Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

БМТ бош котиби Рамазоннинг илк кунида чақириқ билан чиқди

БМТ бош котиби Рамазоннинг илк кунида чақириқ билан чиқди

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи бошланганига қарамай, Ғазо секторида хунрезлик давом этаётганини танқид қилди.

«Рамазон бу шундай муддатки, дунё мусулмонлари уни ўзгача нишонлашади, тинчлик, муроса ва бирдамлик қадриятларини тараннум этишади. Аммо бу йил Рамазон бошланганига қарамай, Ғазода ўлимлар, бомбардимонлар ҳамда хунрезлик давом этмоқда», – деди БМТ етакчиси Нью-Йоркдаги брифингда.

Гутерриш муқаддас ой киргани муносабати билан Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.

«Бугун мен Рамазон руҳига мувофиқ равишда ўт очишни тўхтатиш ва (Ғазо секторига) ҳаётий аҳамиятга эга тезкор кўмакни етказиш йўлидаги барча тўсиқларни бартараф қилишга чорлайман. Айни вақтда бизга бутун дунёнинг, тарихнинг нигоҳи қаратилган. Биз ундан юз ўгира олмаймиз. Биз ўлимларнинг олдини олиш учун керакли чораларни кўришимиз шарт», – деди А.Гутерриш.

Сиёсатчи, шунингдек, асирларни озод қилиш лозимлигини ҳам урғулади.

БМТ бош котиби Ғазода тинч аҳоли вакиллари ўлими мисли кўрилмаган даражага етгани, халқаро ҳуқуқ ҳам поймол бўлаётганини таассуф билан қайд этди. У Исроил томонидан Рафаҳга ҳужум уюштирилиши жуда оғир оқибатларга олиб келишидан ҳам огоҳлантирди. 

Исроил ҳарбийлари 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан буён 31100 дан зиёд фаластинлик (13500 нафар болалар ва 9000 нафар аёллар) ўлдирилди, 72760 киши жароҳатланди.

Рамазоннинг илк кунида ҳам бомбардимонлар оқибатида ўнлаб ғазоликлар ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Халқаро ташкилотлар гуманитар ҳалокат ёқасидаги Ғазо секторига қуруқлик орқали мунтазам кўмак етказиш лозимлигини талаб қилмоқда.

БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича директори Адель Ходр Исроил блокадаси туфайли Ғазода болалар, хусусан, чақалоқлар ўлими хавфи кескин ошганидан огоҳлантирди.

Халқаро ташкилот вакили тиббий хизмат издан чиққан ҳудудда болалар ҳаётини сақлаб қолиш икки карра мушкул эканини урғулаган. Қайд этилишича, болалар очлик сабаб чорва молларига мўлжалланган озуқаларни ҳам истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда.

БМТга кўра, сўнгги вақтларда Ғазода очлик даражаси 12 бараварга ортди.

17 йил қисман блокада шароитида яшаган Ғазо сектори 2023 йил октябрь ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган.

Айни пайтда 2,3 миллион аҳоли ҳаётига Исроил бомбаларидан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солиб турибди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг