Оғир туманларда камбағалликни қисқартириш бўйича алоҳида ёндашув жорий қилинади – Президент
Оғир туманларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича алоҳида ёндашув жорий қилинади.
Бу ҳақда бугунги йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Масалан, «Саноат қурилиш банки» Қувадаги йирик экспортёр билан Қўнғирот туманида брокколи экиш ва ёғочни қайта ишлаш лойиҳаларини амалга оширган ва бунга паст фоизли кредит ҳам берган.
Бу тажриба маъқулланиб, шароити оғир 71 та туманга бошқа ҳудудлардан тадбиркорларни таклиф қилиш учун уларга қўшимча кредит, 2025 йилда 1 мингта оғир маҳалла инфратузилмасига 3 триллион 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Умуман, тадбиркорлар қўшимча 31 триллион сўмлик 3,5 мингта лойиҳа ва 200 мингта янги иш ўрни яратишга тайёр.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ушбу лойиҳалар инфратузилмасига 1 триллион сўм ажратиш топширилди.
Йиғилишда 85 минг гектар ерда кам даромадли экин экилгани учун самараси пастлигича қолаётгани қайд этилди.
Бундай ерлар йирик контурга бирлаштирилиб, тажрибали тадбиркорларга иккиламчи ижарага берилса, даромад 2-3 карра ошади.
Шу муносабат билан ер эгасига ижара ҳақи ва экилган маҳсулотни сотишдан улуш тўланади.
Ҳар бир контурга уруғ, кўчат, ўғит тарқатиб, етиштирилган маҳсулотни сотиб оладиган тадбиркорларни ер эгалари билан боғлайдиган тизим яратиш топширилди.
Банклар туманлар ихтисослашувидан келиб чиқиб, хориждан малакали агроном, зоотехник, технолог, муҳандис олиб келишга ва лойиҳалар самарасини оширишга ёрдамлашиши муҳимлиги таъкидланди.
Банклар иштирокида 13 та туманда саноатлашган плантация ташкил қилиш бошланди. Бу ерларда «етиштириш – қайта ишлаш – сотиш» занжири асосида юқори қўшилган қиймат яратилмоқда.
Масалан, Жомбойда 15 гектарда малина етиштирилади. Тадбиркор 170 та хонадонга кўчат тарқатиб, йилига 200 тонна маҳсулот олади.
Энди тадбиркор Миллий банк кўмагида 200 тоннали музлаткич ўрнатиб, йилига 25 тонна тайёр мураббо ишлаб чиқармоқчи. Натижада аҳоли ва тадбиркор даромади 2 карра ошади.
Ушбу тажриба асосида келгуси йилда яна 50 та туманда шундай лойиҳа ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter