Рақамли технологиялар вазири ҳамраис этиб сайланди
![Рақамли технологиялар вазири ҳамраис этиб сайланди](https://static.xabaruz.com/crop/2/3/920__95_2301069071.jpg)
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон ҳукумати саммити (World Government Summit) халқаро анжумани доирасида «Global Councils On SDGs» мавзусидаги сессия ташкил этилди.
Унда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ўз нутқи билан иштирок этди.
Ушбу сессияда БАА Ҳукуматни ривожлантириш ва келажак бўйича давлат вазири, «SDG» Глобал Кенгашлар президенти Оҳуд Ҳалфан Ол Роумий сўзга чиқиб, ривожланаётган давлатларни Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда энг яхши ечимларга, ўзаро халқаро ҳамкорликни кучайтиришга ва вақтни самарали тақсимлашга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, у вазир Шерзод Шерматов 2026 йил якунига қадар Кенгашнинг Барқарор ривожланиш мақсади «Саноат, инновация ва инфратузилма» (SDG 9) бўйича ҳамраиси этиб сайланганлигини эълон қилиб ўтди.
SDG 9 – бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан 2015 йилда қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDGs – Sustainable Development Goals) таркибига киради.
SDG 9 глобал миқёсда саноат ривожланишини қўллаб-қувватлаш, инновацияларни рағбатлантириш ва инфратузилмани яхшилаш орқали иқтисодий ўсишга ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бугунги кунда рақамли иқтисодиётнинг ўсиши тобора жадал суръатларда давом этаётгани, ривожланаётган мамлакатлар илғор технологияларни нолдан жорий қилиш орқали тезроқ ривожланиш имкониятига эга бўлиши, бу жараёнда халқаро ҳамкорликнинг ўрни беқиёслигини таъкидлади.
«Бугунги дунёда демографик ўзгаришлар муҳим аҳамият касб этаётгани, ривожланган мамлакатларда аҳоли сони қисқариб, кексайиш жараёни давом этаётган бўлса, ривожланаётган мамлакатларда аҳоли ўсиш суръати юқори.
Бу эса меҳнат бозорида катта ўзгаришларни келтириб чиқармоқда. Ишчи кучига эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда, кўплаб мамлакатларда миграция бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу боис, ривожланаётган мамлакатлар масофавий ишлашни кенгайтириш, BPO ва KPO хизматлари имкониятларини оширишлари жуда муҳимдир», – деди вазир Ш. Шерматов.
Шунингдек, вазир бунга параллел равишда ривожланаётган мамлакатларда онлайн таълим платформаларини ривожлантириш ҳам устувор вазифалардан бири эканини қўшимча қилди. Барча ёшлар илғор таълим ресурсларига кириш имкониятига эга бўлишлари кераклигини таъкидлади.
Сессия давомида инновациялар ривожланаётган мамлакатлар учун ҳам очиқ бўлиши лозимлиги, илмий тадқиқот ва ишланмалар асосан ривожланган давлатларда амалга оширилади, лекин бу технологиялар очиқ манбали тарзда улашилса, бутун инсоният бундан фойда кўриши мумкинлиги, айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муҳим соҳаларда инновацияларни оммалаштириш катта фойда келтириши қайд этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter