уриб туширилганини ёзди. Аввалроқ у Россия ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган битта дрон ҳақида гапирган эди.

Тула вилояти ҳудудий хавфсизлик вазирлиги, шунингдек, минтақада учувчисиз қурилма уриб туширилгани, натижада жабрланганлар ва вайронагарчиликлар йўқлигини маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».

Сешанбага ўтар кечаси Белгород вилояти губернатори ҳам дрон ҳужумлари ҳақида ёзган. Унинг сўзларига кўра, портловчи қурилмалар электр тармоғига урилганидан кейин еттита аҳоли пункти электр таъминотисиз қолган.

Орёл вилояти маъмуриятининг маълум қилишича, Орёлдаги нефть базасига учувчисиз қурилманинг урилгани ёнғинга сабаб бўлган. Ҳозир 60 га яқин одам ва ўт ўчириш поезди уни ўчиришга ҳаракат қилмоқда.

Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири бўлган Нижний Новгород вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводига учувчисиз қурилма урилгани ҳақида хабар қилинди.

Нижний Новгород вилояти губернатори Глеб Никитин Кстово шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводига дрон зарбаси берилгани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади.

Унинг қайд этишича, зарба натижасида «нефтни қайта ишлаш заводларидан бирида» ёнғин келиб чиққан ва «дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ».

Украина расмийлари Россия ҳудудларида дрон ҳужумлари ҳақидаги маълумотларни изоҳламади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг