Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Фирибгарлар қармоғи. Пластик картадаги пулларингиз жойидами?

Фирибгарлар қармоғи. Пластик картадаги пулларингиз жойидами?

Фото-коллаж: «Xabar.uz»

Беш-олти йилча аввал интернет орқали бирор маҳсулот сотиб олган киши ҳақида эшитсак, ажабланардик. Бугун-чи?

Бугун миллионлаб юртдошларимиз онлайн тўлов тизимларидан фаол фойдаланишмоқда. Бунга, биринчи навбатда, онлайн карталарнинг жорий этилиши кенг йўл очиб берди. Ҳозир деярли ҳар бир оилада «Uzcard» онлайн карталари ишлатилади. Ушбу тур пластик карталари орқали нафақат савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчаларига ўрнатилган терминаллар орқали, балки фойдаланувчининг шахсий смартфони ёки компютерлар орқали турли онлайн тўловлар, пул ўтказмаларини амалга ошириш имкони мавжуд.

Хавфсизлик масаласи

Мутахассислар «Uzcard», «Click», «Payme» каби тизимлар орқали тўлов усулларини мутлақо хавфсиз, деб эътироф этишади. Чунки фойдаланувчи ҳақида киритилган барча ахборот шифрланган кўринишда сақланади ва алоқа каналлари орқали юборилади.

Унутманг! Янги картани биринчи марта қўлга олганда ундаги стандарт ПИН-кодни бошқа мураккаброғига алмаштириш зарур. ПИН-кодни ихтиёрий инфокиоск, банкомат ёки савдо кўрсатувчи ташкилотда ўрнатилган терминал орқали алмаштириш мумкин.

Умуман, «Uzcard» пластик карталарида EMV стандартларига жавоб берадиган NXP чиплари ишлатилади. Ушбу чиплар «Uzcard» карталари ёрдамида бажарилган амалиётларнинг хавфсизлигини таъминлаб беради. Шунингдек, микропроцессорли «Uzcard» карталари ҳар гал транзакция амалга оширилганда транзакция учун махсус ва ноёб код ҳосил қилади, кейинги бажариладиган амалиёт учун янги код талаб этилади, шунинг учун ушбу карталарни умуман қалбакилаштириб бўлмайди.

Аммо...

Афсуски, хавфсизлик фақатгина техник жиҳатларга боғлиқ эмас. Бунда инсон омили ҳам муҳим ўрин тутади.

Онлайн карталар ва электрон тўлов тизимларининг ривожланиши билан ушбу йўналишдаги фирибгарлик ва ўғирлик ҳолатлари ҳам авж олиб боряпти. Жаҳон тажрибасида бу жиддий муаммога айланиб улгурган.

Банкоматдан маълум миқдорда пул ечиб олиб, картадаги ҳамма сумманинг йўқолиб қолиши, нотаниш онлайн-дўкондан арзон маҳсулот сотиб олиб, катта пул йўқотиш, ўзини банк ходими деб таништириб, пластик карта маълумотларини билиб олиш ҳолати ёки картангиз қулфланиб қолгани ҳақида СМС юбориб, уни очиш учун карта маълумотларини ўғирлаш каби бир қанча усуллардан фойдаланаётган фирибгарлар ҳар йили миллиардлаб суммаларни ўзлаштириб юборишяпти. Вақт ўтиши билан фирибгарлик усулларининг янги кўринишлари пайдо бўляпти.

Банклар ва онлайн тўлов тизимларидаги хавфсизликнинг кучайтирилишига қарамай, фойдаланувчиларнинг эҳтиётсизлиги туфайли фирибгарлар осонгина ўз мақсадларига эришиб келяптилар.

Ўзбекистонда онлайн-фирибгарликнинг қандай усуллари оммалашяпти?

Мамлакатимизда онлайн пластик карталари ёки электрон ҳамёнларда қандай ва қанча миқдорда ўғирликлар содир бўлаётгани ҳақида аниқ статистик маълумотлар мавжуд эмас, бироқ бу ҳолат онлайн-фирибгарлик йўқлигини билдирмайди.

Турли банкларнинг пластик карталаридан ўзаро пул ўтказмаларининг йўлга қўйилиши интернет орқали пул ишлаш имконини кескин оширди. Бу бир жиҳатдан кўплаб инсонлар учун қўшимча даромад олиш йўлларини очди. Мисол учун, сиз — дастурчисиз. Уйда ўтирган ҳолда хорижий компаниялар буюртмалари бўйича дастурий кодлар ёзасиз ва даромад топасиз. Меҳнатингиз учун тўланган WMZ («Webmoney Transfer» тизимидаги АҚШ долларининг электрон титул бирлиги)ни истасангиз хорижий электрон дўконлардан маҳсулот  харид қилишга ишлатасиз, истасангиз сотиб, сўмга айлантириб оласиз. Бунинг учун интернет тизимида, ижтимоий тармоқларда исталганча эълонларга дуч келасиз. Аксар фирибгарликлар айнан шу палладан бошланади.

Электрон пул алмашишга мўлжалланган сайтларда 1 WMZнинг сотилиши ва сотиб олиниши ўртасидаги фарқ каттагина: 8000 сўмдан сотиб олиш, 9000 сўмгача сотиш ҳақида эълонлар жойлаштирилган. Яъни, ўртадаги одам 1 WMZдан 1000 сўмгача ишлаб олади. Бу худди валюта олди-сотдисининг «қора бозори»га ўхшайди. Фақат онлайн кўринишдагиси.

Ушбу айирбошлашларда аксар ҳолларда WMZ сотиб олиш ва сотишни таклиф қилаётганлар билан шахсан учрашилмайди, онлайн равишда амалга ошади. Айирбошлашда «PayMe», «Click», «Uzcard» тўлов тизимларидан фойдаланилади. Бу айланмаларда аниқ назорат йўқлиги сабаб фирибгарликдан ҳеч ким сизни суғурталамаган. WMZ харид қилишдаёқ фирибгар қармоғига илиниб қолишингиз мумкин. Уёғига турли шакллардаги алдовларга дуч келаверасиз.

Алдовлар

Ёшларимиз интернетдан эркин фойдаланишади ва уларнинг аксарияти онлайн ўйинларга қизиқади. Болаларни бир зумда ўзига тортувчи ва боғлаб қўювчи хорижий онлайн ўйинларнинг кўпи пулли. Дейлик, бир соатлик ўйин – 2 WMZ. Электрон пул сотувчилар болаларнинг шу нозик жойидан ушлаб, уларга WMZ сотиб олишни ва «даҳшатли» онлайн ўйинлар ўйнашни таклиф қилади. Аммо болада бунча пул нима қилсин? У қармоққа илингач, фирибгарлар унга ота-онасининг пластик картасидан қандай қилиб тўловни амалга оширишигача телеграм орқали ўргатиб туришади.

Ўтган йили бир танишим оиласида шунга ўхшаш воқеа содир бўлган эди. Кичик синфларда ўқувчи бола «одноклассники»да «интернетдан пул топишни ўргатувчи» билан танишиб қолади. Фирибгар болани отасининг пулини бир зумда икки ҳиссалаб кўпайтириш мумкинлигига ишонтиради. Бунга учган болакай отасининг телефонини олиб, у орқали пластик картадаги миллиондан ортиқ сўмни айтилган рақамга “пайме” қилиб юборади. Буни қандай амалга оширишни фирибгар болага ўргатиб туради. Ҳатто телефонга тўлов ҳақида келган СМСни ҳам ўчиртиради. Ота пластик картасида каттагина пул йўқолганини билганида эса, «поезд» кетиб бўлган эди. Ҳатто фирибгар топилади ҳам, аммо у «мен билан телеграм орқали катта киши гаплашди, у ўз хоҳиши билан «пайме»  қилинган пулга WMZ сотиб олиб, букмекерлик сайтларига ишлатди», деб ўзини оқлайди. Ота бу иш ортида қизиқувчан ва ғўр ўғли тургани учун вазиятни чигаллаштириб ўтирмай, йўқотилган миллионни баҳридан ўтиб қўя қолади.

Интернетдан мўмай даромад?

Интернетдан осон пул топиш — дарҳол қизиқтириб қўядиган алдамчи таклиф. Аниқроғи — ишонувчан кишиларни фирибгарлар қармоғига илинтирадиган хўрак. Ёшлар ўртасида жудаям оммалашиб кетган «Одноклассники» ижтимоий тармоғи орқали пул топишни таклиф этаётган «уддабурон»лар қисқа вақт ичида ўз пулларини бир неча бараварга кўпайтиришганини «реклама» қилишади. Шунча зўр пул топишаётган экан, нега жимгина шу ишини давом эттиравермайди? Нега бошқаларга бу усулни шунчаки ўргатмоқчи бўлади? Бундан унга манфаат йўқ деб ўйлайсизми? Унга ишониб, у айтган жойга пул ўтказиб берганлар бир муддатдан кейин бу пулини топа олмаслиги аниқ. Пулига қўшиб, фирибгарни ҳам топа олишмайди.

Интернетдан осон пул топишга қаратилган таклифлар шунчалик хилма-хилки, нафақат фирибгарликдан азият чекиш ва моддий зарар кўриш, балки ёшларнинг, болаларнинг турли онлайн ўйинлар асирига айланиб қолиши, онлайн-букмекерлик кантораларига пул тикиб, қиморбозликка ружу қўйиши каби аянчли ҳолатлар юзага келади.

Тармоқдаги ҳар қандай таклифларга ишонувчан бўлмаслик, айниқса, болаларнинг қандай онлайн тизимлардан фойдаланаётгани, мессенжер ёки ижтимоий тармоқларда кимлар билан мулоқот қилаётганини назорат қилиб туриш керак. Онлайн-дўконлардан харид қилишда, пластик карталарни турли тизимлардан рўйхатдан ўтказишда, умуман, электрон тўловлар билан боғлиқ барча ҳолатларда эҳтиёткор бўлиш зарар қилмайди.

Пластик картадаги пулларни эҳтиётлаш чоралари

Мабодо картангиздан пул ечиб олинганлигини сезсангиз биринчи навбатда картани блоклаш чорасини кўринг. Сўнг эса хизмат кўрсатадиган банкка мурожаат қилиш лозим. Амалга оширилган амалиётларни сиз бажармаганингизни исботлашингиз керак. Ушбу ҳолатда энг мураккаби — тўлов амалиётлари пин-кодни киритиш орқали амалга оширилган бўлса, банк томонидан бу амалиётлар қоидага кўра бажарилган, деб баҳоланади.

Агарда глобал тармоқ орқали турли хизматларга тўловни амалга оширишда электрон сервислардан фойдалансангиз ва ҳисобингиздан сизнинг аралашувингизсиз пул кўчирмалари кузатилса, қурилмангизни (компютер, смартфон ва ҳок.) вирусдан тозалашингиз лозим бўлади. Айрим турдаги вируслар ҳисобдан пул кўчирилиши чоғида маълумотларни ўғирлаб, картадаги маблағни ўз эгаси (хакер)га ўтказиб юбориши мумкин.

Қурилмаларда антивирус дастурининг ўрнатилиши бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олади.

Пластик карталардан пулларнинг йўқолиши каби ҳолатларга дуч келмаслик учун қуйидаги айрим қоидаларга амал қилиш зарур:

  • Ҳеч кимга ўз банк картангизни берманг.
  • Карточка ҳар доим кўз ўнгингизда турсин. Яъни, бирор тўловни амалга ошириш чоғида уни бегона кишига бериб юборманг.
  • Карточка ва унинг реквизитларини ишончли жойда сақланг. Ҳеч қачон картани PIN-код билан сақламанг, яхшиси, уни эслаб қолинг.
  • Карточкада SMS-хабарномани ёқтиринг. Бунда ҳар бир тўлов амалиёти SMS шаклида телефонингизга келиб туради ва ўтказмаларни ўз вақтида назорат қилиб турасиз.
  • Барча мобил қурилмалар ва компютерларда антивирус дастури ўрнатилган бўлиши лозим.

Эҳтиёткор бўлмасангиз, ҳамёнингизни киссавур ўмариб кетганидек, пластик картангиздаги пулларни ҳам фирибгарлар турли йўллар билан ўзлаштириб олишлари мумкин.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг