Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Маҳаллийчилик: «Бизданмас», «улардан экан» ёхуд ёшларни ғўр десак, зиёлиларимизга нима бўляпти?

Маҳаллийчилик: «Бизданмас», «улардан экан» ёхуд ёшларни ғўр десак, зиёлиларимизга нима бўляпти?

фото: pinterest.com

Гапнинг индаллосидан бошлай қолай: Ўн беш суткага қамалган қизнинг ота-онаси вилоятдан эканлиги (гарчи ўзлари таъкидлашган бўлса-да аслида бу аниқ эмас, бир дарча бўлиши ҳам мумкин...) кўпчиликни қувонтириб юборгани аниқ бўлиб қоляпти тобора.

Қизнинг судидан лавҳаларни, йиғлаб узр сўраганлари, отасининг гапларини тинмай айлантиришяпти. Англашмаяптики, бу ҳам маҳаллийчиликнинг қон-қонимизга сингиб кетганига бир далолат. «Биздан эмас экан...», деб қувониш қанчалик ўринли? Вилоятликларни «асл тошкентлик» (аслида уларнинг ҳам ота-боболари қачонлардир қаерлардандир келиб ўрнашиб қолганку Тошкентга) ҳақорат қилдими, «Тошкентда туғилган»ми – нима фарқи бор?! Иккала томондан қаралганда ҳам миллатпарварликнинг йўқлигини, ўз миллатдошини ёмон кўришни англатадику бу.

Шундай постлар остига ёзилаётган изоҳлардан кўнгил беҳузур бўлади. Ўн беш суткагамас, ўн беш йилга тортадиган изоҳлар бор. Майлида, бу ҳам уларнинг савиясини билдиради, демак, одамнинг тарбиялилик, маданиятлилик даражаси етти пушти қаерлик бўлиши билан ўлчанмас экан.

Журналист Насриддин Асриддинов (лентамда чиқиб қолди) ҳам ўз постида мавзуни ўтказиб юбормаган. Онаси «ҚАШҚАДАРЁ»лик ва отаси «ҚЎҚОН»лик, ўзи эса «ТОШКЕНТ»лик бўлган бечора қизалоқнинг кўз ёшлари ёхуд узрлари...», деб номланган сарлавҳадаги қўштирноққа олинган сўзлардан у қизнинг асли тошкентлик эмаслиги муаллифни завқлантириб юборганини англаб олиш қийинмас...

Ва одатдагидек, изоҳларда айримлар асл юзини очиб қўйишдан уялишмаган. «Ўзини тошканлу деган билан башара вилоятга тортяптию» дея қолдирилган изоҳ муаллифи Н. М. профилиги кириб қўрдим қизиқиб: замонамизнинг ўқимишли аёли экан, журналист, зиёли... Ўзини замонавий, маданиятли ҳисобловчи бу аёлнинг бундай фикрлаши жуда даҳшатли! Қонунан олиб қаралса, нафосатсиз ёзилган бу изоҳи билан ўзига ўн беш суткани нақд қилиб қўйган аслида бу аёл.

«БИЗДАГИ МАЪЛУМОТЛАРГА КЎРА ВИЛОЯТЛИКЛАРНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛГАН «ҲУРЛИҚО»НИНГ ОТА-БОБОЛАРИ АСЛИДА ҚАШҚАДАРЁЛИК ЭКАН», дея изоҳ қолдирган А.Шобурхон ҳурлиқо сўзини қўштирноққа олиш орқали қизни ташқи кўринишини нишонга олган кўринади ва бунинг учун ҳам қонунчилигимизда жавобгарлик белгиланганини унутган гўё! Хайрулла Қиличевнинг умуман бу мавзуга дахлсиз пости остига ёзилган бу изоҳга бўлган муносабатлар янада ҳақоратли. Шулардан бири F. Жўраев қолдирган изоҳ жуда қўполдан қўпол. Компютер столига пахтагулли чойнак-пиёла қўйганча креслосига ястаниб расмга тушган бу шахс ёш бола ёки ғўр йигит эмас. Балки тадбиркордир, эҳтимол бирор идорада бошлиқ, хуллас, оқ-қорани таниган етук шахс... Аммо унинг муносабати қизнинг айбидан кам эмас. Ўлганнинг устидан тепиш қилган у – жазоланган қизни енгилтабиатликда айблаган. Судлашадиган масала!

Э.Хожиматов дўстлигимда бор экан. Профилини кўздан кечираман: «Тошкент» телеканалида тўлқинланиб шеър ўқияпти. Демак, шоир йигит, зиёли, маърифатли... Аммо ўзининг #УЗР #Видео рукни остида қўйган қизнинг пушаймонлиги ҳақидаги видеони шундай изоҳлаган: «Жон деб вилоятга турмушга чиқаман (хо-холаган смайлк) Вилоятликларни ҳақорат қилган бефаросат қиз 15 суткага қамалди ЙИҒЛАБ УЗР ҲАМ СЎРАДИ (яна хохолаган смайл) Қамоқхонада жуда кўп вилоятлик жигитлар ишлайди ома:)»

Мен кўрганимда 184 та лайк ва хо-хо босилган бу изоҳи билан нима демоқчи бўляпти, хўш? Суткага қамаладими, йилларгами, ҳар бир маҳкум аёл-қизнинг шаъни, қадр-қиммати етарлича ҳимояланса керак. Ҳар ҳолда мен шундай ҳисоблайман. Қизку ақлсизлик қилиб тилига эрк берди. Ўзини ўқимишли ҳисоблайдиганлар бундай фикрлаши нимадан далолат?! Ёки шоирона ҳиссиётга берилиш сифатида қабул қилиб қўяверайликми, а?..

Унинг ўзича «Фейсбук»ни портлатган бу постига ёзилган изоҳлар ахлатга отилган кесакдек бўлган, гўё: «Эффектсиз бир кўргим бор шу қиззи» деб изоҳ ёзган Ҳ.Шерзодова. Унга Э.Ҳожиматовнинг ўзи жуда хунук жавоб қайтарган... Ўзганинг ташқи қиёфасидан кулманг, нақшнинг эмас, Наққош (Оллоҳ)нинг устидан кулган бўласиз, маъносини берувчи ҳадис бўлса керак, ўқиганим бор. Айниқса, қилмишига яраша жазосини олган одам, айниқса, қиз болага бу тарзда «таъриф» бериш, билмадим энди, қайси қолипга сиғаркан? Мукаммал шахснинг ўзи йўқку... «аслида Аллоҳ наққош яратган бандалари устидан кулишга хаққим йўқ, башарасига қараб гапирганда яхшироқ бўларди» тарзида Ҳ.Шерзодовага жавоби билан аслида Наққошни масхаралаш улоғини олиб кетади М.Тошпўлатова исмли фойдаланувчи…

Айниқса, оловга керосин сепишга уста троллар авжида (ҳақоратли изоҳлар ёзган айрим профилларга кириб, эгаларилари ҳақида ҳеч қандай маълмот топа олмадим, демак троллар) «Фақат вилоятликларни ичига ташланглар, илтимос! (қамоқхонани назарда тутяпти шекилли) Энди жаҳлинг чиқса даданг билан онангни ҳақорат қил! Чунки сендай лаънатини дунёга келтиргани учун ҳар қанча ҳақорат кам уларга!», дея бутун нафратини тўкиб солади М. Рашидова. Д. Раджапова: «бу тоза тошкенли эмас башарасидан айтиб турибдику». Т. Ганиев: «Бу қизни Тошкентга алоқаси йуқ башарасини ўзи этиб турибдию дала ҳайвони...». С.Хан: «Қаттан бўсаям тоза Тошкентликмасде асл Тошкентни аҳолиси монгол башара бўмийди. Башараси айтиб турибди кимлигини» (мўғул босқинчилари Тошкентни четлаб ўтганлигини билмаслигимдан ҳайрон бўлганча, қачонлардир оммага берилган «вилоятбашара, вилоятликларга ўхшаб кийинган»... қабилидаги баёнот эсимга тушди) «Қаердан экани мухим эмас, муҳими шундай муносабат борлиги», дея реал муаммога эътибор қаратади Т. Ганиевга жавобан Шаҳноза Рўзиева.

Қизга ачинганлар, унинг ҳатти-ҳаракатини ақлсизликка, эътиборталабликка йўйганлар ҳам бўлган изоҳларда. Ҳатто устозимиз Муҳтор Худойқуловни ҳам бефарқ қолдирмаган: «Барибир ёш қизчага 15 кунлик қамоқ берилиши жуда қаттиқ ва ортиқча жазо! Жарима солинса етарли эди ва ота-онасини чақириб, жаримани ундириб, қизининг тарбиясига эътибор бериш юклатилиши керак эди». Табиийки, устоз журналистга, балоғатга етган одам ўзи жавоб беради, қиз ёш эмас... қабилида эътирозлар бўлган. Нима ҳам дердим, ёшинг ўтгани сари невараларинг тенгилар ўн саккиздан ошса ҳам ёш боладек туюлаверар эканда...

Рустам Зоир: «Бу иш яхшимас. Айтди-ю ўзи, бир неча бола хирапашшалик қилди деб. Адашгандир, ҳолатини тушуниш керак. Биз шунчалар ёвузмизми? Шу билан бир қизнинг ҳаётини барбод қилиш ноҳақликдир. Жарима қўллаш лозим эди. У бўлажак она. Адашиш бандага хос. Кечирим сўради, пушаймонман деди. Йиғлади. Кечиримли бўлиш керак».

Г. Сафарова: «Ҳамма қилган ҳуқуқбузарлиги учун битта кечирим сўраш билан қутутлиб қолаверса, бунақа ишларни давом эттираверади. Жазосини олса қайтиб қилмайди.»

Одамлар жамиятдаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ эмас. Ижтимоий тармоқ орқали кузатиб, таҳлил қилиб боришади. Бир воқеага иккинчисини таққослаш, хулоса чиқариш имкониятига эга. Рустам Зоирнинг Г.Сафаровага жавобидан ҳам буни англаш мумкин: (изоҳ хатолари таҳрирланди) «Жазони нега мурғак гўдак қизчаларни зўрлаганларга қўллашмади? Қамоқхонада ёвуз одамлар бор. Уларнинг таъсирида ёвуз бўлиб қайтади. Шу керакми?»

...Ҳар нарсада ҳикмат бор деганларидек, бир томондан шу қизнинг «чиқиши» яхши ҳам бўлди. Ҳамма керакли сабоқни чиқариб олди. Бу масалада нафақат ижтимоий тармоқда «жасорат кўрсатиш», балки ўзаро гурунгларда, пана-пастқамларда ҳам ўз миллатдошини ҳақорат қилиш оқибатини ўйлайди энди кўпчилик. Ўзаро ғийбат қилсак нима бўпти, дейсизми? Ахир деворнинг ҳам қулоғи бор!

«Бизданмас», «улардан экан», деган таскин билан иш битмайди. Маҳаллийчилик иллатини фақат тилларданмас, мияларимиздан, онгимиздан ҳам батамом ўчириб олсаккина биз толотўп замон макрларига туриб бера оладиган БУЮК МИЛЛАТга айлана оламиз. Акс ҳолда бўлинаверамиз, ем бўлаверамиз.

P/S:Агар ростдан ҳам адолат охиригача ғалаб қозонишини истасак, бу қиз ўзига отилган ҳақоратларни битта-битта «йиғиб» керакли жойларга мурожаат қилади. Ва ўзи каби хато қилганларга ҳам муносиб жазо берилса нур устига аъло нур бўлади. Чунки уни ҳақорат қилиб ёзган кўпчилик бу қиздан тарбияси билан зарра ортиқ эмас.

Усмонжон Йўлдошев, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг