Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШнинг кескин қарори Россияни хавотирга солиб қўйди

АҚШнинг кескин қарори Россияни хавотирга солиб қўйди

Tomahawk 1800 км масофадаги нишонни йўқ қилиши мумкин.

АҚШ Россиянинг ҳарбий салоҳиятини тийиб туриш ва НАТО доирасидаги ҳамкорларини ҳимоя қилиш учун Европа бўйлаб узоқ масофага учувчи ракеталарни жойлаштиришга қарор қилди. Бу ҳақда Вашингтонда ўтказилган НАТО саммитида маълум қилинди.

Хусусан, 2026 йилдан Германияга Tomahawk русумли қанотли ракеталар ва олис масофадаги нишонларни уришга мўлжалланган бошқа аслаҳалар келтирилади. АҚШ ва Германия томонидан берилган қўшма баёнотда айни пайтда Европада жойлаштирилган ракеталардан узоқроқ масофага учириладиган SM-6 зенит ракеталари ва товушдан тез парвоз қилувчи қурилмалар ҳақида гап боради.

Таҳлилчилар Германияда “совуқ уруш” давридан буён илк бор Россия ҳудудидаги нишонларга қадар етиб борувчи ракеталар жойлаштирилаётганини таъкидлаган.

Германия ҳам TAURUS русумли ракеталарга эга. Аммо АҚШнинг Tomahawk ракеталари маълум устунликка эга. Олмон ракеталари самолёт орқали ташланса, АҚШ ракеталари кема ва сувости кемаларидан отилади. Ҳар икки русумдаги ракеталар паст масофада рақиб ҳудуди томон учиб, қўмондонлик марказлари, бункер ва радарларни йўқ қилади.

Германиядаги АҚШ ракеталарининг эҳтимолий парвоз йўналишлари. Фото: “Коммерсантъ”

Россия Украинага бостириб кирганидан буён АҚШ Шимолий Атлантика иттифоқи доирасидаги ҳамкорларнинг ҳар бир қарич ҳудудини ҳимоя қилишга ваъда бериб келади. Вашингтон Европага узоқ масофага учувчи ракеталарини жойлаштириш қарорини ҳам ушбу истак билан изоҳлаган.

Қарийб 50 йиллик танаффусдан кейин Қўшма Штатлар ракеталарининг Россияга яқин ҳудудда пайдо бўлаётгани Москвада хавотир билан қаршиланди.

Аввал хабар берганимиздек, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Вашингтон ва Берлиннинг бу қарорини “совуқ уруш” даврига қайтиш деб баҳолади.

РФ ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Пентагоннинг ушбу режасини Россия хавфсизлигига таҳдид деб атади.

“Асабийлашмасдан, эҳтиросга берилмасдан янги таҳдидларга энг аввало ҳарбий жавоб ҳозирлаймиз”, – деди рус дипломати. 

“Коммерсантъ” газетаси Германияда жойлаштирилган АҚШ ракеталарининг эҳтимолий парвоз масофаси ва нишонлари чизмасини ишлаб чиқди. Унга кўра, SM-6 русумли ракеталар 740 км масофага учиши мумкин. 1800 км га қадар парвоз қилувчи Tomahawk қанотли ракеталари Москва ва Санкт-Петербург каби йирик шаҳарларга етиб боради. Товушдан тез учувчи ракеталар (LRHW Dark  Eagle) эса 2775 км гача парвоз қилиб, Мурманскдан то Волгоградга қадар бўлган ҳудудлардаги нишонларга йўқ қилиш қувватига эга.

НАТОнинг АҚШ мезбонлигида ўтган сўнгги саммитида Россия учун ҳозирланган “туҳфа” бу билан чекланмайди. Шимолий Атлантика альянси давлатлари Украина мудофааси учун йил давомида 40 миллиард евро ажратмоқчи. Россия ҳужумларини қайтариш учун Украинага қўшимча яна 5 та ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими етказиш ваъда қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг