Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Путин: Россия «Крокус»даги терактни ким содир этганини билади

Путин: Россия «Крокус»даги терактни ким содир этганини билади

Россия президенти Владимир Путин «Крокус Сити Холл»даги терактдан кейин кўрилган чора-тадбирлар бўйича йиғилиш ўтказди. У холис текширув ўтказиш, буюртмачиларни топишни буюрди ва террорчиларнинг мақсадлари ҳақида гапирди.

«Биз биламизки, жиноятни ислом оламининг ўзи асрлар давомида курашиб келаётган радикаллар содир этган», дейди Путин.

У махсус хизматлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ҳамкорликда бир қатор саволларга, жумладан, радикал ва террористик ташкилотлар Россияга зарба беришдан ҳақиқатан ҳам манфаатдорми, деган саволларга жавоб олиш зарурлигини таъкидлади.

Путиннинг қўшимча қилишича, айбдорларни жазолаш истагига қарамай, тергов энг юқори даражада профессионал, холис ва сиёсий тарафкашликсиз ўтказилиши керак.

У, шунингдек, теракт юзасидан терговнинг бориши ҳақида мунтазам ҳисобот беришни сўраган.

Путин террорчиларнинг мақсадлари ҳақида гапириб, буюртмачини топишга чақирди.

«Крокус Сити Холл» концерт залида теракт уюштиришни режалаштирганлар Россия жамиятида ваҳима ва нифоқ экишга умид қилишган, деди Россия президенти.

«22 март куни Россия пойтахтида содир этилган даҳшатли жиноят қўрқитиш ҳаракатидир. Ва дарҳол савол туғилади: бундан кимга фойда бор? Россия ва унинг халқига нисбатан бу ваҳшийлик кимнинг қўли билан қилинган? Бизни буюртмачи ким эканлиги қизиқтиради», қайд этди у.

Путин ўз чиқишида Украинани терактга алоқадорликда айблаган.

Ўз навбатида, Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Черняк «Крокус Сити Холл»да содир бўлган воқеаларга Киевнинг алоқадорлигини рад этди. Худди шундай баёнотни Украина президенти Владимир Зеленскийнинг маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳам айтди.

Буюк Британия мудофаа вазири Грант Шаппснинг айтишича, Лондонда ушбу теракт ва Украина ўртасидаги боғлиқлик ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг