Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Инсон қайси ёшда ўзини энг бахтсиз ҳис қилади?

Инсон қайси ёшда ўзини энг бахтсиз ҳис қилади?

Фото: Freepik

Ривожланган мамлакатларда шаклланган тенденцияга кўра, одамлар 47 ёш ва 2 ойни қоралаган пайтларида ўзларини энг бахтсиз ҳис этишади. Бироқ 48 ёш ва 2 ойга тўлгандан бошлаб, бунинг акси бошланади.

Дартмут коллежи (АҚШ) иқтисодиёт бўйича профессори Дэвид Бланчфлауэр 132 мамлакатдан тўпланган маълумотларни таҳлил қилиб, шундай хулосага келди. Демак, ўрта ёш инқирози — қуруқ гап эмас.

Бланчфлауэрга кўра, инсоннинг умри давомидаги ҳиссий фаровонлигини U шаклида ифодалаш мумкин. Шу тақасимон чизиқ ёш ўтиши билан юз берадиган бахт даражаси ўзгаришларини кўрсатади, бахтни ҳис этишнинг энг қуйи нуқтаси тахминан 47-48 ёшларга тўғри келади.

«Бу кексалик эшик қоқаётганини ҳис этиш билан ҳам боғлиқ. Одам шу ёшдан ўтган умрини сарҳисоб қилишни бошлайди. Кўп нарсалардан ҳафсаласи пир бўлиши мумкин. Ишидан, айни пайтда молиявия ҳолатидан қониқмаслик унга тинчлик бермайди. Қолаверса, 40 ёшларга келиб эркакларда тестостерон, аёлларда эса эстроген даражаси пасайиши янада яққол сезилишни бошлайди», — тушунтиради Бланчфлауэр.

Ўз ҳаётидан қониқмаслик одамнинг яшаш жойи ёки саломатлигига боғлиқ эмас.

Бироқ тушкунликка тушиш керакмас, вақт ўтиши билан бахтни ҳис этиш тикланади, дея ишонтиради мутахассис.

«Бахт чизиғи» (U)нинг юқори чўққилари — инсон ўзини энг бахтли деб биладиган даврлар 20 ёш ва 70 ёшларда кузатилади. Яъни ўрта ёш инқирози (47-48 ёш)дан сўнг яхши даврлар бошланди. Чунки йиллар одамнинг ақлига ақл қўшади», — дейди Бланчфлауэр.

Ўрта ёш инқирозидан ўтиб олган одамларнинг моддий бойликлар, хизмат пиллапояларидан кўтарилишга қизиқишлари камайиб, кўпроқ оиласи ва дўстларини қадрлашни бошлашади. Ўз ҳоббилари, дам олишга эътибор қаратишга ўтишади.

Бланчфлауэр ҳаётдаги инқироздан тезроқ чиқиб олиш учун соғлом уйқу, фаол ҳаракат ва меъёрда овқатланишга риоя қилишни тавсия қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг