Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Ўн тўрт тақдир. Нечта фожиа?! (Зангиотадаги аёллар қамоқхонасидан репортаж)

Ўн тўрт тақдир. Нечта фожиа?! (Зангиотадаги аёллар қамоқхонасидан репортаж)

Фото: «Xabar.uz»

1

...Ўтган галги суд жараёнлари («Xabar.uz»: «Ўн бир тақдир, ўн бир фожиа».) Олий суд биносида кечганди, буниси жазони ўташ муассасасининг ўзида бўлиб ўтди. Манзил-муҳит нуқтаи назаридан унисидан кўра буниси оғирроқ ўтиши табиий...

Рост-да, Олий суднинг кўркам ва салобатли биносидаги муҳит қайдаю неча ўн йиллардан бери не-не маҳкуму маҳкумаларнинг кутиб-кузатаётган муассасасидаги қаёқда?! Ваҳоланки, ҳар икки судда деярли бир хил турдаги жиноятлари учун узоқ йиллардан бери «ўтирган» аёлларнинг иши кўрилди. Боз судлов ҳайъати ўша (раислик этувчи Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров), прокурор ўша (Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Каримберди Ғанибоев),  кафилликка олаётган ташкилот (Хотин-қизлар қўмитаси), ҳатто ҳозир бўлган оммавий ахборот воситалари ходимларининг аксари ҳам ўша-ўша... Фақат бир ўзгариш бўлди – ўтган сафар Хотин-қизлар қўмитасини раис ўринбосари тамсил этган бўлса, кечаги суд мажлисларида мазкур қўмита раиси – Бош вазир ўринбосари Элмира Боситхонова (ўринбосари Гулнора Маърупова билан бирга) шахсан иштирок этди.

Қисқаси, кеча Зангиотадаги «аёллар колонияси»да оғир жиноятлари учун узоқ йиллардан буён жазо муддатини ўтаётган ўн тўрт нафар аёлнинг Олий судга ёзган назорат тартибидаги шикоятлари кўриб чиқилди. Бундай суд мажлислари кейинги қирқ кунда иккинчи марта ўтказилиши...

2

Муассасанинг ўз тартиб-қоидалари мавжуд ва уларга риоя этмоқ шарт. Масалан, фотоаппаратни шақиллатиб, хоҳлаган жойингизни суратга ололмайсиз, тасвирга олиш имкониятингиз ҳам чекланган. Ичкарига-ку, бир неча чиғириқдан ўтиб киришингиз тайин. Киссадаги дастрўмолдан бошқа ҳамма нарсангизни ташқарида қолдиришингиз шарт. Муассасанинг боришингиз керак бўлган биносигача битта соқчи ҳамроҳлик қилади. Бир-бирига туташган биноларнинг ҳар бирида темир панжарали эшик. Унда, табиийки, асосан хотин-қизлар соқчилик қилади. Уларнинг юзига қараб, қиёфасига сингиб кетган жиддиятдан енгил пардоз-андозни-да илғаш қийин...

3

Муассаса остонасидаёқ... йўқ, хийла узоқдан муассаса биносига кўз тушиши ҳамоно вужудингизни ёқимсиз ҳислар чулғайди. Ичкарига кирар-кирмас ўша ҳислар елкангизга юк бўлиб тушади. Йўл-йўлакай дераза ёки қия очиқ эшикларда мўралаётган маҳкумаларнинг мунгли ва умидвор нигоҳларига кўз қирингиз тушгани сари елкадаги юк залвори ортиб бораверади. Вақт қоқ пешин, қуёш чарақлаб турса-да, муассаса ҳовлисига ана-мана шом тушадигандек туюлади...

Димоғ битиб, томоққа нимадир тиқилади.

4

«Кутубхона» ёзуви илинган бинонинг биқинига тираб қурилган тикроқ темир зинапоядан иккинчи қаватга кўтарилдик. Тахминан юз-юз эллик одам сиғадиган мажлислар зали. Унинг учдан икки қисми тўлган. Ҳаммаси маҳкумалар. Бир хил либосда: бошида оқ рўмол, эгнида (гули илғаб бўлмас) чит куйлак. Куйлакнинг чап кўксига маҳкуманинг исми-шарифи зарб этилган. Ичкарига киришимиз ҳамоно улар оёққа қалқди. Сўнг (муассаса бошлиғининг «командаси» билан) худди мактаб ўқувчиларидай (қўл кўксида) жўровозда салом беришди. Маҳкумалар орасида энди йигирмадан ҳатлагани ҳам, олтмишдан ошгани ҳам бор. Фотоаппарат, камерани кўргач, аксари юзини беркитишга тушди: кимдир боши қуйи солса, бошқаси қўли билан пана қилади, яна бири рўмолини кўзигача туширади...

5

Суд мажлисининг ўзига хос тартиб-қоидалари бор. Қаерда бўлмасин, унга риоя этиш талаб этилади. Бироқ бу ердаги ҳолат дарҳол расмий тарзда процессни бошлашга изн бермасди. Шу боис аввал-бошда Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров ташрифдан мақсад-муддао ҳақида мухтасар гапирди. Сўнг Хотин-қизлар қўмитаси раиси сўз олди. Кейин устоз журналист Сафар Остонов...

Нотиқларнинг гапларидан битта хулоса келиб чиқади: давлат ҳам, жамият ҳам фуқароларнинг, алалхусус, аёлларнинг қамоқда ўтиришидан манфаатдор эмас. Аёлнинг ўрни оилада, оилада!

Оддийгина шу ҳақиқат англанса, ҳис этилса, панжара ортидаги хотин-қизларнинг сони камаяверади. Бунинг учун керагича чора-тадбирлар кўрилмоқда, қолгани энди ҳар кимнинг ўзига тан. Шунақа ақлли гаплар кимга қандай таъсир қилганини дарҳол сезиш ёки билиш амримаҳол, албатта. Бироқ жонли мулоқот жараёнида бир нарса аниқ сезилди: Олий суд раҳбарияти, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари мазкур муассасага тез-тез ташриф буюришидан маҳкумаларга кўзтаниш бўлиб кетибди...

Фото: «Xabar.uz»

6

Суд ҳайъати маҳкумаларнинг ишини кўриб чиқа бошлади. Бу ёғига жараён бир хил кечади. Раислик этувчи маҳкума содир этган жиноят, тайинланган жазо, берилган муддатнинг қанчасини ўтаб бўлганини айтиб, шикоятдаги важлар билан таништиради. Прокурор, адвокатнинг фикри, муассаса бошлиғи хулосаси эшитилади. Хотин-қизлар қўмитаси кафиллик истагини билдиради. Иши кўрилаётган маҳкумаларнинг ҳолати, ҳатто гап-сўзлари ҳам бир хил: кўзидан ёш қуйилган, хиқ-хиқ йиғи фарёдга айланай-айланай дейди, аввалию охирги сўзлари шундай: «Қилмишимдан қаттиқ пушаймонман...», «Ҳаммадан кечирим сўрайман...», «Муассасада биз билан фаол тушунтириш ишлари олиб борилди...», «Илтимос, кечиринглар, кечиринглар...».

7

Муассаса ижобий тавсиф бериб, Хотин-қизлар қўмитаси кафил бўлаётган эса-да, суд ҳайъати тугал ишонч ҳосил қилгиси келадики, озодликка чиққач, яна жиноятга қўл урмасмикан булар?

Иши кўрилаётган 14 нафар маҳкуманинг ҳаммаси бир неча маротаба судланган-да илгари. Қонунда белгиланган енгилликлардан баҳраманд бўла-бўла етиб келган жойи шу бўлди барибир. Ўн икки нафари эса Жиноят кодексининг 273-моддаси (наркотик савдоси) билан камида икки марта жавобгарликка тортилган. Учинчи мартасида аяб ўтирилмаганининг сабабиям шунда: ҳаммаси ўн йилдан юқорисини «олган».

Жазонинг ўндан саккиз қисмини ўтаб бўлган бу маҳкумалар ростанам тавбасига таяндимикан? Сирасини айтганда, белгиланган муддатнинг охиригача «ўтириши»га қонунда ҳеч қандай монелик йўқ. Аксинча, муддатидан аввалроқ озодликка чиқариш учун риёзат чекилаётир, аслида. Тезроқ оиласи бағрига қайтса, қолган умрини бой берилган имкониятлар ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилиб, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айланса... Пировард мақсад шу. Бундай хайрли ишлар учун Хотин-қизлар қўмитаси ва Олий суд фаоллик, фидойиликдан ташқари маълум маънода таваккал ҳам қилмоқда. Йўқса, ҳар икки ташкилот раҳбариятининг бир оёғи жазо муассасаларида бўлармиди?!

8

Маҳкумаларнинг тавба-тазаррусига ишонгинг келади барибир. Жиноят йўлига кира-кира, борини бой берган бу аёллар яна шу кўчага ҳатто мўраламаслигининг эҳтимоли жуда юқоридай.

Мана, Ғ.Лола. Эллик етти ёшда. Ўн бир йилу олти ойга «кесилган»ига тугал ўн йил тўлди. Уч нафар фарзанднинг онаси: бир ўғил, икки қиз... Гиёҳвандликка чалинган эри «хуморбосди» учун уйидаги борини сотди. Қўлга илингудек нарсаси қолмагач, хотинини шу бало савдосига қизиқтирди: «қара, зиғирдеккинаси қанча туради?!». Эрнинг чизиғидан чиқолмаган содда хотин лаққа тушади. Бироқ биринчи «операция»даёқ қўлга тушади. Амнистия акти сабаб нақ жазодан қутулиб қолган Ғ.Лола «аёлларни барибир қамамас экан» деган хомхаёлда яна шу жиноятга қўл уради. Бу сафар ҳам узоққа бормайди. Шартли жазо олади. Ҳали шартли жазо муддати якунланмай тағин шу «бизнес» аралашгани учун қўлга олинади ва ўн бир йилни олиб ке-етади. Бу ҳали ҳаммаси эмас: аёл қамоқдалигида эр вафот этибди. Тўнғич фарзанд бўлмиш ўғил икки синглисини боқиш учун тайёр институтни ташлаб, Қозоғистонга ишлагани кетади ва... у ердан жонсиз жасади қайтади!

Паноҳсиз қолган икки қизнинг аҳволини тасаввур қилаверинг! Шундан кейинам «бурунга сув кирмаса», инсоннинг тирик ҳайкалдан нима фарқи қолади?!

Фото: «Xabar.uz»

9

Яна бир маҳкума К.Любовь. Олтмиш бир ёшда. Ўн йилга «кесилиб», беш йилдан буён «ўтирибди». Уч ўғлининг иккитаси гиёҳвандликдан вафот этган бўлса, кенжаси қотиллик қурбонига айланган. Нобакор ўғиллар «дори» учун пул қидириб, яшаб турган уйини гаровга қўйиб юборган экан. Ҳақдорлар аёл ва эрини кўчада қолдираёзибди. Болалари дастидан боши берк кўчага кириб қолган аёлга ўғлининг улфатларидан бири ёрдам қўлини чўзади гўё: «Дори» сотсанг – фойдаси зўр, муаммоларингни тезда ҳал қилволасан!».

Сезиб турганингиздек, аёлнинг муаммолари ҳал бўлмади, балки ўзи чексиз азобларга гирифтор бўлди. Ногирон эри, вояга етмаган набираларини қолдириб, «ичкари»га кириб кетди...

10

Самарқандлик Н.Наргиза етти йилдан бери «ўтирибди». Жазо муддати тугашига икки йилча бор. 42 ёшли аёлнинг икки нафар фарзанди бор: айни пайтда каттаси ўн тўққиз, кичиги ўн тўртга тўлган. Уям «аёлларни қамаймайди» деган хомхаёл билан шу жиноятга қўл ураверган-ураверган.

Учинчи марта судланиб, жазо тайинланаётганда унинг оҳу ноласига биров эътибор бергани йўқ ҳатто... Бахти қаро аёл ҳозир бир бурдагина бўлиб қолган. Сурункали бронхитдан азият чекади.

Суд ҳайъати сел-сел йиғлаётган Н.Наргизани муддатидан аввал озод қилиш ҳақида ажримни ўқигач, сизни кутиб олгани ким келди, деб сўради. Ўрта бўй, қорачадан келган, тўлагина бир эркак бир қадам олдинга чиқди: «Мен!». «Аёлнинг кими бўласиз?». «Турмуш ўртоғиман!».

Раислик этувчи чидаб туролмади: «Аслида сени қамаш керак экан, номард?!».

11

Х.Зулфия кеча озод этилган маҳкумалар орасида энг ёши. Фарғоналик. Ҳали йигирма олтига ҳам тўлмаган. Қўлигул тикувчи ёки пазанда бўлгудек сиёқи бор жувонгина «қўлигул ўғри»га айланганига нима дейсиз!

Уни ёшгина турмушга берган ота-она укаларини олиб Россияга кетади. Бу ёқда куёв нобоп чиққанидан бехабар. Жувоннинг айтишича, куёвтўра киракашлик қилиб, топганини кўчага ташлаб келар экан. Уйида қозонга ташлашга бир парча гўшт тугул, ҳомиладор хотинининг қорни тўйдиргулик нон йўқ...

Қўни-қўшнидан ҳали у-ҳали бу нарса сўрайвериб, юзи қолмаган келинчак ўғриликка қўл уради. Биринчи марта қўлга тушганда ҳомиладорлиги, иккичисида уч ойга тўламаган чақалоғи панжара ортидан сақлаб қолган бўлса, учинчисида ҳеч нарса ёрдам бермади. Унгача ўзи ҳам, қўли ҳам ўғриликка анча келишиб улгурган экан-да. Иккинчи фарзандини қамоқхонада туғибди. Тўрт йилдан бери шу муассасада. Жазо муддати тугашига бир йил қолган. Фарзандлари эрида. «Йигитнинг гули» «зек» хотиндан ҳазар қилиб, аллақачон уйланиб олган. Иккинчи хотинини боқяптими ёки соғяптими – ким билсин! Агар ўша кимса шу ерда бўлганида раислик этувчи бояги гапни қайтариши аниқ эди: «Аслида сени...»

12

Ўн тўрт аёл фожиасини бирма-бир ёзмоқнинг ҳожати йўқ. Оғриқлиси шундаки, ҳар бир аёл фожиасининг касофати бир эмас, бир неча тақдирга уриб кетган. Ўн тўрт аёлнинг жиноятлари сабабларига юзакироқ қаралса, турмушдаги маиший муаммоларгина кўзга ташланади. Энди ўша маиший муаммолар тубига босиброқ қаранг: уларнинг пайдо бўлишига у ёки бу кўринишдаги ижтимоий адолатсизлик сабаб бўлмаяптими? Ёдда тутмоқ керак, кўпгина жиноят адолатсизликка исённинг бир кўриниши бўлади. Демак, аёлларнинг панжара ортига тушишига ўзларидан бошқаларнинг айби йўқ, демоққа шошмаслик керак.

Кеча озодликка чиққан аёлларга инсоф соғинар экан, уни ўзимизга ҳам тилаб қўйиш зарар қилмайди.

13

Бугун қанча маҳкума бор? Зангиотадаги аёллар жазони ижро этиш муассасасида улар сони етти юз нафар атрофида экан. Бир неча йил аввал икки минг нафарга яқин бўлгани айтилади. Ўн беш йиллар бурун улар сони уч мингдан ошган. Кейинги йилларда рақамлар йилдан йилга эмас, ойдан ойга камаяётир. Жорий йилнинг саккиз ойини олайлик: узоқ йиллардан буён жазо ўтаётган 20 нафар аёл оиласи бағрига қайтарилди, 150 нафари суд залидан, 307 нафарга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган турига алмаштирилди, 1680 нафар маҳкума муддатидан аввал очиққа чиқарилди.

Кичкина рақамлар эмас. Бу Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитасида ўртасидаги (2018 йил, 20 июль) Меморандум хўжакўрсинга имзоланмаганини кўрсатади. Буни эътироф этмаслик инсофдан бўлмас.

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети