Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Марказий Осиёда ягона, лекин чет давлатлар тан олмайдиган Миллий университет

Марказий Осиёда ягона, лекин чет давлатлар тан олмайдиган Миллий университет

Тақдир тақозоси билан чет элда магистратура босқичини ўқиш насиб қилди. Бу бир томондан Ўзбекистондаги бир қатор камчиликларни ўз кўзим билан кўришга ҳам имкон яратди.

Аввалроқ Ўзбекистон банклари орқали чет элдаги ўқишга пул ўтказиш масаласи жуда қийинлигини блогимда ёзгандим. Бу галгиси ундан-да жиддийроқ муаммодир. Қуйида қисқача шу ҳақда гаплашамиз.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети мамлакатимиздаги отахон олийгоҳлардан саналади. Унинг ёши бир асрдан ҳам ўтиб кетган. Айрим иддаоларга кўра, бу университет Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.

Лекин шундай нуфузли университетни битириб, магистратурани чет элда осонгина ўқийман десангиз, адашасиз. Чунки ОТМ раҳбарияти хорижий давлатларнинг ОТМлари рўйхатига Миллий университетни киритмаган.

Мен ана шундай муаммога дуч келдим. Мен кетаётган давлатнинг иммиграция хизмати виза бериш учун Миллий университет Ўзбекистонда тан олинган бўлиши керак экан. Ахир у Марказий Осиёда ягона, энг машҳур ва кўҳна университет-ку, деб қанча уринмай, бари бефойда кетди.

Маълум бўлишича, хорижий давлатларнинг виза беришга мўлжалланган хизматларида ёки уларнинг олий таълим тизимида бошқа чет давлатлардаги барча ОТМларнинг рўйхати бор. Яъни Ўзбекистондаги кўплаб олийгоҳлар ҳам ушбу рўйхатга киритилган. Бунга ўша университет раҳбарияти ва масъуллари жавоб беради. Афсуски, Миллий университет мутасаддилари мазкур ҳолатга етарлича эътибор бермаган кўринади.

Масалани жойида ҳал қилиш ва шахсан ўрганиш учун университетга бордим. Ректор қабулхонасидан ўқув ишлари бўйича проректор хонасига юборишди. У ердагилар эса ўқув услубий кафедра мудирига. Кафедрада Воҳид ака билан шу ҳақда гаплашдим. У ҳам нега бундайлигига ҳайрон қолди (балки шу пайтгача бирор кимсанинг айнан шу йўналишга иши тушмагандир). Кейин у эҳтимол Миллий университетнинг эски номи (Тошкент давлат университети) қолиб кетгандир, дея хулоса берди.

Хуллас, Миллий университет Ўзбекистонда олий таълим даргоҳи эканини исботловчи бирор ҳужжат ололмадим. Улар ўша чет давлатдан расмий мурожаат юборишса, кейин бир парча қоғозни беришлари мумкинлигини маълум қилишди.

Лекин ёлғон бўлмаслиги учун айтишим мумкин, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўша давлатнинг тан олинган рўйхатида борлиги аниқ далил эканини айта оламан.

Бу ерда ким айбдор, аниқ билмайман, аммо шуниси маълумки, Миллий университет хорижий давлатларнинг тан олинган рўйхатига киритилмаган. ОТМ раҳбарияти шу пайтгача бундай яхши амални бажармаган.

Фақат битта таскин бор, агар мен эплаб шу бир парча қоғозни ололсам ва ЎзМУ олий таълим даргоҳи эканини чет элликларга исботласам, ОТМни битириб, хорижга магистратурага топширган мендан кейинги талабалар кўп ва хўб дуо қилишади.

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети