ЕИ Ғазога 120 млн евролик кўмак ажратди
Европа Иттифоқининг фаластинлик муҳтожларга кўмак кўрсатиш бўйича узоқ йиллик мажбурияти доирасида ва минтақадаги сўнгги вазиятларни ҳисобга олган ҳолда, Европа комиссияси Ғазога 120 миллион евро миқдорида янги ёрдам пакетини эълон қилди.
Еврокомиссия матбуот хизмати хабарига кўра, ёрдам тўплами озиқ-овқат, тиббиёт муассасаларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва тиббий таъминотни таъминлаш, сув ва санитария хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, хавфсиз бошпана, ҳимояга муҳтож аҳолини дастаклаш кабиларни ўз ичига олади.
«Ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича келишув минтақага сув билан ҳаводек зарур бўлган умидни келтирди. Бироқ Ғазода гуманитар вазият жуда оғирлигича қолмоқда. Европа 2025 йилда фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун 120 миллион евро миқдоридаги кўмак, шунингдек, юк кўринишидаги ёрдамларни йўналтиради», – деб баёнот берди Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен.
Брюссель расмийларига кўра, ЕИ инсонпарварлик ёрдамини тезкор етказиш учун у ердаги ҳамкорлар, хусусан, БМТ агентликлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
«Фаластинликлар учун кўмак фаолиятимиз ҳали якунига етмаган. Хавфсиз, барқарор ва тўсиқсиз инсонпарварлик ёрдамини зудлик билан етказиб бериш талаб қилинмоқда. Европа Иттифоқи Ғазо аҳолисини қўллаб-қувватлашга содиқдир», – деган Тенглик, тайёргарлик ва инқирозни бошқариш бўйича комиссар Ҳаджа Лаҳбиб.
Маълумотларга қараганда, ЕИ 2023 йилдан бери Ғазога кўрсатган гуманитар ёрдам ҳажми 450 миллион евродан ошди. Брюссель, шунингдек, инқироздан жабрланган одамларга ёрдам учун гуманитар ҳаво кўприги операциясини ишга туширди. 60 дан ортиқ парвоз орқали ЕИ ва унга аъзо давлатлар 3800 тоннадан зиёд хайрия юки етказди.
Эртага, 19 январь куни Исроил ва ҲАМАС ўртасида тинчлик битими кучга кириши кутилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Фаластиндаги вакили Рик Пиперкорн тинчлик битими кучга киргач, БМТ ва ЖССТ Ғазо секторига ҳар куни 500-600 та юк машинасида инсонпарварлик ёрдами етказмоқчи эканини маълум қилди.
Халқаро ташкилотлар Ғазо секторида озиқ-овқат, сув ва дори-дармон етишмовчилиги авж олгани, ҳудуд мисли кўрилмаган гуманитар фалокатга дучор бўлгани ҳақида бонг урмоқда. 2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган урушда 46 минг нафардан зиёд фаластинлик ҳалок бўлган, 110 минг нафардан зиёди жароҳатланган. Ғазо секторида тиббиёт, таълим тизимлари ҳамда инфратузилма бутунлай издан чиққан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter