Сурхондарёда совуқ ҳавода юпун кийимдаги ўқувчилар тадбирга жалб қилинди
Ижтимоий тармоқларда тақалган «ўқувчиларнинг совуқ ҳавода юпун кийимда тадбирга жалб қилингани» акс этган видео юзасидан Болалар омбудсмани ўрганиш ишларини олиб борди.
Аниқланишича, 2024 йилнинг 6 декабрь куни Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳудудидан ўтган автомобиль йўли билан боғловчи, темир йўл устидан ўтган кўприк фойдаланишга топширилган. Мазкур кўприкнинг очилиш маросимига совуқ об-ҳавода Денов туманидаги 14 ва 16-сонли мусиқа мактабларининг ўқувчилари (16 нафар қиз ҳамда 4 нафар ўғил бола) туман Маданият бошқармаси топшириғи билан енгил байрамона кийимларда жалб қилинган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Маданият вазирлигига болаларнинг соғлигини хавф остига қўйган масъулларга тегишли чора кўриш ва бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тақдимнома киритган.
«Тақдимнома Маданият вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилиб, болаларнинг соғлигини хавф остига қўйилганлиги юзасидан ҳудуднинг тегишли мансабдор шахсларига нисбатан интизомий жазо қўлланилди.
Шунингдек, вазирлик тасарруфидаги ташкилотларга юқорида қайд этилган қонун бузилиш ҳолатларига такроран йўл қўймаслик, ўқувчиларни ҳар қандай тадбирларга асоссиз жалб қилишни қатъиян тақиқлаш чораларини кўришга оид кўрсатмалар Маданият вазирлиги томонидан берилди», – дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter