Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ёзда танани сувсизланишдан қутқарадиган 10 та мева ва резавор

Ёзда танани сувсизланишдан қутқарадиган 10 та мева ва резавор

Ёзнинг иссиқ кунларида тана кўп миқдорда суюқликни йўқотади. Шунинг учун танадаги сув мувозанатини сақлаш муҳим. Бунда нафақат ичимлик суви, балки шарбатлар ёки чой ёрдамга келади. Баъзида эса бу учун сувли мевалар ёки резаворлар тановул қилиш ҳам мумкин.

Гарвард университети маълумотларига кўра, сув тана ҳароратини тартибга солишга ёрдам беради, инфекцияларнинг олдини олади, ҳужайраларга озуқа моддаларини этказиб беради ва уйқуни яхшилайди.

Сув истеъмолида ҳар бир инсонга мос келадиган универсал норма йўқ: кимдир иссиқда қуёш тиғи тагида ишлайди, кимдир спорт билан кўп шуғулланади. Шу сабаб мутахассислар ҳар сафар чанқаганда сув ичишни тавсия қилади.

Шифокорлар ва диетологларнинг фикрича, баъзи мевалар худди сув каби тетиклантирувчи ва сувсизланишнинг олдини олади.

Қуйида организмни витаминлар билан тўйинтириш ва тетикланиш учун иссиқда қандай мева ва резаворларни ейиш мумкинлиги ҳақида тўхталамиз.

  1. Тарвуз

Тарвуз 92 фоиз сувдан иборат. Шунинг учун у ҳақиқий чанқоқни қондирувчи восита ҳисобланади. Таркибида эса C ва А витаминлари ҳамда калий сақлайди.

Калий танадаги сув мувозанатини сақлашга ёрдам беради ва мушаклардаги спазмни камайтиради.

  1. Қулупнай

Қулупнай ҳам 92 фоиз сувдан иборат. Бундан ташқари, резаворлар клетчатка, витамин C, калий, калций, фосфор каби фойдали моддаларга ҳам бой. Клетчатка эса қондаги шакарни назоратда ушлаб туради ва юрак хасталикларида ёрдам беради. Диабет хавфини камайтиради.

Кунига 1 стакан қулупнай истеъмоли қон босими ва холестерин даражасини пасайтиришга ёрдам бериши айтилади.

  1. Грейпфрут

Грейпфрутнинг таркиби 91 фоиз сувдан иборат. Шунингдек, у калий ва С витаминига бой. Калорияси жуда паст мева ҳисобланади (кичик грейфуртда 64 калория). Ушбу цитрус қон босимини назорат қилишга ҳам ёрдам беради ва 2-даражали диабет хавфини камайтиради.

Парҳезшунослар спортдан кейин грейфурт ейишни тавсия қилади.

  1. Қовун

Қовун иссиқ кун учун энг зўр «таом». Унинг таркибида 90 фоиз сув ва бошқа кўплаб фойдали моддалар мавжуд. Масалан, А ва C витаминлари, клетчатка ва бета-каротин кабилар.

  1. Шафтоли

Шафтоли ва олхўри каби мевалар деярли 90 фоиз сувдан иборат. Шафтолида А ва C витаминлари, шунингдек, клетчаткага ҳам бой.

  1. Малина

Малина 87 фоиз сувдан иборат. Бир пиёла резавор 8 грамм клетчаткани ўз ичига олади, бу кунлик қийматнинг деярли 30 фоизини ташкил қилади. Малина шунингдек, С витамини ва антиоксидантларга бой ҳисобланади.

  1. Ананас

Ананас нафақат 87 фоиз сув, балки жуда кўп озиқ моддаларини ҳам ўз ичига олади. Масалан, унда витамин C, калций, магний, фосфор ва мис мавжуд.

Шунингдек, унинг таркибида оқсил ва ҳазм қилишга ёрдам берувчи бромелин деб аталадиган фермент ҳам мавжуд.

  1. Клюква

Ананас каби клюква ҳам 87 фоиз сувдан иборат. Бир чашка резаворлар таркибида 14 миллиграмм C витамини ва 3,6 грамм клетчатка мавжуд.

  1. Апелсин

Апелсинлар ҳам таркибида жуда кўп сув сақлайди – 80 фоиз. Апелсин нафақат танани сув билан таъминлайди, балки улар организмни витамин C, калий ва антиоксидантлар каби озиқ моддалар билан ҳам тўйинтиради.

Ўртача апелсинда 70 миллиграмм С витамини мавжуд, бу тавсия этилган кунлик қийматнинг 78 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, у 237 миллиграмм калийга эга, бу кунлик қийматнинг 5 фоизи деганидир.

  1. Ўрик

Ўрик ҳам танани суюқлик билан таъминлаш (таркиби 86 фоиз сувдан иборат) билан бирга яхши очликни қондирувчи мева ҳамдир. Ўрикда бета-каротин ҳам кўп, шунингдек, А ва С витаминлари мавжуд. Битта ўрикда 3,5 миллиграмм С витамини мавжуд, бу тавсия этилган кунлик истеъмолнинг 4 фоизини ташкил қилади.

Ёзда янги ўрикларни истеъмол қилиш лозим. Уларнинг янги пишиб етилгани витаминларга бой бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг