Абу Даби cаммитида Тўқаев ҳам қатнашади
Жорий йил 14-15 январь кунлари бўлиб ўтадиган “Абу Даби Барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида БАА президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам қатнашади. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати маълум қилди.
Аввал хабар берганимиздек, БАА пойтахтида бўлиб ўтадиган нуфузли анжуманда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.
“Саммитда иштирок этиш 2024 йил ноябрь ойида БМТнинг иқлим ўзгариши саммити (COP29) доирасида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми саналади. Ўшанда Қозоғистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида “яшил” энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисида битим имзоланган. Шунингдек, кейинроқ Саудия Арабистони ҳам қўшилган “яшил” энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида дастур маъқулланган. Буларнинг бари Париж битими ва Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида иқлимни муҳофаза қилиш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларимизни ифодалайди”, – дея саммитнинг аҳамиятини баҳолаган Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси.
Эслатиб ўтамиз, уч давлат ўртасида яшил битим имзоланишида сўзга чиққан президент Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия иқтисодий мақсад эмас, балки келажакка қўшилаётган ҳисса, келгуси авлодлар олдидаги масъулият туйғусининг натижаси эканини таъкидлаганди.
“Абу Даби Барқарор ривожланиш ҳафталиги” (Abu Dhabi Sustainability Week) барқарор тараққиёт, яшил энергетика ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш жараёнини қўллаб-қувватлашга қаратилган. 2008 йилда асос солинган ушбу платформа дунё бўйлаб ҳукумат идоралари, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти намояндаларини бирлаштиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter