SpaceX иккита тижорий қурилмани Ойга учирди
Кеча, 15 январ куни SpaceX компанияси Канаверал бурнида жойлашган космодромдан Falcon 9 ракетасини учирди. Ракета бир йўла икки тижорий фазовий қурилма — Blue Ghost (Firefly Aerospace, АҚШ) ҳамда Resilience (ispace, Япония)ни олиб кўкка парвоз қилди.
Ҳар икки фазовий кема Ойга йўл олди.
Blue Ghost 45 кунда Ойга етиб бориб, Инқирозлар денгизига қўниши режалаштирилган. Унинг фойдали юкланмаси жами 94 килограммлик 10 та юкдан иборат.
Бу илмий дастурнинг мақсади Ой қаъри тузилишини ва реголит (Ой тупроғи)ни ўрганиш, Ойга GPS тизими сигналлари қандай етиб боришини, Ергача аниқ масофани аниқлаш, радиацияга чидамли компютерни синовдан ўтказиш, Қуёш шамолининг Ер магнитосферасига таъсиридаги ўзгаришларни қайд этиш кабилардан иборат.
Resilience эса Ойга 4-5 ойдан сўнг етиб боради. Японларга тегишли бу қурилма Ойдаги Совуқ денгизга қўнади.
Унинг бортида 6 та фойдали юк бор: Ойда сув ўтларидан озиқ-овқат тайёрлаш тажрибасини ўтказувчи модул, Ой реголитини тўпловчи қурилма, Tenacious луноходи, сувни электролизлаш қурилмаси, радиация кўрсаткичи ҳамда Bandai Namco Inc институти яратган эсдалик ёрлиқчаси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter