Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Япония элчиси ўзбекистонлик ёшларнинг тил билиш салоҳиятига юқори баҳо берди

Япония элчиси ўзбекистонлик ёшларнинг тил билиш салоҳиятига юқори баҳо берди

Ўзбекистондаги 18 та таълим муассасасида 3500 дан зиёд ёшлар япон тилини ўрганмоқда. Бу ҳақда Япониянинг юртимиздаги элчиси Такаши Ҳатори анъанавий япон тили нотиқлик санъати республика танловидаги нутқида маълум қилди.

Дипломат ўзбекистонлик талабаларнинг япон тилини билиш салоҳиятига юқори баҳо берди.

«Мен нотиқлик санъати танловида иккинчи маротаба қатнашмоқдаман. Аввалги танловда иштирок этган талабаларнинг япон тили даражаси юқорилигини кўриб, ҳайратга тушганим ҳали-ҳануз ёдимда. Шунингдек, ўзбек талабаларининг Москвада бўлиб ўтган халқаро нотиқлик санъати ҳамда Марказий Осиё нотиқлик санъати танловларида юқори натижалар кўрсатганликларидан барчамиз хабардормиз. Бу каби юксак натижаларга япон тили устозлари кўмагисиз эришиш имконсиз», – деб таъкидлади Такаши Ҳатори.

Элчи Кунчиқар ўлка тилини ўргатаётган фидойи  устозларга ҳамда тиришқоқ талабаларга ташаккур изҳор этди.

Тошкент давлат юридик университетида ташкил этилган 32-япон тили нотиқлик санъати танловида юртимиздаги турли таълим муассасалари талабалари ўзаро беллашди.

Танлов шартига кўра, номзодлар япон тилида эркин мавзу бўйича 5 дақиқа сўзлади, кейин эса ҳакамларнинг саволларига жавоб берди. Ҳакамлар ҳайъати ёш билимдонларнинг сўз бойлиги, нотиқлик маҳорати, шунингдек, фикрларнинг оригиналлиги ва мағзи тўқлигига эътибор қаратди.

Якунда Омина Зийнатова (Тошкентдаги Ўзбек–Япон маркази) биринчи, Машҳура Бобонова (Тошкент давлат шарқшунослик университети) иккинчи, Муҳаммаддиёр Исматуллаев  (Фарғона вилояти Риштон туманидаги «Норико-Гаккю» маданий маркази) учинчи ва Маржона Мардонова  (Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети) тўртинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар танловнинг май ойида ўтадиган Марказий Осиё босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Япония элчихонаси, Ўзбекистондаги япон тили ўқитувчилари жамияти ҳамда ҳамкорлар томонидан ўтказиладиган ижодий-интеллектуал беллашувдан кўзланган мақсад япон тили таълимини янада ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги маданий алмашувни чуқурлаштиришдан иборатдир.

Ўзбекистон ва Япония ўртасида турли соҳалар қатори тил таълими бўйича ҳам алоқалар мустаҳкамланмоқда. Аввал хабар берганимиздек, Токио чет тиллар университети ходими, юртимизда бир неча йил давомида фаолият юритган Хидака Синсуке Японияда ўзбек тили бўйича дарслик нашр этди. Мутахассиснинг фикрича, ўқувчилар дарсликни пухта ўрганганидан сўнг Ўзбекистонга таржимонсиз саёҳат қилиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг