Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Марко Рубио — Трамп ҳукуматида «учинчи одам» бўлишга яқин

Марко Рубио — Трамп ҳукуматида «учинчи одам» бўлишга яқин

Трамп ва Рубио.

Фото: USA Today

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ўз янги маъмуриятида Давлат котиби лавозимини флоридалик сенатор Марко Рубиога топширмоқчи. Бу ҳақда USA Today хабар берди.

Маълумот учун: Давлат котиби — АҚШ федерал ҳукуматидаги юқори лавозим бўлиб, ташқи сиёсат масалалари билан шуғулланувчи Давлат департаментининг раҳбари ҳисобланади. Бошқа мамлакатлардаги ташқи ишлар вазирларидан сиёсий вазни анча салмоқли экани билан фарқ қилади. АҚШ ижроия ҳокимияти поғонасида президент ва вице-президентдан кейинги учинчи шахс. Ҳозирда ушбу лавозимда Энтони Блинкен фаолият юритмоқда.

53 ёшли Рубио ташқи сиёсат бўйича бой тажрибага эга, Трампнинг рақибидан иттифоқчисига айланган инсон. Трампнинг вице-президентлик учун номзодлари орасида ҳам номи бор эди.

Сенат тасдиқлаган тақдирда, «Аввало Америка» дастурига содиқликка қасамёд қилган Рубио АҚШнинг бош дипломатига айланади, Украина – Россия, Исроил – ҲАМАС низоларида унинг номини кўп эшитамиз.

«Флоридалик сенатор Марко Рубио номзоди Қўшма Штатлар Давлат котиби лавозимига илгари сурилганини эълон қилиш — мен учун фахр. Марко — озодлик ҳимоясининг жуда кучли овози ва ҳурматга сазовор етакчи. У миллатимизнинг жуда кучли ҳимоячиси, иттифоқчиларимизнинг содиқ дўсти ва душманлар қаршисида асло чекинмайдиган қўрқмас жангчи бўлади. Американини ва бутун дунёни яна хавфсиз ва буюк қилиш учун Марко билан бирга ишлашни интиқлик билан кутяпман», — дейилади Трампнинг баёнотида.

Рубио ҳозирда Сенатнинг разведка қўмитасидаги етакчи республикачи саналади. Майами (АҚШ)да туғилган, келиб чиқиши кубалик Марко Рубио Давлат котиби лавозимида ишлаган илк лотин америкалик бўлишга яқин.

У ўтган йили Украинадаги урушни «музокаралар йўли билан» тўхтатиш мумкинлигини айтган ва Трамп ҳам буни маъқуллаганди. Рубио АҚШнинг Хитой, Россия, Эрон, Венесуэла ва Куба сингари рақибларига қаттиқроқ чоралар қўллаш тарафдори эканлиги билан танилган.

Манбаларга кўра, Трамп Давлат котиби лавозимига, Рубиодан ташқари, сенатор Билл Ҳагерти (Теннесси штати), АҚШнинг Германиядаги собиқ элчиси Рик Гренелл ҳамда миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчи Роберт О'Брайен номзодларини ҳам кўриб чиққан.

Марко Рубионинг Давлат котиби бўлиши Сенатдаги кўпчилик овозга боғлиқ, бироқ келгуси йили палатада республикачилар кўпчилик ўринларни эгаллаши ҳамда Рубио Сенатда анчадан буён ишлаб келаётгани назарда тутилса, масалани расмийлаштириш қолган, холос.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг