Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

«Бемаъни карантин! Тошкентдаги аҳволни кўринг!»

«Бемаъни карантин! Тошкентдаги аҳволни кўринг!»

Фото: «Xabar.uz»

«Агар биз карантин қоидаларини юртимизнинг барча ҳудудларида 20 кунга жорий қилиб, унга тўлиқ амал қилиб ўтказадиган бўлсак, биз касаллик тарқалиши занжирини 90-95 фоизга узиб қўямиз...». Бу Республика ихтисослаштирилган Эндокрионология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Алимовнинг 10 июлдан жорий этилган карантин чоралари олдидан айтган гаплари.

Ўша брифингда Коронавирусга қарши кураш штаб аъзоси Ҳабибулла Оқилов 20 кунлик карантиннинг жорий этилиши — нафақат касаллик занжирининг узилишига, балки шифокорларнинг ҳам озгина дам олишига шароит яратишини, чунки шифокорларимиз ҳам жисмоний, ҳам руҳий томондан чарчашганини... қолаверса, симптомсиз юрган касаллар сони 2-3 баравар кўп бўлиши мумкинлигини қайд этганди.

Занжир узилмади

Мана, ўша 20 кунлик карантиннинг 13 куни ўтди. Касаллик камайдими? Йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кунига уч маҳал бериб борадиган ҳисоботида «аҳоли орасида» деган термин ўз-ўзидан «йўқолиб» қолганини инобатга олмаса, янги касалланиш ҳолатлари ортса-ортдики, камайгани йўқ. Биргина Тошкент шаҳрида баъзи кунларда 200 нафаргача одамлар орасида ковид юқтирганлар аниқланмоқда. Коронавирус ўчоғи карантин марказлари эмас, аҳоли яшаш масканлари бўлиб қолди (кечаги статистикага эътибор беринг: Карантин муассасаларида 93 кишида, фуқаролар орасида 405 кишида аниқланган). Шундан ҳали тест топширмаган ёки топшира олмаётган ва уйида дардига даво излаб ётганлар қанча.

Вазият жиддийлиги президент ўтказган сўнгги йиғилишларда аён бўлиб қолди. Тез ёрдам етишмаслигидан нафақат ковидга чалинганлар, бошқа беморлар ҳам ҳаётдан эрта кўз юмаётгани очиқланди. Айрим раҳбарларга «ҳайфсан», қолганларига жиддий огоҳлантириш берилганидан кейин бироз қимирлаб қолишди. «Тез ёрдам» 15 дақиқада келадиган бўлади дейилди (қани эди), Тошкентда минглаб янги койкалар, «Ўзэкспомарказ»да Тақсимлаш маркази ташкил этилди, уй шароитида даволанаётган беморларга бепул дори етказиш (шу масалада ҳалигача эътирозлар кўп) ва ниҳоят, «соққани» бошқалар қилиб, меҳнатига яраша ҳақ ололмаётган шифокорларга вақтида пул берилиши ваъда қилинди.

Бундан буёғига фақатгина карантин чораларидан умид қилиб бўлмаслигини масъуллар охир-оқибат тушуниб етишяпти, чоғи.

Бемаъни карантин!

Таҳририятга жиддий оҳангдаги мурожаат бўлди: «Бу — ноҳақлик! Мамлакатга коронавирус кириб келганида эълон қилинган биринчи карантин чекловларидан бошлаб биз тартибга тўлиқ амал қилиб келмоқдамиз. Дастлаб салкам 4 ой ишсиз, даромадсиз, ҳеч кимнинг ёрдамисиз тартибга амал қилиб уйда ўтирдик. Карантинга бўйсунмаганлар ўша вақтдаям билганини қилиб юрди. Сўнг буюм бозорларга ҳам рухсат берилди. Икки ҳафтача дўконимизда ижтимоий масофани сақлаган ҳолда харидорларнинг ҳар бирини маскасини текшириб, қўлларига антисептик сепиб, сўнг дўконга киргиздик. Кейин яна карантин чекловлари қилинди ва биз ҳозир ҳам уйда ўтирибмиз.

Лекин... Қани ўша карантин?! Тошкент кўчалари тирбанд, ҳатто рухсат берилган вақтдан бошқа пайтда ҳам машиналар билан тўла. Буюм дўконлари ишлаб ётибди, ошхоналарга одамлар кириб-чиқиб юрибди. Тартибга бўйсунганларгина уйида, қийин аҳволда бўлса ҳам, чидаб ўтиришибди. Қолганлар... Бемаъни карантин! Бунга қўшилмасангиз, ана, «Алгоритм»даги «ёйма бозор» аҳволини бориб кўринг!

Фото: «Xabar.uz»

«Бектўпи» бозори ёнидаги катта «стоянка» тартибсиз бозорга айланган. «Стоянка» хўжайинлари бозорчилардан 5000 сўмдан «патта пули» йиғиб олиб, бозорга рухсат бериб қўйган. Ҳуқуқ посбонлари қаерга қараяпти дейсизми? Сотувчилар 50 минг сўмдан йиғиб беришаркан ва муаммо ҳал дейишмоқда. Бу карантин кимга — аза, кимгадир эса — маз-за! 

Фото: «Xabar.uz»

Энди менга тушунтиринг! Бозорларни расман ёпишди нимаю, ҳар куни эрта тонгдан катта ҳудудда ҳеч қандай санитария қоидаларисиз «ёйма бозор»га рухсат бериб қўйишди нима?!

Фото: «Xabar.uz»

Минглаб одам ўша «ёйма бозор»да тўпланиб, тиқилинчда кириб-чиқиб юришипти. Битта касал ораласа — тамом. Кейин уни қанчаси уйига, маҳалласига ташийди. Ёки коронавирус тонгда ухлайдию, одамлар бемалол бозорини қилиб оладими? Ундан кўра нисбатан тартибли бозорнинг ишлаб тургани хавфсизроқ бўлиши мантиқан тўғри эмасми? Ҳар ҳолда у ерда қандайдир назорат бор эди, бу ерда эса — умуман йўқ!

Фото: «Xabar.uz»

Яна менга тушунтиринг: «ёйма бозор» сотувчилари қандай қилиб тонг саҳар соат 3-4да молини юклаб  бозорга бораяпти? Бу вақтда кўчада юришга чеклов киритилмаганмиди? «Бозор» атрофидаги машиналарга қаранг, вилоятлардан ҳам «харидорлар» бор. Улар ўзи билан буюмларга қўшиб вирусниям олиб кетишадими? Шунга «шароит» туғдириб қўйганлар касалликни тарқатиб кўпайтираверсаю, карантин муддати чўзилаверса, жабр яна биз каби уйида ўтирганларгами? Ҳурматли раҳбарлар, баландпарвоз баёнотларингизни тўхтатинг-у, ҳақиқий аҳволни кўрай десангиз, эртага тонгда «Алгоритм»га боринг, кўчаларни кузатинг!»

Ечим?

Фотолардан ҳам кўриниб турибдики, аҳвол ҳақиқатда ачинарли. Яна бу «ёйма бозор» шундоққина блок-пост биқинида жойлашган. Балки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари «бозорчи»ларни қайтара олишмаётгандир, балки уларни дарду-фиғонига қулоқ тутиб, 3-4 соат савдо қилишларига қўйиб беришаётгандур. Лекин бу ҳар қанақасига амалдаги қоидаларга зид! Бу — юқорида мурожаатчи айтганидек, карантин чекловларига амал қилиб ўтирганларга нисбатан адолатсизлик.

Нима қилиш керак?

  1. Карантин чекловларининг қолган бир ҳафтасини (1 августгача) қатъий тарзда ўтказиш. Худди дам олиш кунларида бўлганидек (балки ундан ҳам қаттиқроқ). Ёппасига чеклов ва изоляция.

Бу вақт ичида касалланганларнинг катта қисмида аломатлар юзага чиқади. Маълумотлар марказлари, тез ёрдам ва бошқа хизматлар максимал даражада ишлайди. Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди. Шу бир ҳафта ичида касаллик бўйича мурожаат қилганлар 100 фоиз ўрганилади, изоляция қилинади, уйда ёки шифохонада даволаниши учун тўлиқ шароит яратилади. Уларнинг яқинлари қатъий уй карантинига олинади. Моддий кўмакка муҳтож оилаларга максимал даражада ёрдам берилади.

Касаллик гумони борлардан, уларнинг яқинларидан оммавий тест олинади. Ҳеч бўлмаганда, экспресс-тест. Шу тарзда касалликнинг деярли барча ўчоқлари аниқланади ва назоратга олинади. Балки ўшанда вирус занжирини маълум миқдорда узишнинг имкони топилар.

Айни ҳолатда эса занжир узилишидан умид қилмаса ҳам бўлади. 20 кунлик карантин даври шунчаки ҳавога совурилгани қолади, холос.

  1. 1 августдан кейин маълум тартиб-қоидалар асосида фаолият турларига рухсат бериш.

Карантин даврида бир сўм ҳам кўмак олмаган миллионлаб инсонларнинг аҳволи (аҳолининг  10 фоизига ёрдам кўрсатилган экан) танг бўлиб бормоқда. Уларга иш ва қозон қайнатишга пул керак. Шундоқ ҳам коронавирус балоси халқнинг асосий қатламини фақатгина қорин ғамини ўйлашга мажбур қилиб қўйди. Нормал ҳордиқ чиқариш, фарзандларнинг ўқиши, маданий ҳаёт ва ҳоказолар иккинчи планга ўтиб қолди. Режалар ўзгариб кетди, стресс ҳолати ошди. Қаттиқ чекловлар энди узоқ муддатга ё оғирлик қилади, ёки бефойда бўлади.

Махсус комиссия ва ҳукумат шу ҳолатни ҳисобга олиб (буни асло маҳаллий ҳокимларга ишониб топширмаслик керак), бундан кейинги режаларни аниқ ишлаб чиқиши керак. Чекловларнинг олиниши — истаймизми-истамаймизми, касаллик кўпайишига замин яратади. Шуни инобатга олиб, дори-дармон, тиббий техника воситаларини етарлича тайёрлаб қўйиш лозим. Яна... ўзгалар дарди эвазига «соққа» қилишдан тап тортмаётганларни қаттиқ жазолаш вақти келди. Нима учун карантин қоидасини бузган оддий одамлар одатдагидан бир неча баробар оғир жазога тортиладию, талон-торожга йўл қўйганлар, уларнинг раҳнамолари осонгина қутилиб кетишади?

  1. Касалликлар ҳақида очиқ маълумот ва статистикани яширмаслик.

Деярли ҳар куни қайсидир таниган-билганимиз, уларнинг яқинлари орасида қайғули хабар эшитиб қоламиз: «коронавирус аломатлари билан вафот этди». Лекин ССВнинг ўлимлар сони бўйича кунлик статистикаси бир ҳафтадан буён деярли ўзгармади. Ҳар куни 4 нафар ўлим (кечирасизу, ўлимлар сони ҳам кунига тенг тақсимлаб берилгандек) ҳолати. Шунақаси бўлиши мумкинми? Қўйингки, бу статистиканинг бошқа чалкашликлари ҳам бор экан.

ОАВ бир неча ҳафтадан бери жар солади: юртимизда коронавирусдан бошқа касаллик ҳам тарқалганми, деб. Тайинли жавоб йўқ. Ковидга учрадим деб тест топширганлардан натижа манфий чиқади, аммо кўп ўтмай, уларда пневмония ҳолати кузатилади. Тестлар алдаяптими ёки бошқа касаллик шиддат билан тарқаляптими? Нега у ҳолда аломатлар бир хил? Шу саволларга ҳамон аниқ жавоб йўқ.

Экспертлар бир неча бор таъкидлашди: биздаги эпидемиологик ҳолат Қозоғистон ва Қирғизистондан икки ҳафтача ортда боряпти, бу бизга уларнинг хатосидан хулоса чиқаришга имкон, деб. Мана, икки мамлакат ҳам коронавирус ва пневмония статистикаларини бирлаштирди. Бизда эса ҳамон мавҳумлик.

Рўйи-рост гапирмай туриб, халқдан тартиб талаб қилиш, уларни шу чекловлар самараcига ишонтириш (қовун кетидан қовун тушиб турганда) зиғирча мантиққа мос келмайди. Аввал тўғри бўлинг, кейин бошқалардан тўғрилик кутинг.

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети