Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Табаққа эмас, қабаққа қара» ёхуд сербиялик журналист кимга раҳмат айтган эди?

«Табаққа эмас, қабаққа қара» ёхуд сербиялик журналист кимга раҳмат айтган эди?

Одатдаги иш кунларининг бирида дўстлар телефон қилиб, қўшни Қозоғистонга сафарга кетишаётганлигини, от  пойгаси ва кураш томошаларини кузатишга бораётганлигини айтиб, мени ҳам таклиф этишди. Болаликдан спортнинг ушбу турларига қизиқаман. Кураш тушиб тўймасдик, отда юриш эса жону дилим. Аммо, рости шу иссиқда бир ерга бориш малол келади, деб иккиланиброқ майли, дедим.

Икки-уч кундан кейин Олмаотага учдик. Бир ярим соат парвоздан сўнг тунги Олмаота шаҳрини кўриш насиб қилди. Шаҳарнинг ҳавоси тозалиги, салқинлигидан баҳри дилим очилди. Мезбонларнинг очиқ чеҳра билан кутиб олиши, ўта замонавий ва шинам меҳмонхонадаги хизматларни кўриб эса келишга иккиланганимдан хижолат тортдим. Тўғриси, ён қўшниларнинг ҳаёти анча ўзгариб кетганлигидан хурсанд бўлдим, ҳавас қилдим.

Биринчи кун

Биласиз, Олмаота тоғлар бағрида жойлашган. Табиат инъом этган тоғлардан қай даражада фойдаланишни ҳам билиш керак экан. Мезбонлар бизни – Сербия, Руминия, Озарбайжон, Арманистон, Грузия ва Ўзбекистондан келган журналистларни тоғ бағридаги дам олиш масканига таклиф қилишди. Канатга чиқиб, тепаликка юқорилай бошладик. Манзара шунчалар жозибали эдики, тасвирлашга тил ожиз. Канатда 6200 метр баландликка чиқдик. Ҳар икки километрда бошқа канатга чиқилади. Ҳар тўхташ жойида эса ресторан, суратга тушиш жойлари, маиший хизмат турлари учун мўлжалланган хоналар ишлаб турибди. Канатдан канатга ўтиш учун эса пул тўламайсиз. Бошидаги тўлов канатлараро ва қайтишда ҳам амал қиларкан. Шу жойига қойил қолдим, рости, бизда бунақа эмас.

Сайёҳлар оқими тинмайди. Турли мамлакатдан келганлар завқу шавқ ила айланиб юришибди. Энг тепаликка чиққанимизда совқотдик, қор қуртини биринчи марта ўша ерда кўрдим. Ҳамкасблар ҳар хил тилда гапиради, аммо ҳайратнинг, завқнинг даражасини таржимонсиз ҳам англаса бўлади. Биз ҳаммамиз яйрадик, таъсирландик.

Дарвоқе, дам олиш масканигача шаҳар марказидан ярим соатлик йўл экан. «Тойота»да бораётиб, атрофни кузатаман. Улкан дарахтлар, гулу гулзорлар. Худди қуюқ ўрмонга ўхшайди. Ҳаво шунинг учун ҳам мусаффо бўлса керак. Улар дарахтни эмас, дарахт кесувчини ёмон кўришаркан. Ҳар бир дарахтни авайлаб-асрашар экан. Кимгадир эриш туюлса ҳам айтаман: бу манзилда автомашиналар тураржойи бепул. Бирор ерда икки соатга бунча пул, унча пул деган ёзувларни кўрмадик. Буям маданият ва меҳмондўстликнинг муҳим белгиси!

Тушликда грузин ресторанига таклиф қилишди. Гуржиларнинг дунёга машҳур миллий таомлари ўз йўлига, лекин менга таъсир қилгани шуки, ресторанда икки соат ўтирган бўлсак, бирорта хориж мусиқаси ёки қўшиғи эшитилмади. Бошдан оёқ фақат грузин наволари янграб турди. Буям ватанпарварликнинг, ўзининг миллий мусиқасини, маданияти ва анъаналарини ўзига хос тарғиб этишнинг намунаси. Шу ўринда бир воқеа эсимга тушди. Қайсидир йили четдан келган меҳмонларни олиб номдор бир ресторанга бордик. Бироз ўтиб Шерали Жўраев ижросидаги «Ўзбегим» ашуласини қўйишларини илтимос қилдим. Қўшиқ бошланиши билан қий-чув кўтарилди. Роса хурсанд бўлдим аввал, кейин билсам, бошқа ўтирганлар шўх мусиқалар тўхтаб, ўзбекона қўшиқ айтилганига қаршилик қилаётган экан. Хафа бўлиб кетдим. Ахир, ҳар қандай ютуқ ва муваффақият ватанпарварликдан бошланади. Ватанпарварлик эса миллий қадриятларни, ўзликни ҳурмат қилишдан ранг олади. Тан олайлик, шу жиҳатлар бизда етишмайди.

Иккинчи кун

Сафарнинг асосий тадбирлари бўлиб ўтадиган жойга йўл олдик. Манзил Абай вилояти, Ақсуат тумани экан. Қозоғистоннинг шарқий қисмидаги бу туманнинг маъмурий маркази – Ақсуат қишлоғи. Аҳолиси: 44 831 нафар. Олмаотадан 950 километр узоқликда жойлашган туманга автобусда бордик. Замонавий, қулай автобусда кетарканмиз, эътиборимни йўлларнинг равонлиги тортди. Ўйдим-чуқур йўлларга, кавлаб ташланган ёки қандайдир тўсиқлар қўйилган кўчаларга ўрганиб қолган эканмизми, дафъатан бундай текис йўлга кўникаолмадим. Ана тугар, мана тугар деб кетяпман, йўқ, бу равонликнинг охири йўқ экан. Энг қизиғи, шунча масофада на бир патрул хизматини, на постни кўрдик. Бунинг ўрнига супермаркетлар, озода ва топ-тоза ҳожатхоналар, АЁҚШларни кўрдик. Ҳеч қаерда навбат йўқ, ҳаммаси ўз ўрнида ва жойида. Ерга сочилиб ётган баклажкаларни, сигарету ғижимланган қоғозларни, писта пўчоқларини кўрмадик. Папирос чекиб бефаросатларча оёқ остига ташлайдиган, машина ойнасидан ахлат улоқтирадиганлар учун жарима бор экан. Жарима ўз йўлига, она заминни пок асрашдек шарафли бурч бовурларимиз учун юрак амрига айланиб бораётганидан таъсирландим.

Ақсуатда туман депутати Даулат Тестекей ташаббуси билан кураш мусобақаси ўтказилди. Беллашувда Қозоғистоннинг барча ҳудудидан энг номдор полвонлар ташриф буюрди. Эрталабдан кечгача бўлиб ўтган кураш мусобақалари учун стадионда жой қилинган.

Мусобақани шарҳлаб бораётган мураббийнинг сўз бойлигига, қочиримларига қойил қолмасликнинг иложи бўлмади. Негаки у шарҳловчига эмас, кўпроқ оқинларга ўхшаб кетарди. Ҳар бир сўзида бир ҳикмат, ҳар бир шарҳида бир шеър билан ҳамманинг диққатини ўзига қаратди. Курашнинг асл мақсади жисман ва руҳан чиниқиш эканлигини айтди. Бу дунёнинг ўзи курашдан иборат, курашга тайёр бўлмасанг четга чиқиб қоласан, шунинг учун ёнбош тушасанми, ўмбалоқ ошасанми, нима бўлсаям кураш туш, курашиб яша, деб барчанинг олқишига сазовор бўлди. Айтганча, у зўр чиқиш қилган курашчини шарафлар экан, бир гапни кўп такрорларди: “Хусамат”. Бу нима дегани экан деб қизиқсам, бизнинг тилда хушомад деган маънони билдираркан. Курашчига қарсак чалинглар дегани экан. Шу баҳона қарсакнинг асл моҳияти хушомадга қаратилганини билиб олдик...

Ёшу қари қийқириғу олқишлар билан кузатган мусобақа ғолиблари учун саккизта замонавий машина қўйилгани эътиборимни тортди. Бунинг ҳомийи ким, кимга керак бунча харажат, деган саволларга жавобни депутатнинг ўзи берди. У барча харажатларни ўз ёнидан қилган экан. Бундан ташқари, қозоғистонлик энг машҳур артистлар, актёрлар кечқурун стадионда уюштирилган гала концертда қатнашишди. Одамлар кўзда ёшу қалбда ғурур билан қозоқ халқининг улуғлари, уларнинг ҳаётию ҳикматларини жамлаган “Тарихга таъзим” номли спектаклни томоша қилишди.

Мана шу томошаю дабдабанинг ҳаммасига сабабчи ўша туман депутати экан. Туманнинг битта депутати бизнинг қарсак чалишу аллақачон тасдиқдан ўтиб бўлган лойиҳаларни маъқуллашдан бошқага ярамайдиган айрим депутатларимиздан кўп ишни қилаётгани ғоят эътиборлидир. Айтганча, шу депутат гарчи тадбирларига ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам кўп болали аёлга ўз ҳисобидан уч хонали уйнинг калитини топширди. Ортиқча гап-сўзларсиз, кўз-кўзларсиз топширди. Калитни қўлга киритган аёл атрофида камералар пайдо бўлмади, у микрофонга ёпишиб ҳеч кимга раҳмат ҳам айтмади. Ҳаммаси табиий, ҳаммаси дилдан чиқди.

Учинчи кун

От пойгасини томоша қилишга бордик. Бийдай далада сон саноқсиз томошабин йиғилганидан бир ҳайратлансам, чавандозларнинг энг каттаси 14, кичиги 10 ёшда эканлигини билиб, икки карра қойил қолдим. Қозоқларда шундай экан: ўғил бола 6-7 ёшида қўй сўйишни, от минишни албатта билиши керак экан.

Пойга бошланди, ёмғир шаррос ёғаётган бўлса-да, от минган ўсмирлар шижоатни асло сўндиришмади. Қийқириғу олқишлар остида ўтган бу беллашув ғолибларига ҳам енгил автомобиллар берилди. Айрим совғалар чавандозга эмас, от эгасига ҳадя этилди. Шундай ғолиблардан бири ўзига теккан машинанинг калитини Ақсуат қишлоғининг оқсоқолига берди. Оқсоқол қабристон қоровули экан. Элнинг хизматини қилаётган одам пиёда юрмаслиги керак, шу мошина сизга, дейилганда чалинган олқишлардан отлар ҳам ҳуркиб кетди. Ана бағрикенглик, ана одамийлик. Ҳамкасбларимиздан бири, сербиялик журналист Александр ушбу жараёнларни суратга муҳрлар экан, кўзида ёш билан «Thank you» дерди дамба-дам. Дўстликнинг, оқибатнинг, эзгуликнинг манзараси эди бу.

От пойгасидан қайтганимизда бизни мезбонлар ўтовда кутиб олишди. Нозу неъматлар билан тўла дастурхон атрофида кечган суҳбатлар янаям қизиди. Турли мамлакатлардан келган ҳамскасбларимиз, мезбонлар миллатлараро дўстлик, мустаҳкамланаётган ришталар ҳақида гапирар экан, бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қўшни ва қардош мамлакатлар ўртасидаги борди-келдиларнинг илиқлашувига қўшаётган ҳиссаси ҳақида тўлқинланиб гапиришди. Биз билмаган ва ҳис қилмаган жиҳатларни эътироф этишди. Юртинг, Президентинг ҳақида айтилган гапларни бошқа мамлакатда эшитиш, айниқса, кузатувчан, дунё кезган журналистлардан тинглаш янаям мароқли экан...

Хуллас, ҳаммаси бўлиб беш кун Қозоғистонда бўлдик. Олмаота халқаро аэропорти ўта замонавийлиги билан ажралиб туради. Бу ҳақда ҳамроҳим, блогер Рустамхўжа Усмонов билан кўп гаплашдик. Рустамбек ёш бўлишига қарамай, замонавий, ҳар бир ишга танқидий қарайдиган йигит. У аэропорт ходимлари хушмуомала, маданиятли бўлиши кераклигини айтар экан, бу борада ўзимизда ҳали кўп ишлар қилиш кераклиги ҳақида мулоҳазалар билдирди. Бу гапда жон бор. Чиндан ҳам Олмота аэропортида кўрдикки, ходимлар хушмуомалали. Ортиқча ташвишга қўйишмайди. Масалан биздагидек, ўтиш йўлакчасида оёқяланг қилиб текширишмайди.

Кўча-куйда ахлат йўқ. Беш кун юриб кўча ёки йўлаклар чеккасида ғижимланган қоғоз ҳам, бўш баклажка ҳам, сигарету писта қолдиқларини ҳам кўрмадим. Кексаю ёш махсус қутига ташлайди ахлатни. Шунга ўрганган. Ҳаво мўътадил. Деярли ҳар куни ёмғир. Ҳар ҳафта театрга оилавий бориш мажбурий.  Маданият уйлари бизда деярли унут бўлди. Уларда эса маданият уйлари ишлаб турибди. Моддий-техник базаси ҳам бой.

Қозоқ халқи бой яшаркан, деган хулосага келдим. Энг чекка қишлоқларида яшовчи аҳоли ҳам эртага қаердан пул топаман, деб ўйлаб сиқилмайди. Ҳар бир уй эгасининг ҳеч бўлмаганда ўнта моли бор. Сигир қўйларини кенг яйловга қўйиб юборишаркан, уч маҳал сут соғишаркан.  Тоғ ён бағрида ўтлаб юриб, семириб кетган молларини кўриб, ҳайрон қолдим. Чунки бизда боқувдаги ҳўкизлар ҳам бунақа семирмайди.

Бизда энг ишончли ва тинч бўлган транспорт тури – трамвай “пенсия”га кузатилди. Уларда эса ҳатто троллейбус ҳам бор. Шаҳарларда ҳаво тоза. Чунки дарахт кўп, дарахт кесганни юртга келган ёвдай ёмон кўришади.

Бирор ерда шиорбозлик йўқ. Келажаги буюк давлат, улуғ алломалар бешиги, деган ёзувларни кўрмадим. Зотан, уларнинг келажаги шиорсиз ҳам гуллайдиганга ўхшаб боряпти. Ўтиб кетган алломалар билан мақтанишдан кўра, бугун ҳар томонлама етук ёшларни тарбиялашга катта урғу беришмоқда. 

Хуллас, қўшни Қозоғистонда тараққиёт ривожланиш авжида. Сайёҳ жудаям кўп. Чет элликлар бекорга бирор ерга бормаслигининг сабабини эса яхши биласиз. Қозоғистонга албатта боринг. Меҳмондўстликда, одамийликда биздан қолишмайдиган бовурларимизнинг: «Табаққа эмас, қабаққа қара», яъни мезбонинг дастурхони эмас, қош-қовоғи муҳим, деган нақлининг ҳаётий тасдиғини кўриб келинг. 

Мақсуд Жонихонов, Тошкент-Олмаота-Тошкент

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг