Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

БМТ келажак талабларига ҳам жавоб бериши керак – Анналена Бербок

БМТ келажак талабларига ҳам жавоб бериши керак – Анналена Бербок

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок БМТ Бош ассамблеяси 79-сессияси доирасидаги чиқишларида дунёда беқарорлик ҳукм сураётган бир пайтда мазкур халқаро ташкилотнинг ўрни ва роли кучли бўлиши лозимлигини таъкидлади.

«Тинчликни мустаҳкамлаш ва янада барқарор тараққиётга эришиш учун БМТ келажак талабларига ҳам жавоб бермоғи лозим. Шу боис ҳам Германия Намибия билан биргаликда бугун қабул қилинган Келажак пактини фаол тарғиб этиб келган эди», – деди олмон бош дипломати.

Расмий Берлин БМТ Хавфсизлик кенгаши XXI аср воқелигига мувофиқ бўлиши лозим деб ҳисоблайди. Масъулиятли вазифаларни зиммасига олиш учун Германия 2027-2028 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашида муваққат аъзолик учун номзодини илгари сурган. Шунингдек, мамлакат Хавфсизлик кенгаши Африка, Осиё ва Лотин Америкаси манфаатларини янада кўпроқ ҳисобга олиши учун “Тўртлар гуруҳи”га кирувчи Бразилия, Ҳиндистон, Япония билан ҳамкорликда ишламоқда. 

Халқаро тузилмага бадал тўлови миқдори бўйича тўртинчи ўринни эгаллаган Германия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолигига ҳам интилмоқда.

Кремлнинг босқинчилик сиёсатига тўхталган А.Бербок Россия нафақат Украина, балки Европадаги тинчлик ва халқаро тартибга ҳам қарши чиқаётганини таъкидлаган. Шунга кўра БМТ низомларига амал қилиш муҳимлигини урғулаган.

«Агар биз Хавфсизлик кенгаши аъзоси, беш доимий аъзодан бири мақсадига куч ва зўровонлик билан эришишига йўл қўйсак, у ҳолда нафақат халқаро ҳамжамиятга, балки сайёрамизнинг умумий келажагига ҳам ҳалокатли таҳдид юзага келади», – деди Германия вазири.

Аввалроқ Анналена Бербок босқинчилик урушини бошлаган шахслар муқаррар жавобгарликка тортилиши учун халқаро ҳуқуқни ислоҳ этишни таклиф қилганди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг