Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Магнус Карлсенни мағлуб этган Синдаров пешқадам бўлиб олди

Магнус Карлсенни мағлуб этган Синдаров пешқадам бўлиб олди

Германиянинг Вайссенхаус шаҳрида ўтказилаётган шахмат бўйича мукофот жамғармаси 750 000 АҚШ долларини ташкил этувчи нуфузли турнирнинг биринчи кунги баҳслари ортда қолди.

Дунёнинг кўзга кўринган гроссмейстерлари қатнашаётган мусобақада икки шахматчимиз - Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдаров ҳам ўз маҳоратини намойиш қиляпти. 17 февралга қадар давом этадиган турнир айлана тизимда ўтказилиб, унда бир шахматчи қолган ҳамма иштирокчилар билан рапид форматида ўзаро баҳс олиб боради.

Биринчи кун доирасида 5 та тур учрашувлари ўтказилди. Нодирбек Абдусатторов 1-турдаёқ амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Гукеш Доммараджу билан муросага келди. Гукеш шу куннинг ўзида Жавоҳир Синдаров билан ҳам дуранг ўйнади.

Қувонарлиси, Жавоҳир қолган барча 4 партияда рейтингда ўзидан юқорида бораётган номдор рақибларини мағлубиятга учратди. Айниқса, Магнус Карлсенни қора доналарда таслим этгани шов-шувга сабаб бўлди.

Ёш гроссмейстеримиз германиялик Винсент Кеймер, америкалик Левон Аронян ва словениялик Владимир Федосеевни ҳам мағлуб этди. Жавоҳир ушбу турнирга саралаш вазифасини ўтаб берган мусобақанинг финалида айнан Федосеевга 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйганди. Бу билан у ўша аламли мағлубият учун ҳам реванш олди. 

Нодирбек Абдусатторов эса Гукеш билан дуранг ўйнаганидан кейин америкаликлар Ҳикару Накамура ҳамда Фабиано Каруанага қарши баҳс олиб борди ва муросага келди. Германиялик Винсент Кеймерга ютқазиб қўйди. Бешинчи турда эса Владимир Федосеевни мағлубиятга учратди.

Биринчи кунги баҳслардан сўнг Фабиано Каруана ва Жавоҳир Синдаров 4,5 очкодан жамғариб, турнир жадвалида қўшҳокимлик қилишяпти. Алиреза Фирузджа 3,5 очко билан кучли учликка якун ясаган. Нодирбек Абдусатторов 2,5 очко билан 4-ўринни банд этган. Бешинчи поғонадаги Магнус Карлсен ҳисобида 2 очко бор.

Бугун 6-турда Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Магнус Карлсенга қарши баҳс олиб боради. Олтинчи турда Синдаров оқ доналарда америкалик Ҳикару Накамурага қарши ўйнайди. Еттинчи турда эса ўзига хос ўзбек дербисига гувоҳ бўламиз. Нодирбек оқ доналарда Жавоҳир билан ҳисоб-китоб қилади.

Бугун 4 та тур учрашувлари ўтказилади. Кучли саккизталикдан жой олган шахматчилар плей-офф босқичига йўл олади. Бу босқичда ҳар бир матч икки классик партиядан иборат бўлади. Агар икки учрашув натижасига кўра ҳисоб тенг бўлиб қолса, ғолиб тай-брекда аниқланади. Вақт назорати 90 дақиқа бўлиб, кейин ҳар бир юришга 30 сониядан қўшиб борилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг