Қозоғистон медиаси билан ҳамкорлик юзасидан келишиб олинди – Шерзод Асадов

Бугун, 25 февраль куни Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Қозоғистоннинг «Tengrinews», «Massaget», «Vesti», «Жулдыз FM», «Tengri FM» ва бошқа кўплаб етакчи оммавий ахборот воситаларини бирлаштирган «Alash Media Group» холдингининг асосчиси ва бош директори Зауре Казибаева билан учрашди.
«Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини мамнуният билан қайд этдик», – деб ёзади Асадов.
Самимий руҳда ўтган учрашувда медиа соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга оид масалаларнинг кенг доираси батафсил муҳокама қилинган. Икки давлатнинг қардош халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилиши ҳақида якдил фикр билдирилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қозоғистон оммавий ахборот воситаларига қўшма лойиҳаларни амалга оширишда, жумладан, контент алмашиш, пресс-турлар уюштириш, икки давлатнинг бой тарихий ва маданий меросини халқаро миқёсда илгари суришда уларга ҳар томонлама кўмаклашишга келишиб олинган.
Маълумот учун, кеча, 24 февраль куни ҳам Шерзод Асадов «BBC World Nеws»нинг Евроосиё мамлакатлари бўйича вакили Сергей Становкин билан учрашув ўтказгани ҳақида маълум қилган эди.
Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, профессионал журналист кадрларни тайёрлаш ва матбуот хизматлари ходимларининг малакасини ошириш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter