Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Байден билан Нетаняҳу орасидан яна қора мушук ўтди

Байден билан Нетаняҳу орасидан яна қора мушук ўтди

АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали мулоқотда минтақада беқарорликни кучайтиришга қаратилган ҳаракатларни бас қилиш, шунингдек, Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва асирларни озод қилиш бўйича битимни тезроқ имзолашни талаб қилди. Бу ҳақда «Axios» нашри Вашингтон ҳукуматидаги манбаларига таяниб хабар берди.

Хабарингиз бор, 31 июлга ўтар кечаси ҲАМАС сиёсий етакчиси Исмоил Ҳания Теҳронда ўлдирилди.

Эрон ва ҲАМАС Ҳаниянинг ўлимида Исроилни айблади. Эрон расмийлари бу ишга АҚШ алоқадорлиги ҳақида баёнот берди.

Яқинда Исроил армияси Байрут шаҳрига берган ракета зарбасида «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг қўмондонларидан бири Фуад Шукр (Саййид Муҳсин) ҳам ўлдирилди.

«Axios»нинг ёзишича, Оқ уй бу икки шахснинг ўлдирилганидан таассуфда эмас. Аммо президент Байден Исроил бош вазири бу қотилликларни унга маълум қилмасдан, ўзбилармонлик билан амалга оширганидан хафа бўлган. Шунга кўра у Исроил бош вазирига қатъий норозилик билдирган.

«The Times of Israel» газетаси ҳам «Axios» хабарини тасдиқлаган. Исроил нашрига кўра, Байден Нетаняҳуга Ғазода оташкесимга эришиш муҳимлигини уқтирар экан, ёлғон гапиришни тўхтатишни талаб қилган. 

Исроил армияси 2023 йил 7 октябрдан буён ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазо секторида қирғинбарот уруш олиб бормоқда. Ҳозирга қадар Ғазода 39 550 нафар  фаластинлик, жумладан, минглаб болалар ва аёллар ҳалок бўлди. Қўшма Штатлар урушнинг илк кунидан бошлаб Исроил армиясини моддий, сиёссий ва маънавий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шу боис АҚШ Ғазодаги хунрезликка шерик сифатида айбланмоқда. 

«Politico» нашрининг ёзишича, Исроил бош вазирининг Ғазода олиб бораётган, минглаб тинч аҳоли вакили ўлимига сабаб бўлаётган уруши сабаб Байден етакчилигидаги демократлар миллионлаб либерал сайловчилар овозини йўқотмоқда.  Айни чоқда, Оқ уй Нетаняҳу АҚШни Яқин Шарқдаги кенг кўламли урушга тортиб кетишидан хавотирда.

Президент сайлови яқинлашаётган паллада Оқ уй Нетаняҳу маъмуриятидан ҲАМАС билан тезроқ ўт очишни тўхтатиш ва асирларни озод қилиш бўйича келишув имзолашни сўрамоқда. Аммо ҲАМАС сиёсий қаноти раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши сулҳ режасини деярли йўққа чиқарган.

Байден ва Нетаняҳу муносабати кейинги вақтларда анча таранглашди. Жорий йил февраль ойида АҚШ президенти тор доирадаги мулоқотларда Исроил бош вазирини сўкиниш билан зикр қилгани ўртага чиққан эди.

Жузъий эътирозларга қарамай, Вашингтон маъмурияти Тель-Авивни қўллаб-қувватлаш ниятида собит. Ҳаниянинг Теҳронда ўлдирилиши ортидан Эрон яҳудий давлатига жавоб зарбаси бериши кутилаётган шу кунларда ҳам АҚШ Исроил билан елкадош турибди. Қўшма Штатлар Исроил мудофаасини қўллаб-қувватлаш учун Яқин Шарққа қўшимча ҳарбий куч ва техника юборган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг